"Тошкентда бензин тақчиллиги узоқ давом этади"

Image caption Баъзи ҳайдовчилар навбат чоғи фильм томоша қилишни тавсия қилишаяпти

Тошкентда ёқилғи тақчиллиги билан боғлиқ вазият давом этмоқда. Баъзи ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин тижорий нархларда сотилаётган бўлса-да, шаҳарликлар узундан-узун навбатларда қолиб кетаётганларида норозилар.

Ҳукуматдаги манбаларга яқин бўлган тошкентлик журналист Сергей Ежковнинг ёзишича, бу каби "коллапс" (инқироз) пойтахтда 90-йиллар бошидан бери кузатилмаган.

"Раҳбарияти ўн йил аввал энергетик мустақиллигини эълон қилган республика пойтахтида шундай вазият юзага келган", - деб ёзади у Узметроном сайтидаги мақоласида.

Баъзи иқтисодчиларга кўра, бензин ва дизель тақчиллиги давлат ғазнасида валютанинг йўқлиги туфайли ёмонлашиб боради.

Би-би-си жаноб Ежковни суҳбатга тортиб бу сафарги тақчиллик аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилишини сўради.

Ежков: Бу сафарги тақчиллик узоққа чўзилиши билан фарқ қилади. Авваллари уч-тўрт кун ёки кўпи билан бир ҳафта давом этган бўлса, бу сафар эса деярли бир ойдан бери давом этаяпти. Бутун тизимда узилиш юз берган. Гап шундаки, Ўзбекистон 2001 йилда 8,1 миллион тонна суюқ углеводородларни қазиб чиқарарди. Бугунда эса бу миқдор 2,7 миллион тоннага тушган. Яъни суюқ углеводородлар қазиб чиқарилиши уч баробар камайган. Бу, албатта, ички истеъмол имкониятларида ўз аксини топади. Хориждан олиб киришга қарасак, ҳа, 90 йиллар ўрталарида хориждан қатор компаниялар ёқилғини олиб келиб сотишган, лекин унда валюта конвертацияси бор эди. Бугун эса, бу ерда нафақат фойда, балки ўз пулингни чиқариб ола олмаслигингни била туриб, ҳеч ким бензин олиб кирмайди. Табиийки, бизда давлат монополияси мавжуд. Машиналарнинг 20-30 фоизи газга ўтказилган бўлишига қарамай, катта қисми ҳали ҳам бензинда юради. Катта автобуслар ва юк машиналари эса дизель ёқилғисида ишлайди. Дизель ёқилғиси эса Ўзбекистонда кўпдан бери йўқ. Юк машиналари эгалари дизелни тижорий нархларда сотиб олишади. Мана шу муаммолар мажмуи юзага қалқиб чиқаяпти. Вилоятларни айтмаса ҳам бўлади, у ерда аллақачон бензин йўқ. Бензин фақат Тошкентда бор бўлиб қолаётганди, энди эса Тошкентда ҳам шу манзара...

Би-би-си: Нима учун бу вазият ёмонлашиб бораверади, деяпсиз?

Ежков: Менинг башорат қилишимча, шундай. Чунки, хориждан олиб кириш борасида ҳукуматнинг иқтисодий сиёсатида ҳеч нима ўзгармайди. Вазият яхшиланишига мен ҳеч қандай ишорани кўрмаяпман.

Би-би-си: Лекин, ижтимоий тармоқларда ёзаётган тошкентликлар узун навбатда туриб бўлса ҳам, бензин олишга муваффақ бўлаётганларини ёзишаяпти, ҳамда қаерда бензин олиш осонроқ экани борасида фикрлари билан ўртоқлашишаяпти. Демак, вазият сиз айтганчалик фожеали эмас.

Ежков: Бу тижорий бензин аслида қанақа бензин эканини тушунсангиз керак. Бу давлатнинг спекуляция йўллар билан тижоратчиларга сотилган бензини деган шубҳалар бор. Бу, билмадим, қандайдир фитнадир. Чунки одатда бу каби узун бензин инқирози ортидан бир ё бир нечта нефть базалар раҳбарлари қамалади. Лекин, бу билан муаммони ҳал қилиб бўладими? Бензин умуман йўқ, демаяпман. Мана мен бугун дачадаман, бу ерга гўшт, сут олиб келадиган одамлар бор. Шулардан бири менга келиб, илтимос озгина бензин беринг, дейди. Озгина бердим, лекин, биламан ўзим яна икки соат навбатда туришим керак бўлади уни олиш учун. Бу нормал ҳолатми республика учун? Қирғизистонни олинг, у ерда на нефть, на газ ишлаб чиқарилади, лекин нефть омборлари бензинга тўлдирилган. Умуман ҳеч қандай углеводороди бўлмаган ўша мамлакатда бензин биздагидан анча арзон. Бизда нега бундай?

Би-би-си: Айтинг-чи, сизнингча, президентнинг ўзи огоҳмикан шу инқироздан? У узун навбатларни кўрармикан?

Ежков: Мен президент учун жавоб бера олмайман. Унинг ўзи бу борада фикр билдириши керак. Балки унга бу борада ҳисобот бериб туришар. Бу йиллаб томчилаб йиғилиб келаётган муаммолар ва улар қалқиб чиқаяпти. Четдан бензинни сотиб олиш бўйича сиёсат ўзгаришсиз қолаяпти. Четдан нимадир сотиб олиш учун, ниманидир сотиш керак. Сотишга ҳеч вақонг бўлмаса, унда ҳеч нарса сотиб ҳам ололмайсан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio