Ўзбекистон Хуршид Мухторовни халқаро қидирувга берди

Суриядаги "Исломий давлат" сафларида жанг қилаётган жиззахлик Хуршид Мухторов халқаро қидирувга берилган.

12news.uz нашрининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаъга иқтибосан хабар беришича, диний-экстремистик тарғибот таъсирига тушган Мухторов 2008 йилда Ўзбекистонни тарк этган ва Қозоғистон ҳамда Туркияда бир муддат тургач, 2014 йилда ИД сафларига қўшилган.

Манбаънинг таъкидлашича, Мухторов Сурия ҳукумат кучларига қарши жангларда иштирок этиш билан бирга, интернетда "гўёки ўзбек мусулмонларининг ҳуқуқлари ҳаддан ташқари поймол этилаётгани важидан Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришга очиқдан-очиқ даъват қилган".

35 ёшли Хуршид Мухторов ИД сафларида жанг қилаётганини аввалроқ Би-би-сига шахсан тасдиқлаганди.

2014 йил ноябрида Би-би-сига берган интервюсида Мухторов Сурия ва Ироқдаги " Исломий Давлат" сафларида минглаб Марказий oсиёлик жанг қилаётганини айтган.

Image caption 35 ёшли Хуршид Мухторов ИД сафларида жанг қилаётганини Би-би-сига расман тасдиқлаган

Унга кўра, марказий осиёлик жангчиларнинг кўпчилигини ўзбеклар ташкил этади.

Мухторов Кобани атрофидаги жангларда яраланганини ҳам айтган.

Хуршид Мухторов 2012 йил январида Қўшма Штатларда Федерал Қидирув Хизмати томонидан ҳибсга олинган Жамшид Мухторовнинг укасидир.

Америка хавфсизлик идоралари 39 ёшли Жамшид Мухторовни Ислом Жиҳод Иттифоқи ташкилотини молиялаштириш ва террорчилик ҳужумини содир этишга интилишда айблашмоқда.

Жамшид Мухторов 2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига жойлаштирилган эди.

Айни пайтда "Исломий давлат" сафларида жанг қилган бошқа бир ўзбекистонликнинг узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилгани хабар қилинган.

Ўзбекистондаги нашрларнинг ёзишича, Россиянинг Астрахан вилоятида ишлаб юрган хоразмлик Муҳаммад Абдуллаев ИД ёлловчиси таъсирида 2013 йилда Сурияга кетган.

Суриядаги жамлоқда жанговар тайёргарликдан ўтган Абдуллаев кейинроқ Туркияга қочган ва шу йил баҳорида Ўзбекистонга қайтгани айтилади.

Ўзбекистон Олий судидаги манбаънинг айтишича, қилмишидан пушаймонлик изҳор қилган Абдуллаевни маҳкама 13 йилга озодликдан маҳрум этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio