"Ўзбек қамоғидаги инсон ҳуқуқлари фаоллари озод этилсин"

Тошкентда ўтган ҳафта Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида инсон ҳуқуқлари вазияти борасида бўлиб ўтган учрашув ортидан Оврўпо Иттифоқининг Ташқи Амалиёт Хизмати баёнот чиқариб, Оврўпо Ўзбекистонни матбуот, фуқаролик жамияти ва диний гуруҳларга бўлган босимни юмшатишга чақирганини билдирди.

Иттифоқ Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг абгор аҳволи ва улар юз тутаётган қийноқлардан чуқур хавотирда эканини ҳам айтди ва барча инсон ҳуқуқлари фаолларини озод қилишга чақирди. Би-би-си Оврўпо Иттифоқи Ташқи амалиёт хизмати воизи Мая Кочиянчичдан учрашув қандай ўтганини сўради.

Кочиянчич: Ўтган ҳафта, 24 ноябрда Тошкентда Оврўпо Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида тўққизинчи йиллик инсон ҳуқуқлари бўйича учрашув бўлиб ўтди. Унда тутқунларга бўлган муносабат, сўз эркинлиги, аёллар ҳуқуқлари каби масалалар кўтарилди. Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонда, масалан, болалар меҳнатига чек қўйиш каби ижобий қадамлар қўйилганини ҳуш қаршилади ва Ўзбекистонни мажбурий меҳнат масалаларида халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда ишлашга чақирди. Биз шунингдек, ўзбек тарафини мустақил матбуот, фуқаролик жамияти ва диний гуруҳларга босимни юмшатишга чақирдик. Айни дамда биз маҳбуслар ушлаб туриладиган ёмон аҳволдан, ҳамда тутқунларга бўлган абгор муносабат ва баъзи ҳолларда ҳатто қийноқлар қўлланишидан жуда хавотирда эканимизни айтдик. Ҳамда биз Ўзбекистонни тутқунликдаги барча инсон ҳуқуқлари фаолларини озод қилишга ундадик.

Би-би-си: Тутқунлар шароитлари ҳақида гапирганингизда, ўзбек томонининг жавоби қандай бўлди?

Кочиянчич: Иккала томон ҳам бир-бирига қулоқ солишга ва бир-бирини тушунишга ҳаракат қилди. Агар сиёсий маҳбуслар масаласида гапирадиган бўлсак, уларнинг аҳволи ҳақида маълумот олиш жуда қийин. Бу ҳақида ҳисобот тайёрлаш ваколатига эга бўлган БМТ маърузачисига маҳбуслар аҳволини ўрганишга рухсат бериш керак. Биз ўзбек томонини шу мулоқотни тиклашга ва биз билан ишлашга чақирдик. Биз инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қатор журналистларнинг қамоқдан озод қилинишига чақиришда давом этамиз, биз уларнинг ҳар бири борасида ҳужжатлар тайёрлаб чиққанмиз ва ўзбек ҳукуматига топширганмиз. Ҳозирга қадар уларнинг фақат бир нечаси озод қилинди ва биз буни албатта ҳуш қаршилаймиз. Лекин, биз ўзбек томонини яна кўпроқ маҳбусларни, айниқса инсонпарварлик ёрдамига муҳтож маҳбусларни озод қилишига, янада очиқроқ бўлишига ва амнистия қонунларини қўллашига ундашда давом этамиз.

Би-би-си: Сиз БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачиси Ўзбекистонга киришига рухсат берилиши керак, дедингиз. Биз биламизки, Ўзбекистон ҳукумати бир неча бор бундай мулозимнинг келишига тўсиқ қўйган. Бу масалани яна кўтарганингизда, ўзбек томони муносабати қандай бўлди?

Кочиянчич: Тўғри, БМТ маърузачиси мана бир неча йилдирки Ўзбекистонга таклиф қилинмаяпти. Шу туфайли бизга Ўзбекистондаги вазият борасида аниқ маълумот олиш қийин. Агар бундай маърузачи киритилса, ўйлаймизки, икки томонга ҳам фойдали бўларди. Ўзбек томони бизга кўп масалаларда маълумот етказиб бераяпти, лекин баъзи масалалар, жумладан маҳбусларга бўлган ёмон муносабат бобида улар аниқ маълумот беришмаяпти. Бу албатта, давом этаётган жараён ва биз уларни янада очиқроқ бўлишга чақирамиз.

Би-би-си: БМТ маърузачиси бўлмаган вазиятда ҳам сиз Ўзбекистондаги маҳбуслар аҳволидан хабардор экансиз. Қай йўллар билан оласиз бу маълумотларни?

Кочиянчич: Ҳали айтганимдек, вазиятни баҳолаш қийин ва биз қандай маълумот ола олсак, ўшанга таяниб иш олиб борамиз. Кўп хабарларни мустақил маҳаллий манбалар ва халқаро ташкилотлардан оламиз. Оврўпо Иттифоқининг ўзи ҳам қамоқдаги баъзи инсон ҳуқуқлари фаолларини бориб кўришга рухсат сўраган. Аммо, бу илтимосимизга ҳозирча жавоб берилгани йўқ. Мана шу йўллар билан биз аниқ вазиятни билишга уринамиз. Биз ўзбек ҳукуматидан келадиган хабарларга ҳам таянамиз, чунки маълумки, ўзбек омбудсмени ҳам бу ишларга жалб қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio