“Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги бор гап!”

Image caption Ижтимоий тармоқларда Тошкент кўчалари

Ўзбекистон яна кескин ёнилғи тақчиллиги кузатилмоқда.

Тошкент дохил мамлакатнинг қатор шаҳарларидаги бензин қуйиш шаҳобчаларида бир неча юз метрга тенг машиналар навбатлари ҳосил бўлмоқда экан.

Илгари бу муаммо асосан вилоятларда кузатилса, эндиликда пойтахтда ҳам аҳвол шу – турнақатор навбатлар.

Ижтимоий тармоқларда охирги кунлардаги энг қайноқ мавзулар ҳам айнан бензин тақчиллиги ҳақида.

Фойдаланувчилар "Бензин қаерда бор" ёки "Қайси шаҳобчада навбат камроқ", дея сўрашади.

Муаммо баъзиларнинг руҳини туширмаган кўринади.

Улар бу ҳолатга аския билан муносабат билдиришди.

Мана ўша "тандирдан энди узилган" латифалар:

Тошкентлик акахон саҳар туриб, термосга иссиқ чой дамлаб, банкага гўшт қовурдоқни жойлаб, чиқиб кетаётса, аёли:

- Адаси тинчликми, сафаргами? деб сўраб қолибди.

- А йўқ, хотин... мошинага бензин қўйиб келай, дермиш…

Радиода бошловчи:

- Марҳамат, ҳурматли мухлис яқинларингизга салом ва табрикларингизни йўллаш имкониятини берамиз.

Мухлис: Мени эшитиб турган ҳаммага салом. Айниқса, кеча ўғлим бензин оламан деб "заправка"га кетганди. Агар у ҳам мени эшитиб турган бўлса, унга ҳам алангали салом. Навбатинг кеп қолдими болааааам?

Ижтимоий тармоқларда эса, "Водители Ташкента" гуруҳида Diyorbek Karimov бензин учун навбатда турган автомобиллар суратларини юклаб, шундай дейди: "Соат 8:00 [Тошкент вақти] Байналминал кўчасидаги "Ўзгазойл" шаҳобчасига навбат бир километрдан ошади".

Бунга жавобан Farkhod Saydullayev: "Мана шу сабаб вилоятларда ҳамма [машиналар] газда. Ҳамма вақтини ва асабини аяйди. Агар Тошкентда шундай навбатлар бўлса, вилоятларда бензинни фақат [археологик] қазилма ишларини олиб бориб топиш мумкин бўлса керак?"

Шу гуруҳ қатнашчиси Dildora Jumaniyazova бензин олиш учун қайси вақт маъқуллигини суришитиради: "Эрталаб бензин олиш учун неччида заправкага бориш кере??))"

"Кечқурун боринг, эрталаб кеч бўлади," дейди Anvar Isakhodjaev.

Алишер Ташмуҳамедов: "Олдин қўнғироқ қилиб кўринг, мен сизга рақамларни жўнатаман," дея Тошкент шаҳридаги "Ўзгазойл" шаҳобчалари телефон рақамлари туширилган расмни юклаган.

Фойдаланувчи Doniyor Gulyamov эса, шундай огоҳлантиради: "Ким бензин олмаган бўлса, олиб қўйинглар, 3-4 кун бензин умуман бўлмас эмиш".

Arsen Kabardinec "Ўзнефтмаҳсулот" ширкати айтди деган даъво билан шундай дейди: "Ўзнефтмаҳсулот шундай деган: 'Мамлакатимизда автобензин ва бошқа ЁММлар таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки, Республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Аммо, ёнилғи тақчилиги ва унинг нархи кўтарилиши ҳақидаги ноўрин миш-мишлар бугунги ҳолатни юзга келтирган. Айни кунларда юзага келган мазкур муаммони ҳал этиш, камчиликларни бартараф этиш, аҳолини автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва бу ҳолат вақтинча эканлигига урғу бериб, сизлардан саросимага тушмасликни сўраб қоламиз".

Бунга жавобан Dasha Dyatlova: "Ҳа, албатта, нимага саросимага тушамиз? Тинчгина навбатингда туравер…. бензин муаммо эмас…" дейди.

"Ўзнефтмаҳсулот" паралел оламда яшаётгани анчадан бери маълум!!! У ерда қуёш ёруғроқ, майсалар яшилроқ, бензин дарё бўлиб оқади ва ҳоказо", дея киноя қилади Александр Мотросов.

Ситара Парвизи ҳам бензин учун навбатга туришдан чўчигани ҳақида айтади: "Бугун барвақтроқ туриб бензин олишга борсам, чучварани хом санабман. Сарикўлда навбат халқа йўлига чиқиб кетибди, охири кўринмайди. Агар шундай навбатда турсам, ишга аниқ 2 соат кеч қоламан".

Ўзбекистонлик иқтисодчига кўра, доллар қадрининг юксалиши ва мамлакат захирасида валюта тақчиллиги бензин камлигининг асосий сабабидир.

Аммо афтидан, “Ўзнефтмаҳсулот” дагилар ҳам бошқа Ўзбекистон мулозимларига каби бу танқиду чиқишларга сукут ёки рад этиш билан жавоб бериш муаммо ечимидаги энг мақбул йўл деб ўйлашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ