Ўзбекча пул сиёсати мантиғи нима?

Image caption Ўзбек сўми икки йил ичида икки ярим баравар қадрсизланди, аммо ҳукумат жим.

Қозоғистон тангаси ўтган йиллари тушиб кетган нефт нархлари ва Россияга қарши Ғарбнинг жазо чоралари боис қадрсизланди.

Президент Назарбоев эса Қозоғистон тангаси қадрини кўтариш ва уни асраб қолиш учун Марказий Банк раҳбари Кайрат Келимбетовни вазифасидан четлатган.

Ҳозир унинг ўрнига ёш ва замонавий молия масалаларини обдон тушунадиган ҳамда жаҳон тажрибасидан яхши хабардор шахснинг тайинланиши кутилмоқда.

Ўтган икки йил ичида Қозоғистон миллий тангаси 45% қадрсизланган. Президент Назарбоев бу ҳолатга бефарқ қараб тура олмаслигини изҳор этди.

"Иқтисод ва миллий тангамизга нисбатан ишончнинг йўқолишига ортиқ томошабин бўлолмаймиз" - деган Нурсултон Назарбоев.

"Пулимиз қадрини ошириш устида ишлашимиз керак".

Нефтнинг ҳозирги баҳоси ва Россия иқтисодининг аҳволи инобатга олинса, Қозоғистон тангаси олдида мураккаб даврлар турибди.

Аммо сўнгги йиллари Ўзбекистон сўми бозор курси бўйича қарийб 60% қадрсизланди.

Ўзбекистон ҳукумати ва масъуллари эса бу борада бирон чора кўриш у ёқда турсин, ҳатто муаммо мавжудлигини очиқ тан олишаётгани ҳам йўқ.

Қадрсиз сўм, қашшоқ муаллим

Икки йил олдин Ўзбекистон қора бозорларида 2500 сўм бир АҚШ доллари бўлса, ҳозир қарийб 6000 сўмга яқинлашди.

Бу эса ҳам тадбиркорлар ва ҳам давлат бюджетидан маош оладиган ўзбекистонликлар орасида хавотирларни кучайтирмоқда.

Image caption 100-150 доллар маош оладиган камбағал ўқитувчи ва шифокорлар моянаси 50 долларга тушиб кетиб, расман қашшоққа айланиб қолишди.

Ўзбеклар ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга киришаяптилар ва ҳатто сўмнинг қадри тушиб кетишига оид коллажлару суратларни чоп этишаётир.

Ўқитувчи ва шифокор каби "бюджет ходимлари" аҳволи эса жуда ёмонлашмоқда.

Тасаввур қилинг, нархлар долларга қараб ўзгаради. Лекин маошлар ошиши доллар кўтарилиши ёхуд сўмнинг қадрсизланишини ҳисобга олмайди.

Дейлик, сўм 60% қадрсизланиб туради-да, маошлар бу вақт давомида нари борса 20-30% ошади.

Яъни бир йил олдин 300 минг сўм ёки 100 доллар маош олиб турган ўқитувчининг ойлиги бирданига 50 доллар бўлиб қолади.

Ўзбекистонда ҳозир ўқитувчи ё шифокорнинг ўртача маоши 300 минг сўм бўлиб, камдан кам ҳолатларда 500-600 мингга етади.

Хуллас, жаҳон андазалари бўйича ҳисоблаганда, шундоқ ҳам 100-150 долларлик маош олиб камбағалликда яшаб келаётган ўзбек ўқитувчиси кутилмаганда 50 долларлик мояна билан қашшоққа айланиб қолди.

Ўзбекистонда аксар иккиламчи маҳсулотлар жаҳон нархларига яқин бўлса-да, ҳукумат ҳисоботларига қаралса, ўзбекистонлик ўқитувчи ўртаҳол яшамоқда.

Ҳукумат нима қилмоқчи?

Ўзбекистон ҳукумати муаммо ҳақида ҳали ҳамон жамоатчилик олдида гапираётгани йўқ.

Аммо ўтган апрелда интернетга чиқиб кетган айрим ёзишмаларга ишонилса, Ўзбекистоннинг ҳозирги пул сиёсатидан мамлакат Марказий Банки чуқур хавотирда.

Айни пайтда, Ўзбекистон пул-молия сиёсати на феодал, на капиталистик ё на социалистик мазмунга эга. Ўзбекистон буйруқбозлик йўлини танлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Нархлар долларга қараб ўзгараркан, сўм унга етиша олмаяпти...

Дейлик, ўзбек сўми замини бирон маҳаллий маҳсулот ё захира билан мустаҳкамланмаган.

Ҳукумат эса сўм эркин бозор орқали ҳақиқий баҳосини топишини истамайди.

Шу боис конвертация чекланган ва аксар ҳолларда тақиқланиб қолмоқда.

Сўмнинг қадрини аниқ маҳсулот ё захира билан мустаҳкамлаш ўрнига, ҳукумат буйруқбозлик орқали масалани ҳал этишга интилади.

Масалан муомала учун нақд 100 сўм талаб қилинган пайтда бу пулнинг атиги бир неча қисмини мулоқотга чиқаради.

Яъни сунъий дефицит яратиб, сўмнинг қадрини ушлаб туришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Лекин сўнгги йиллардаги сўмнинг қадрсизланиши бу чоралар ҳам иш бермай қолаётганини кўрсата бошлади.

"Дангасалар" ишламаса...

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, жаҳондаги молиявий инқироз ҳам, Россиядаги иқтисодий вазият ҳам мамлакат иқтисодига салбий таъсир этмаган.

Тўғри, дунёга анча ёпиқ давлат бўлмиш Ўзбекистон иқтисоди жаҳон билан деярли интеграцияга киришмаган. Шу боис молиявий бўҳрон бевосита етиб келмаган.

Аммо билвосита омиллар Ўзбек иқтисодига аллақачон зарба бераётир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Россияда ишлайдиган ўзбекларни Президент Каримов "дангасалар" деб, улардан "жирканишини" очиқ айтган.

Хусусан, Россияга қарши Ғарбнинг жазо чоралари боис у ердаги юз минглаб ўзбеклар ишсиз қолиб, ватанга қайтишга мажбур бўлишди.

Ҳар йили бу муҳожирлар Ўзбекистонга юборадиган бир неча миллиард долларлик маблағ эса кескин камайиб кетди.

Жаҳонда нефть нархлари арзонлаши сабабли Қозоғистон иқтисодига етган зарба иккинчи тўлқин бўлиб Ўзбекистонда ҳам сезила бошлади.

Чунки Қозоғистонда ишлайдиган бир миллионга яқин ўзбекистонлик топадиган даромад ҳам тушиб кетган.

Ўзбекистон четда ишлайдиган ўз фуқароларини ҳеч қачон ҳимоя қилмайди ва, аксинча, мамлакат ичкарисида уларга нисбатан адоватли ҳамда салбий фикр шакллантирилган.

Ҳатто Президент Каримов ҳам Россияда ишлайдиган ўзбекларни очиқдан-очиқ "дангаса" деб атаган ва бу ўзбеклардан "жирканишини" билдирганди.

Лекин "дангасалар" президент "жирканадиган" ишларни қилиб, ватанига юбораётган пуллар миқдори камаяркан, уларни ёмонлайдиган Ўзбекистонда сўм инқирозга юз тута бошлади.

Бу эса Ўзбек сўми қадрини ҳукуматнинг буйруқбозликка асосланган сиёсати эмас, кўпроқ ана шу "дангасалар" тутиб турганини кўрсатди.

Ўзбекистонга қайтаётган муҳожирлар учун ҳозир қоғозларда юз минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Бу қоғозларга қараганда, уларнинг маошлари ҳам ёмон эмас.

Лекин биз гаплашган ва Ўзбекистонга қайтган кўплаб муҳожирлар оила боқишга етарли маош берадиган иш топа олмай, бошлари қотган.

Уларнинг айтишича, имкони бўлса, яна Россияга кетишарди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio