Ўзбекистон: 'Йўқолсин бойлар!'

Фото муаллифлик ҳуқуқи china.org
Image caption Рустам Азимов "бизда миллиардерлар бўлмайди" деб Ўзбекистон қонунлари тақиқламаган тақиқни такрорлади.

"Ўзбекистондаги энг катта бойлар - ҳокимиятга яқин одамлар" - дейди ўз вақтида Ўзбекистон стратегик тадқиқотлар марказида ишлаган Камолиддин Раббимов.

"Лекин кимда қанча пул бор, деган саволга жавоб топиш имконсиз".

Таҳлилчиларга кўра, йирик хусусий мулк олий ҳокимият билан қоришиб кетган мамлакатда бошқача бўлишини тасаввур ҳам этиш қийин.

"Ўзбекистонда 6-7 нафар миллиардер бор деса ҳайратланмасдим" - дейди мамлакатда бир неча йил ишлаган иқтисодий журналист Жон Маккарти.

"Аммо мулкнинг эгаси киму расман у кимнинг номида, деган саволларга келганда, буни на рад этиш, на тасдиқлаш мумкин бўлади. Ҳамма нарса ўртада лойдек чаплашиб кетган".

Ўзбекистонда ўта бой ҳам, ўта камбағал ҳам бўлмайди, деган фикр аслида Президент Каримов тилидан янграган бўлиб, бу - бугун капитализм, социализм, феодал бошқарув ва қулдорлик қоришиб кетган Ўзбекистон иқтисодий бошқарув усулини акслантиради.

Ўзбекистон раҳбарияти баёнотларига қараганда, Ўзбекистон қонунан бўлмаса-да, аммо амалда Совет давридан мерос қолган "Йўқолсин бойлар!" шиоридан воз кечмаётир.

Бироқ бу шиор ҳаммага бирдек тегишлими, деган савол очиқ қолади.

Гулнора-чи?

Хуллас, Ўзбекистоннинг дунёда тилга тушган бойлари ҳам йўқ эмас.

"Гулнора Каримованинг кейинги 3 йилда музлатилган пуллари умумий ҳажми бир ярим миллиарддан ошади" - дейди Камолиддин Раббимов.

"2009-2010 йиллари Ўзбекистоннинг Россиядан кейинги йирик иқтисодий ҳамкори Швейцария бўлган" - фикрини давом эттиради таҳлилчи.

Image caption Ўзбекистонда оддий одамларнинг бойиб кетишига йўл қўйилмайди, лекин Гулнора Каримованинг бойликлари Ғарбда тилга тушган...

"Ўша йиллари Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларининг 12% Зеромакс ширкати рўйхатдан ўтган Швейцария ҳиссасига тўғри келган. Бу жуда катта маблағ айланганини кўрсатади".

"Хуллас, Гулнора Каримова - Ўзбекистондаги энг бой аёл" - фикрини хулосалайди Камолиддин Раббимов.

Аммо аксар кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистон танлаган ҳозирги йўл уддабурон, тадбиркор ва ишбилармон инсонларнинг ўз кучи билан қонунан бойишига имкон бермайди.

"Бойиш учун ҳокимиятга яқин бўлиш керак" - дейишади кузатувчилар.

Дарвоқе, икки йил олдин Гулнора Каримованинг ўзи ҳам юқори мартабали амалдорлар орасида миллиардерлар борлигини таъкидлаб, хусусан, ҳозир бизда миллиардер йўқ, деб айтаётган Бош вазир муовини номини тилга олган.

"Бу ерда йигитлар айтишяптики, 4 миллиард доллар!!! Азимовда бор"- деб ёзганди Гулнора Каримова хоним.

Миллиардерлар йўқлиги уятми?

"Ҳозир Ўзбекистонда ҳатто 100-150 одам ишловчи, йиллик айланиши 5-10 миллион долларни ташкил этадиган ўрта бизнес ҳам деярли йўқ ҳисоб" - дейди ишбилармон ва иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон танлаган иқтисодий модел ҳозирги глобал иқтисодий тараққиётга мос эмас ва мазкур модел билан ҳали биронта давлат бойимаган.

"Миллиардерлар йўқлиги, дунё таниган улкан уддабурон шахс ва ширкатлар йўқлиги боис ҳам шу аҳволга тушиб қолдик" - дейди таҳлилчи.

Ўзбекистонда аксар корхоналар давлат тасарруфида бўлиб, оз миқдордаги ҳиссаларга эга давлат амалдорлари ҳам эртанги кунга умидлари катта эмаслиги айтилади.

Мансабдорлар пулини ташқарига ташиш ё яшириш билан банд. Истеъдодли ишбилармонлар эса нафақат Ғарбга, ҳатто Қозоғистон ё Россияга бориб, гуллаб-яшнашмоқда.

"Алишер Усмонов ё Искандар Маҳмудов каби ватандошларимизни қайтариш, ватанга таклиф қилиш керак, улар иқтисодни юксалтиришга катта ҳисса қўша оладилар" - дейди Анвар Ҳусаинов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи rferl
Image caption Ҳозир юз минглаб ўзбекни бойлик эмас, таппи-тезак териб, қишдан чиқиб олиш кўпроқ ўйлантиради.

Шу нуқтаи назардан олганда, мутахассислар Ўзбекистонда миллиардерлар йўқлигини айтиш, аслида мақтаниб бўлмайдиган ҳолат эканлигини урғулашади.

Бироқ нега Ўзбекистон миллиардерсиз иқтисод яратмоқчи, деган саволга жавоб бир хил эмас.

Анвар Ҳусаиновга кўра, Ўзбекистонда жаҳондаги замонавий иқтисодни чуқур ва обдон биладиган мутахассислар йўқлиги бунга сабаб бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимовнинг ўйлашича, Ўзбекистондаги ҳокимият вакиллари сиёсий тузум табиатини ўзгартирмасдан, ўзларига фойдали тарзда баъзи иқтисодий ислоҳотларни ўтказишга уринишмоқда, аммо бу иш бермаяпти.

"Ўзбекистондаги авторитар бошқарувга асосланган иқтисод мавжуд сиёсий тузум бўлмаса, яшаб қололмайди" - дейди суҳбатдошимиз.

Бир бурда нон сиёсати

Ўзбекистон нафақат миллиардер бойлар йўқлигини айтиб келади, балки мамлакатда аллақачон мустаҳкам ўрта табақа шаклланганини таъкидлайди.

Ўртаҳол даромадга эга қатламнинг катталиги эса жамият фаровонлиги рамзидир.

Лекин ҳукуматнинг айни фикрларини кўпчилик савол остига олади.

Аввало, қандай қилиб мустаҳкам ўрта қатлам шаклланган давлатдан миллионлаб одамлар бир бурда нон топиш учун Қозоғистон ё Россияга бориб ишлашмоқда, деган саволларни ўртага қўйишади.

Тўғри, кичик тижорат қийинчилик билан бўлса-да ривожланаётгани, сўнгги йиллари солиқ ва бошқа текширувчи идоралар уларни бир қадар тинч қўйишаётгани айтилади.

Лекин Ўзбекистонлик ишбилармон бир сўмини икки сўм қилиш ёки каттароқ лойиҳаларга қўл уриш олдидан обдон ўйлаши керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистонда бозор растаси ё кичик дўконда иш қилиш мумкин, аммо "крышанг" бўлмаса, улкан бизнес режаларини амалга оширолмайсан.

Аввало, тадбиркор устидан ҳокимият вакиллари ҳукмронлиги ва бошқаруви ўта кучли.

Кейин, Ўзбекистон - дунёнинг коррупция ботқоғига энг чуқур ботган мамлакатларидан бири.

"Ўзбекистон учун либерал иқтисод яратиш, тадбиркор ва фермерга эса эркинлик бериш лозим" - дейди Анвар Ҳусаинов.

"Бугун фермернинг ишини прокурор текширади. Тадбиркор ва деҳқонга қўриқчи ё назоратчи керак эмас".

"Ахир давлат идоралари уларга хизмат қилиши керак-ку?!"

Бошқарув ва буйруқбозлик усуллари, иқтисод устидан давлат назорати Ўзбекистонда иш бермаслигини кўпчилик мутахассислар урғулашади.

Мамлакатда Саудия Арабистони, Қувайт ё Қозоғистон каби улкан ёнилғи захиралари йўқ. Аҳоли сони эса катта.

Мустақил кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон атайдан ҳозирги иқтисодий сиёсатни танлаган бўлиб, аҳоли кенг қатлами ўта бойиб, кейин сиёсий ҳокимиятга интилишини истамайди.

Ёпиқлик

Ўзбек ҳукумати ўзи юритаётган иқтисодий сиёсат боис сўнгги йиллардаги молиявий инқирозлар мамлакатга бевосита таъсир этмаганини айтади.

Бироқ халқаро инқирозлар билвосита зарба бермоқда.

"Мана доллар 5 ярим минг сўмга чиқди, бу таъсир бўлмай нима?" - дейди Анвар Ҳусаинов.

Россиядаги юз минглаб ўзбеклар шу кунларда ишсиз қолиб,ватанга қайтишга мажбур бўлишмоқда.

Ўзбек ҳукумати ҳисобот учун қоғозда иш ўринлари яратса-да, амалда нормал яшашга етарли маош берадиган ишлар жуда кам.

"Ўзбекистондаги мажвуд авторитаризм инсоний капиталга асосланган иқтисодни яратишга йўл бермаяпти" - дейди Камолиддин Раббимов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Алишер Усмонов каби ишбилармонлар асл ватанида эмас, бошқа юртларда улкан муваффақиятларга эришишмоқда.

"Мамлакат эса фақат шу йўлни танлаб, иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий барқарорликка эриша олади".

Йўқсиллар йўқми?

Ўзбекистон раҳбарлари аллақачон мамлакатда йўқсиллар ё камбағаллар йўқлигини айта бошлашган. Улар ҳатто вақти-вақти билан халқни қўлга киритилган ютуқлардан эсанкираб қолмасликка ҳам чақириб қоладилар.

Лекин бугун аҳолининг каттагина қатлами халқаро андазалар бўйича амалда камбағал ва ҳатто қашшоқликда кун кечиради.

Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қачон мамлакатда қашшоқлик борлигини тан олмайди ва расмий ҳисоботлар дунёнинг унча-мунча илғор давлатларига етиб қолгандек тасаввур пайдо қилиши мумкин.

Масалан, ўртаҳол ўқитувчи 300-400 минг сўм маош олади. Бир йил олдин ҳам бу 100 доллар бўлса, бугун 50-60 долларга тушиб кетган. Расман бу ўзбек муаллими - қашшоқ.

"Қашшоқ-камбағал қатлам жиддий масала, улар аҳолининг 25-30% ташкил этади" - дейди Камолиддин Раббимов. Бу - 10 миллион одам дегани.

"Шунча одамнинг асосий муаммоси озиқ-овқат, яъни қорнини тўйдириш бўлиб қолмоқда".

Бойлар қора рўйхати

Йўқсилликни йўқотиш учун истеъдод ва меҳнати билан бойиган бойларни кўпайтириш керак, дейишади мутахассислар.

"Россиядан қайтган йигитларда муайян ишбилармонлик, мулк ва бироз пул ҳам бор" - дейди Анвар Ҳусаинов - "Уларга ишонч билдириб, имконият беришса, собиқ муҳожирларнинг ўзлари иш ўринлари яратишади. Кичик бизнеслари каттариб, келажакда миллионерга ва ҳатто миллиардерга ҳам айланишади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистонда камбағаллар ҳаётда бор, қоғозда йўқ...

Аммо Ўзбекистонда айни шароитлар йўқ ва ишбилармонларга кўра, тадбиркор ҳамон давлатдан қўрқади.

"Тадбиркорлар ҳокимият ҳақиқий хўжайин эканлигини билишади" - дейди Камолиддин Раббимов.

"Уларда бойлигим қанчага етса қора рўйхатга тушаман, 500 миллиондан кейинми, 100 миллиондан кейинми, аҳволим нима бўлади, деган ҳуқуқий саволлар пайдо бўлади".

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳокимиятдан қўрққани учун Ўзбекистонда ҳамма бойлигини яширади ва ҳатто ширкати ё маҳсулотини реклама қилишни ҳам исташмайди.

"Қудратли шахслар, куч тизимлари ва давлат ҳокимияти вакиллари ишбилармоннинг пул ва бизнесига кўз олайтирса, уларни тийиб қўядиган бирон куч йўқ".

Аммо сўнгги айрим қадамлар аҳвол ўзгариши мумкин, деган умидларни уйғотмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов кейинги йиллари бот-бот кичик тижоратларни тинч қўйинг, уларнинг ишларига аралашманг, деб келади.

Куни-кеча Ўзбекистон иқтисодига хорижий сармояларни жалб этишга қаратилган улкан бизнес форум ўтказилди.

Бироқ кўпчилик кузатувчиларга кўра, оддий валюта алмаштириш жиноят саналадиган Ўзбекистонда қўйилаётган айни қадамлар ҳақиқий иқтисодий ислоҳотлар бошланди, деган гапни асло англатмайди.

"Ишбилармон ҳалол пул топиб, қонунга мос равишда миллиардер бўлишдан қўрқадиган юртда иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гапириш мумкин эмас".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ