Ўзбекистон: Сталин қонуни керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистон Сталинни қоралайди, лекин унинг қонунларидан воз кечмаган.

Сталин давридан қолиб кетган "чиқиш визаси" тартиби Ўзбекистонда ҳамон амалда бўлиб, халқаро меъёрлар бўйича, бу - инсон ҳуқуқлари, унинг эркин ҳаракатланишини чекловчи тартиб.

Ҳозир дунёда Шимолий Корея каби энг золим тузумларда мазкур чекловлар мавжуд. Ўзбекистон - ана шундай давлатларнинг биттаси.

Ўзбекистон ва Сталин қонунлари

Шўро тузумини ашаддий танқид қилиб, ушбу давр ютуқларини рад этиб келадиган Ўзбекистон ҳукумати, негадир, айнан Шўро Иттифоқининг илк йилларидан мерос қолган ва инсон эркинлигини чекловчи айрим қонун-қоидаларни сақлаб қолаётир.

Кузатувчиларга кўра, нафақат сақлаб қолмоқда, ҳатто айрим ҳолларда Совет Иттифоқи давридагидан кўра ҳам қийинлаштирмоқда.

Дейлик, Чор Россияси замонида крепостной деҳқонларга нисбатан қўлланган, Сталин бошқаруви йиллари халқни "шўравий темир парда ортидаги кишанда ушлаб турган" прописка ёки чиқиш визаси каби қонун-қоидалар Ўзбекистонда ҳамон амалда ва ҳатто вақт сайин кучайтирилмоқда.

Дунёда бу чекловларни қўлламасдан туриб, ҳам тинчлик, ҳам тўқ-фаровонлик ва ҳам ривожланишни таъминлаётган давлатлар жуда кўп.

Бироқ ҳукуматпарастларга кўра, мазкур чекловлар тинчлик учун зарур. Айни чекловлар боис кўплаб қийинчиликларга дуч келаётган инсонлар эса ўзгача фикрда.

Image caption Ўзбекистон қонун-қоидалари чет эллардаги фуқароларини ҳам доимий назоратда ушлашга хизмат қилади.

"Ҳа, инсон ҳуқуқларининг бузилиши!" - дейди ОВИР номи билан машҳур чет элга чиқиш рухсатномаси ҳақида ёзган Kzn Zumrat лақабли ўқувчимиз.

Wakira Malikovna номи остида фикр қолдирган тингловчи унинг фикрини давом эттиради.

"Ҳа, Ўзбекистонда яшаш ҳақиқатан қийин бўлиб қолди, порахўрлик, ҳамма нарса қиммат ва камига ойлик ҳам кам".

Oybek Krsavchik эса айни иллатлардан қутулиш одамларнинг ўзига боғлиқ, деган фикрни илгари сурган.

"Одамларнинг онгини тозалаш керак. Борган идораларида пул билан иш битириш, таниш-билиш қидириш - эски Чор Россиясидан қолган унсур".

Айбдор халқми?

Айни ўринда ўзбекистонликларнинг ўзларини айблаган кишилар ҳам оз эмас.

"Ўзбекистондаги ўз ҳуқуқ ва имкониятларини яхши билишмайди, аммо чет элга чиқишади" - дейди Ифтихор Тугизбаев - "Натижада саводсизлик туфайли муаммолар гирдобига чўкишади".

Бироқ айни фикрларни савол остига олган тингловчилар ҳам бор.

"Ўзбекистондаги мавжуд чет элга чиқиш визаси инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўлиб, диктатура тузуми очиқчасига инсонларнинг ҳуқуқларини бузаётганини яққол кўрсатади!" - ёзган Ben Den тахаллусли ўқувчимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Ўзи берган паспортига ўзи виза урадиган давлатларнинг бири - Ўзбекистон, яна бири - Шимолий Корея.

"Айрим сафсатабозлар, тузумни ҳимоя қилиб, халқни ўз ҳуқуқини билмасликда айблаб, жиноятчиларга адвокатлик қилмоқчилар".

"Оддий халқ қонунчиликни ўрганиб, ёддан билиши имконсиз. Ҳатто ривожланган давлатларда хам оддий фуқаролар ҳуқуқи ҳимояси билан юрист, адвокат, журналист ва бошқа қонуншунос мутахассислар шуғулланишади" - ўз фикрларини асослайди Ben Den.

"Халқ эса солиғини тўлаб, жамият ва давлатга ўз фойда-ҳиссасини қўшаяптими, тамом, конституция ҳамда бошқа қонунларда ёзиб қўйилган ҳуқуқи учун боши қотиши керак эмас" - деб ёзган Ben Den Ўзбекистондаги аҳволни ҳам тасвирлайди - "Юрист-қонуншунос, адвокат дегани порахўр ёки ўртакаш-даллол маъносини берса, журналистларнинг оғзи тикиб, бетонлаб қўйилган".

Бу тингловчимизнинг хулоса қилишича, лаганбардор одамлар муаммо ва жамиятдаги касалликларни кўрсатсангиз, айбни меҳнат муҳожирлари ва танқидчиларга ағдармоқчи бўлишади.

'Чет эллардан бехабармиз'

"Бизда ҳақиқатан ҳам ортиқча қоғозбозлик ва югур-югур" - Ўзбекистондаги вазиятни тасвирлайди Zulfiya RuziMukhammad - "Ўлиб кетган ота-боболарингни ҳам суриштиради. Яна пулингизниям яхшигина шилишади".

"Иш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Берган ойлиги йўл кирангизга етмайди. Чет элга чиқиб ишласанг, нега Ўзбекистонни уялтириб, у ёқда ишладинг, дейишади".

Image caption Ўзбекистонда чекловлар шу даражага етганки, ҳатто мажбурий пахта теришга қарши гапириш ҳам давлат сиёсатига қарши чиқиш сифатида жазоланади.

"Шунақа экан, ўз халқингни қойиллатиб, боқиб қўй!" - хулоса қилади Zulfiya RuziMukhammad.

"Оллоҳга шукур айтиш керак" - деб уқдирган муаммолар ҳақида гапирганларга қарата Khamidova Khaitkhon - "Четда нималар бўлаётганини кўрмаяпсизларми?"

"Чет элларда нималар бўлаётганини биз билмаймиз, қандай ўсишлар бўлаётганидан ҳам хабаримиз йўқ, десангиз тўғрироқ бўларди" - унга киноя билан жавоб берган Soffiya Guzal исмли ўқувчимиз.

"Мен бўлган кўплаб чет мамлакатлар жуда тинч ва осуда" - ёзади Timur Nazar - "Мардикорнинг ҳам турар-жойи, кийими ва овқатига етарли пули бўлади. Озроқдан пул йиғиб бориши ҳам мумкин".

"Сизларга Ироқ ва Сурия баҳона бўлди" - дейди тинчликка шукур қилиб, муаммоларга кўз юмишга чақирган баҳсдошларига жавобан бу ўқувчимиз.

"Бошқа ҳам осуда, ҳам фаровон ҳаёт кечираётган давлатлар ҳақида оғиз очмайсизлар".

(Айрим шарҳлар имлоси тузатилган).

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ