BBCга айтаман: Қадринг қани, қаламдош?!

Уч-тўрт йил муқаддам Ўзбекистон давлат телевидениеси оммавий ахборот воситаларида фаолият юритувчи айрим журналистларнинг порахўрлиги иддао қилинган танқидий кўрсатув намойиш этди. Унда бир журналистнинг қайсидир ташкилотга бориб, бир килограмм гўшт сотиб олишга етмайдиган даражада “катта миқдорда пора олганлиги”дан тортиб, яна бир журналистнинг “юқори”даги кимларнингдир буйруғи билан қайсидир мақолани газета саҳифасига қўйган-қўймаганлигининг муҳокамаси-ю, (қизиқ, бир амалдорга ёққан мақола иккинчи бир амалдарга ёқмай қолса ҳам журналист айбдор?!) босма матбуот учун давлат ажратаётган қоғозларнинг исроф бўлаётганлиги ва яна бир қанча катта-кичик, кичик-катта муаммолар санаб ўтилди.

Кўрсатувда фақат бирёқлама фикр юритилганлиги, тилга олинган муаммоларнинг асл, туб илдизи очиб берилмаганлигини-ку қўяверинг. Боз устига бу кўрсатув эфирга узатилганлигининг эртаси куниёқ ЎзМТРКнинг ҳар бир каналларида алоҳида–алоҳида мажлис ўтказилиб, ходимларни қайтадан бу кўрсатувни кўришга мажбур этишди. Хусусан, “Ёшлар” радиоканалида жонли эфирда ишлаётганлардан ташқари барча техник ва ижодий ходимлар тўплангач, компаниянинг режим ва хавфсизлик хизмати ходими қўлларини бигиз қилиб, таҳдид билан таъкидлади: ”Ушбу кўрсатувни ҳар бирларинг бошдан охиригача кўриб, яхшилаб хулоса чиқариб олларинг, бу ҳол сенларнинг ҳам бошингга тушиши мумкин!” Сўнг негадир томдан тараша тушгандай қилиб, қўшиб қўйди: “Орамизда баъзи бировлар бор, ўзбошимчалик билан хориж матбуотига интервью бериб юрадиган. Айниқса, ўшалар яхшилаб хулоса чиқарсин...”

Қизиғи, кўрсатувда ўз ишига совуққонлик билан қараётган, кадрларни касбий маҳоратига қараб эмас, ўзларига нечоғлик итоатлилиги ва садоқат кўрсатаётганлигига қараб рағбатлантираётган айрим раҳбарларнинг айби билан малакали, иқтидорли журналистларнинг четга чиқиб кетаётганлиги ҳам алоҳида тилга олинганди. Шунга қарамай... Кўрсатувни ишхонада бу тахлит – алоҳида илмоқдор таъкидлар ва таҳдидлар билан намойиш этишдан мақсад - ходимларнинг дардини тинглаш, соҳадаги муаммоларини ҳал этиш, ижодкорларнинг фикру-ўйлари билан қизиқиш эмас, аксинча, “сенларнинг ҳар қадаминг ўлчовли, қаттиқ назоратдасан, йўриғимизга юрмасанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди”, қабилидаги қўрқитув-дағдағани ижодкорлар онгига сингдириш эканлиги маълум бўлди-қолди.

Зеро, бусиз ҳам ҳар мажлисларда катта раҳбарлардан, иш соатларида кичик раҳбарчалардан “ўта эҳтиёткорлик билан қадам ташлаш, ҳар битта сўзни ўйлаб гапириш ва ҳар бир журналист ўз ички цензурасига эга бўлиши шартлиги” ҳақида ўгит эшитаверган журналистлар ҳар қадамини минг ўй, минг истиҳола билан босадиган, ҳушёрликни бир дам бўлса-да ҳушидан кеткизмайдиган бўлиб қолишган.

Элга “жиноятчи”, “муттаҳам” қилиб кўрсатилган журналистларнинг “порахўрлик” қилганини ҳеч ким оқлагани йўқ ва ўз навбатида муаммоларнинг илдизи кўрсатувда очиқланмагани учун эътироз ҳам билдиргани, билдира олгани йўқ. Башарти, эътироз билдирганда ҳам буни тинглайдиган одамнинг ўзи топиларди деб ўйлайсизми?...

Лекин бир талай ҳақли саволлар қалам аҳлининг ичида қолди: Халқ мулкини, юрт хазинасини истаганча ўмариб, бунинг ҳисобидан нафақат мамлакат ичида, балки хорижда ҳам миллиардлаган йирик мулкларга эгалик қилаётган казо-казо амалдорлар турганида, баъзан маошию-гонорарини вақтида ололмайдиган қалам аҳлининг, хусусан журналистнинг бирор ташкилотга хизмат юзасидан бориб, ичган ё ичмаган бир пиёла чойини ҳам “таъмагирлик” дея аюҳаннос солиш, жамоатчиликка ёмон кўрсатиш, ҳақорат ботқоғига ботириш кимларга ва нимага керак бўлиб қолди?...

Ажаб, жаҳон журналистикаси тарихида журналист қавмининг инсоний қадрини шу қадар ерга уриш, камситиш, хўрлаш ҳеч кузатилганмикин?...

Шунингдек, хориж матбуотига интервью берган ёки улар билан ҳамкорлик қилганларга нисбатан таъқиб-тазйиқни кучайтириш, ҳатто уларни “Ватан хоини”га чиқариш бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Аслида хоин ким? Холис танқидга чидамлилик жасорати ва ҳам инсоний, ҳам сиёсий ҳалоллиги етишмаётган, ўз кирдикорларини яшириш учун эркин фикрли журналистларни коррупцион занжирлар ила бўғаётган баъзи амалдорларми ёки ўз мамлакатида очиқ матбуот, эркин, танқидий фикрга йўл берилмаётганлиги сабаб айрим ҳукуматдорларнинг ғирромликларини, юрт муаммоларини, халқаро матбуотларда кўтариб чиқишга мажбур бўлаётган журналистларми?..

Узоқ йиллик тажрибага эга бўлган ҳамкасбларимиздан бири дейди:

- Хориж матбуотида ишлаётган журналистлар ҳам аслида кечагина биз билан елкама-елка ишлаган ҳамкасбларимиз, шу юртнинг фарзандларидир. Уларнинг аксарияти истеъдодли ва тарбияли ёшлар эдилар. Ўз вазифаларини билиб-билиб, сидқидилдан бажарардилар. Лекин афсус, айни пайтда сафимиздаги иқтидорлиларга ва ҳақ сўзни айтганларга қандай ғаламисликлар қилиниб, ўрнига қобилиятсиз ва лаганбардорлар, “каттакон суянчи борлар” ишга олинаётган бўлса, уларга ҳам ўз вақтида худди шу тариқа “кун беришмаган”. Қай бирлари виждонсиз раҳбарларнинг таъқиб тазйиқларидан, ҳасад-фитналардан безиб, қай бирлари эса касбий маҳоратларини ошириш учун кетганлар хорижга. Дунё кўрган мутахассислар ўз юртимизда ҳам ҳукуматнинг халқ олдида ҳисобот беришини,сўз, матбуот эркинлиги бўлишини, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлмаслигини, халқимиз фаровон яшашини истаб, куюнчаклик билан гапиришади, сўзлашади, ёзишади. Керак бўлса ҳукуматни, ҳатто президентни танқид қилишади. Худди шу сабабдан ҳам уларни “хоин”, “душман” деб тарғиб қилишади амалдорлар.

Модомики, мавжуд муаммоларнинг хориж матбуотида акс этишини исташмас экан, унда нега “сўз эркинлиги”, “фикр эркинлиги”, “демократия” сингари баландпарвоз гаплар қоғозда бор-у, ҳануз амалда йўқ? Танқид қилишга журъат этганлар, баъзи раҳбарларнинг қинғир ишларини фош этганлар дарров “порахўрлик”, “товламачилик” ва яна алламбало айбномалар билан “жиноятчи”га айлантирилиб, йўли қамоқхонага тўғирлаб қўйилади. Ёки жамоадаги беш-олтита виждонсиз ва мунофиқнинг “жамоатчилик фикри” асосида ёмонотлиқ қилинади-да, ишдан бўшатилади – севган касбидан, оиласини боқиб турган ризқу-насибасидан, ҳатто ҳаётидан ё Ватанидан айрилади...

Агар ўзимизда ҳам очиқ матбуот бўлсайди, биз–маҳаллий журналистларнинг ҳам айтадиган дардларимиз кўп...

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ