Довудхон Назаров: 'Ҳозиргача ҳам биз билан қизиқишган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Довудхон Назаров Би-би-си билан суҳбатда "жароҳат оғир бўлгани ва бугунгача ҳам муолажалар давом этаётгани"ни айтди

Швециянинг Остершунд шаҳрида 2012 йили 22 феврал куни ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров ҳаётига суиқасд қилишга уриниш юзасидан маҳкама иши давом этмоқда.

Маълумки, қотиллик уринишида Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский айбланмоқда.

Ҳозирга босқичда Юрий Жуковский Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматига тўғридан-тўғри боғланганмаган.

"Юрий Жуковскийга буйруқ берган шахслар бор ўртада, камида битта, бир нечта шахслар бор. Ўша шахслар буйруқни Ўзбекистондан олгани тахмин қилинмоқда ҳозир. Бу ерда шунга ишора қилувчи бир қанча далиллар бор", Обидхон Назаровнинг маҳкама жараёнини кузатаётган ўғли Довудхон Назаров.

Ўзбекистон фуқароси бўлган Юрий Жуковский жорий йилнинг 25 августида Россиядан Швецияга экстрадиция қилинганди. Довудхон Назаровга кўра, маҳкама мажлисида Ўзбекистонга тегишли деб кўрилган ташкилотлар Жуковскийнинг сафарини ташкил қилиб берганлари борасида гапирилган.

"Жуковскийга вазифани юклаган Россиядаги асли ўзбекистонлик аниқ битта шахс ҳақида ҳам гап кетяпти. У Ўзбекистонга, Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлган катта тижорий ташкилотни бошқарувчи шахс экани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бу тасдиқланган маълумотлар. Яна Ўзбекистонга қарашли бўлган баъзи бир ташкилотларнинг ҳам номлари зикр қилинди. Шу ташкилотлар номидан Юрий Жуковскийга Ўзбекистондан виза олиб берилган ва айтилишича, унинг сафарлари давомида моддий ёрдам етказиб турилган", дейди у.

Довудхон Назаровга кўра, отасига суиқасд уринишидан кейин ҳам жабрланувчининг аҳволи тўғрисидаги маълумот олишга уринилган.

"Шундай хулосалар бўляптики, буйруқни берган гуруҳлар ва шахслар ҳали ҳам оиламиз ва дадамларнинг қаерда эканларини фаол қидираётганларига ишора берувчи гап-сўзлар айтилган", дейди Довудхон Назаров.

Суиқасд уриниши ортидан Обидхон қори Назаров узоқ вақтгача шифохонанинг жонлантириш бўлимида сақланган.

Ўшандан бери Обидхон қорининг аҳволи яхшилангани айтилса-да, хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳозирги аҳволи ҳақида маълумотлар ошкор қилинмайди.

Довудхон Назаров Би-би-си билан суҳбатда "жароҳат оғир бўлгани ва бугунгача ҳам муолажалар давом этаётгани"ни айтди.

Гумондорга қарши айбловлар расман шу йилнинг 15 ноябр куни илгари сурилганди.

37 ёшли Жуковский жиноятга алоқаси борлигини рад қилган, бироқ 2012 йилда, яъни айнан жиноят содир этилган вақтда Обид қори яшаган Стромсунд шаҳрида бўлганини тан олган.

Ўзбекистон ҳукумати Швеция прокуратурасининг бу ишга шарҳ бериш илтимосини бир неча бор рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ