Наманган: Туркистон Исломий Ҳаракати билан боғлиқ ҳукмлар

Ўзбекистон матбуотининг ёзишича, Наманганда 'Туркистон Исломий Ҳаракатининг тўрт нафар тарғиботчиси' 7 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Яқинда Ўзбекистонда ИШИД ни тарғиб этганлик билан боғлиқ ҳукмлар ҳам янграганди.

Бу ҳақда 12news.uz веб-сайти "Диёнат" газетасига таяниб хабар бермоқда.

Агар, ушбу хабар тафсилотларига таянилса, жиноий ишлар бўйича Наманган вилоят маҳкамаси ҳаками уларнинг Санкт-Петербургда меҳнат муҳожири эканликлари пайтида бу гуруҳ таъсирига тушганликларини айтган.

Туркистон Исломий Ҳаракатининг ўзи эса, веб саҳифа хабарида собиқ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сифатида тилга олинган.

"Маҳкумлар мазкур халқаро террорчи ташкилотнинг тарғибот дисклари орқали маҳаллий аҳолини Афғонистон, Покистон ва Туркияга боришга даъват этишган. Бундан ташқари, улар топган маблағларидан босқинчилар "байтулмоли" учун ҳам пул ажратишган", - деб айтган наманганлик ҳакам.

Аммо веб саҳифа хабарида қамоқ жазоларига ҳукм этилган шахсларнинг Наманганнинг айнан қаеридан эканликлари, касб-корлари ва ёшлари ҳақида маълумот берилмайди.

Бу - турли исломий жангари гуруҳларни тарғиботчиси эканлик айби билан Ўзбекистонда илк бор янграётган ҳукмлар эмас.

Яқинда Ўзбекистон матбуотида С. Нишонов исмли шахснинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг тарғиботчиси эканликда айбдор, деб топилиб, беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилганига оид хабарлар пайдо бўлганди.

Бундан бир неча ҳафта бурун шу йилнинг апрел ойида пойтахт Тошкентга яқин Паркент туманида "Исломий Давлат" варақаларини тарқатган 18 ёшли Фирдавс Салимовнинг маҳкама томонидан 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилгани ҳам маълум бўлганди.

Хабарларда Фирдавс Салимовнинг аввал "Ўзбекистонга душман хорижий оммавий ахборот воситаларининг таъсирига тушиб қолгани, сўнг "Исломий Давлат" аъзолари билан Интернетда танишгани" айтилганди.

"Террорчи гуруҳлар" ва хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Имконли бўлган маълумотларга таянилса, Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати ёки Туркистон Исломий Ҳаракатига 1997 йилда Хитой ғарбидаги бир гуруҳ жангари уйғурлар томонидан асос солинган.

Гуруҳ аъзоларининг сони ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо уларнинг асосий истаги - Шарқий Туркистоннинг Хитойдан мустақиллигига эришиш экани айтилади.

Қароргоҳи эса, Покистоннинг қўшни Афғонистонга чегарадош, сўнгги ўн йилликларда турли минтақавий ва халқаро жангари ташкилотларга хавфсиз бошпана вазифасини ўтаб келган қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасида жойлашган.

Аммо Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Покистон Толибон Ҳаракати, "ал-Қоида" тармоғи ва Суриядаги "ал-Нусра жабҳаси" каби гуруҳлар Туркистон Исломий Ҳаракатининг яқин иттифоқчилари сифатида кўрилади.

Сўнгги икки йил ичида "Исломий Давлат" гуруҳи Жанубий Осиёга ҳам ўз қадамини қўйиб, Афғонистонда ҳам фаоллашишга муваффақ бўларкан, уларнинг ўз ҳудудларига ҳам сизиб кириши эҳтимоли Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини ҳам жиддий хавотирга солмай қўймаган.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда Толибон тузумининг қулаши билан якун топган 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам ўзининг яқин иттифоқчилари билан бирга қўшни Покистонга қочишга мажбур бўлган ва ўшандан буён асосан қувғинда фаолият юритиб келаётганди.

Ўтган йил сентябр ойида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасидан туриб, жорий пайтда дунёдаги энг қудратлиси ва жангариси саналувчи Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳига расман байъат келтирган ва лидери Усмон Ғозийнинг апрел ойидаги сўнгги баёнотидан уларнинг тўлиғича Афғонистонга қайтганликлари англашилганди.

Сўнгги ойларда олинаётган хабарлардан эса, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистон шимолидан тортиб, жанубига қадар фаоллашишга муваффақ бўлишаётгани айтилади.

Халқаро таҳлилчилар эса, ҳаракатнинг минтақадаги узоқ йиллик яқин иттифоқчиларидан воз кечиб, “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтириш қарорига баҳо бераркан, уларнинг ҳозир ҳар томонлама дунёдаги энг қудратли жангари гуруҳ саналувчи “Исломий Давлат”нинг обрўси, мавқеи, инсоний ва молиявий ресурсларидан фойдаланиш, қайта фаоллашиш истагида эканини айтишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Аммо, таъкидлаш жоиз, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг ўтган 13 йиллик ҳарбий амалиётлари ва Шимолий Вазиристондаги жанглар ортидан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг бугунги сонига оид аниқ ва расмий рақамлар маълум эмас.

1998 йилда Наманганда асос солинган бу ҳаракат жангариларининг тахминий сони шу кунларда бир неча юздан бир неча мингтагача экани айтилади.

Худди шу манзарада Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари ўтган йилдан бошлаб “Исломий давлат”га қарши йирик тарғибот амалларини бошлашган.

Шахсан президент Каримовнинг ташаббуси деб аталаётган бу кампанияга диний уламолар, журналистлар ва қўшиқчилар ҳам қўшилишган.

Аммо айрим ижтимоий тармоқларда ҳукуматнинг “Исломий давлат”га қарши кампанияси аслида диндорларни жиловлаш учун баҳона экани баҳс қилингани ҳам бор гап.

Агар, Халқаро Инқироз Гуруҳининг сўнгги ҳисоботларига таянилса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилишмоқда.

Аммо бу халқаро ташкилот ҳам бу жангариларнинг энг катта сондагиси этник ўзбеклардир, дейди.

Янги ҳисобот муаллифларига кўра, "Исломий Давлат" Ироқ ва Сурияда олиб бораётган жангларига янада кўпроқ марказий осиёликларни ҳам жалб этишга муваффақ бўлмоқда.

Худди шу ўринда Халқаро Инқироз гуруҳининг таъкидлашича, Марказий Осиё ҳукуматлари "Исломий Давлат" жозибасининг кучини етарлича баҳолай олишмаган.

Гуруҳ эса, минтақадан эркагу аёл, ёшу кекса ва саводлию саводсиз, турфа тоифа кишиларнинг эътиборини ўзига тортмоқда, дейди халқаро ташкилот.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, чуқур илдиз отган коррупция, авторитар бошқарув услуби, фуқаролар эркинлигини чеклаш, диний-сиёсий таъқиблар, қашшоқлик ва ишсизлик минтақа фуқароларини радикаллашишга ундаётган асосий омиллар бўлмоқда ва худди шу сабабдан ҳам, бунга ўша ҳукуматларнинг ўзлари сабабчи бўлишаётир.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг огоҳлантиришича эса, агар, барча Марказий Осиё ҳукуматлари бир ёқадан бош чиқариб, бунга қарши ҳамкорликда чора-тадбир ишлаб чиқишмаса, жумладан, хавфсизлик чораларини кучайтириш билан бирга, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларга қўл уришмаса, диний радикализм бориб, бориб Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солади.

Таҳлилчиларга кўра, жорий пайтда “Исломий Давлат” Яқин Шарқда эришаётган муваффақиятлар, аллақачон қўл остида бўлган жуда катта ҳудуд, глобал исломий халифат қуриш ғояси ва эга бўлган улкан молиявий ресурслари қолган жиҳодчиларни ўзига жалб этувчи энг муҳим омиллар бўлиб қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ