Чет элдан қайтган 200 ўзбек ушланган

Image caption Ҳибсга олинганларнинг аксариси - чет элларда ишлаб келган муҳожирлар.

"Ушлаб кетилганлар Россия, Туркия, АҚШ ва Оврўпода ишлаб келган меҳнат муҳожирлари" - дейди Тошкентдан ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов.

Улар Исломий Давлат жангарилари сафига қўшилишга ҳозирланган, деб гумон қилинаётгани айтилмоқда.

"Жами 200 нафар атрофидаги кишининг ҳибсга олингани маълум бўлса, шуларнинг 70-80 нафари Зангиота туманидан. Қолганлари Тошкент шаҳри, Хоразм, Фарғона, Наманган ва Қашқадарё вилоятларидан эканлигини аниқладик".

Фаолларга кўра, расмийлар бу борада маълумот беришаётгани йўқ ва шу боис уларнинг сони кун сайин ошиб бораётган бўлиши мумкин.

"Баъзилари Исломий Давлат вакиллари билан интернетда ёки электрон почта орқали мулоқот қилган дейилмоқда" - ўзидаги маълумотларни бўлашади ҳуқуқбон Сурат Икромов - "Махфий хизматлар бу электрон ёзишмаларни текшириб, кейин уларни ҳибсга олишган".

"Бир киши қўлга олингач, у билан бирга чет элда ишлаган ё яшаган яна 4-5 нафар таниши ё ўртоғи ҳам ушлаб кетилмоқда".

Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги - ўтган ярим йил давомида хориждан қайтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.

Шунингдек, ораларида бир неча нафар талаба ёшлар борлиги айтилади.

Бироқ уларга расман айблов эълон қилингани маълум эмас. Ўзбекистон қонунлари бўйича 72 соатда ё айб қўйиш, ё қўйиб юбориш керак.

Лекин фаолларнинг айтишича, амалда улар бир неча ҳафта давомида ноқонуний тарзда сўроқ қилиниб, қийноққа тутиладилар.

Қариндошлар қўрқувда

Ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар на ҳибсга олинганларнинг аниқ сони, на уларнинг аҳволи борасида бирон аниқ маълумотга эга эмаслар.

Ҳозиргача маълум бўлган 200 нафар шахс ҳақида эса қариндошлари ва интернет хабарлари орқали маълумот олишган.

Айни дамда, қариндошлар шикоят қилмайсиз, деб қўрқитилгани билдирилади.

Ҳозир Ўзбекистон бўйича Исломий Давлат хавфига қарши турли саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган бўлиб, айниқса, чет элларда ишлаб ёки яшаб келган ўзбеклар алоҳида эътиборга тушмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари етишмай, ҳатто бюджет ташкилотларида ишловчилар ҳам маҳаллаларни кезиб, хорижда ишловчи муҳожирларни аниқлаш, шубҳали шахсларни рўйхатга олиш ёки куч тизимларига хабар етказиш ишларига жалб этилмоқда.

Гувоҳларга кўра, улар уйма-уй юриб, кимнинг оила аъзоси қайси мамлакатда яшайди ё ишлайди, чет элда қилаётган иши, турар маскани ё телефон рақамларини ёзиб олишмоқда.

"Оғир ишларни қилувчи меҳнат муҳожирларининг хорижда муқим турар-жойи бўлмайди ва кўпчилик бўлиб бирон хонада туришади ҳамда қаерда иш бўлса, ўша ерга кўчиб юришади" - дейди Сурат Икромов.

Ана шундай ҳолатларда шубҳа-гумон юзага келиши мумкин.

Текширувчилар ҳар бир фуқаро ҳақида маълумот олиш учун кеча-кундуз ишлаб, кундузи ишда бўлган фуқароларнинг уйларига кечқурун ташриф буюришмоқда.

Одамлар хавфсизлик ва тинчлик мақсадида амалга ошириладиган текширувларни тўғри қабул қилишларини айтишади.

Бироқ тушунмовчилик ёки бирон қариндоши ҳақида аниқ маълумот беролмай қолгани учун четдаги оила аъзосининг "қора рўйхат"га олиниши эҳтимолидан хавотир изҳор этадилар.

Шунингдек, ишсизлик ва камбағаллик боис кўплаб ўзбекистонликлар катта шаҳарларга келиб, муваққат ё кунбай ишларни бажариб, оила тебратадилар.

Улар одатда яшаётган жойларида рўйхатдан ўтишмайди. Баъзида бунинг ҳатто қонуний имкони ҳам йўқ.

Шундай кишилар эса милиция масканига олиб кетилгани ҳамда жаримага тортилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Алининг айбини Валидан

Фаолларнинг таъдкидлашича, Исломий Давлат хавфига қарши кураш манзарасида Ўзбекистондаги барча мустақил диндорлар қайтадан текширилмоқда.

Айниқса, "Ҳизб ут-Таҳрир" гуруҳига алоқадорлик айби билан қамалганларга босимлар кучаётгани айтилади.

"Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳозир 6 минг нафардан кўпроқ "Ҳизб ут-Таҳрир" аъзолари сақланади" - дейди Сурат Икромов.

"Ҳозир маҳкумларни бориб кўрган қариндошлари қамоқда уларни қийноққа солиш бошланаётгани айтишмоқда".

Ҳуқуқбоннинг урғулашича, қамоқларда нималар бўлаётганини ҳеч ким кўрмайди ва шу боис маҳкумларни истаганча қийнашлари мумкин.

"Яқинда биттасини то ҳушидан кетиб қолгунича калтаклашганини қариндошлари келиб айтишди, аммо расман арз қилишдан қўрқишмоқда".

Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида кучайтирилган хавфсизлик чоралари ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларининг чекланиши хавфсизликни таъминлаш учун қилинаётгани айтилади.

Бироқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, коррупция авж олган ва мустақил диндорларга қарши адоватли муносабат шаклланган Ўзбекистон шароитида кўплаб инсонлар уйдирма айблар билан ҳибсга олиниб, қийноқ орқали айбига иқрор қилинади ва узоқ йилларга ҳукм этиб юборилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ