Каримов қизларни эрта турмушга бермаслик ҳақида огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи umida ahmedova

Президент Ислом Каримов ота-оналарни қизларни 19-20 ёшдан эрта турмушга бермаслик ҳақида огоҳлантирган.

"Бу менинг кўрсатмам", - деб айтган Президент Намангандаги чиқишида.

У прокурорларни айни масалага алоҳида эътибор қаратишга чақирган.

"Туман прокурорлари бунга эътибор қаратишлари керак. Бу қонунларимизда кўрсатилган. Агар одамлар тушунмаса ва қизларини эрга бериб юборишга шошилса, биз уларга тушунтириб қўйишимиз керак. Менинг ўзим шу масъулиятни зиммамга оламан", - деган президент 27 ноябр куни давлат телевидениеси орқали намойиш этилган чиқишида.

Жаноб Каримовга кўра, қизларнинг мактабни тугатгач яна 3 йил таҳсилни давом эттиришлари мақсадга мувофиқдир.

"Касб-ҳунар коллежларида ўқиб, касб-ҳунар эгаллашлари керак. Шунда қизларимиз бошқа оилага бошларини баланд кўтариб кириб борадилар", -деган президент.

Қонунда қизларнинг 17 ёшдан турмушга чиқишлари мумкинлиги кўрсатилган.

2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги "Оила" маркази қизларнинг турмушга чиқиш ёшини 17 дан 18 га кўтаришни тавсия қилган эди.

Диндорлик даражаси

Айрим таҳлилчиларга кўра, президентни айни масалага эътибор қаратишга Наманганда қизларни эрта турмушга бериш ҳолларининг кўпайгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Аммо Каримов ўз чиқишида ҳеч қандай статистик маълумотларни келтирмаган.

Фарғона водийсининг Наманган, шунингдек, Қўқон ва Марғилон каби шаҳарлари хатто совет даврида ҳам анъанадор ва "динга кўпроқ берилган" шаҳарлар сифатида кўрилган.

1980-йиллар ўрталарида Наманганда аёлларнинг рўмоли ва бошқа диний деб қаралган кўринишларга қарши йирик кампания олиб борилганди.

Аммо алоҳида бир минтақада Исломни нишонга олган кампания аҳолининг норозиликларига сабаб бўлган.

Image caption Президент қизларни эрта турмушга бериш масаласини шахсан назорат қилишини айтган

"Каримовнинг ҳозирги чиқиши ана шу кампанияни ёдга солади,"- дейди номи ошкор этилишини истамаган Намангандаги университетлардан бирининг ўқитувчиси.

"Президент ҳамма вақт Наманган аҳолисининг диндорлигидан ташвишда бўлган. У 1991 йилда Наманганда ҳокимиятни эгаллаб олган Тоҳир Йўлдош бошчигидаги "Ислом лашкарлари" билан учрашувини ҳеч қачон эсидан чиқармайди", дейди суҳбатдош.

Унинг фикрича, ҳозирда "Исломий давлат" гуруҳидан хавотирлар ортиб бораётган бир пайтда ҳокимият яна бир марта ўз назарини "Намангандаги Ислом ва у билан боғлиқ барча атрибутларга қаратаётган бўлиши мумкин".

Ўзбекистоннинг турли минтақаларидаги тўй-маросимларни кузатиб келаётган таниқли фотограф Умида Аҳмедованинг фикрича, фақат диний омил эмас, балки ижтимой-иқтисодий омиллар ҳам ота-оналарнинг қизларини эрта турмушга бериш қарорларига таъсир ўтказаётган бўлиши мумкин.

"Йигитлар Россияга кетиб қолишаяпти, қизлари "ўтириб" қолишидан қўрққан ота-оналар уларни тезроқ эрга бериб юбораётган бўлишлари мумкин. Иқтисодий аҳвол оғирлашгани сайин иккинчи хотин бўлишга рози ёш аёлларнинг ҳам кўпайиб бораётганини кўраяпмиз",- дейди у.

'Таҳдид'

Би-би-си манбаъларининг айтишича, ҳозирда Наманган шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида президентнинг чиқиши юзасидан муҳокамалар бошланиб кетган.

"Ростини айтсам, президент маърузасининг шу ерини эшитиб ажабландим, - дейди Би-би-сига ўз фикрларини йўллаган ота-оналардан бири.

"Ўзбекистон Республикасининг "Оила кодекси"да қизларга никоҳ қуришга 17 ёшдан рухсат берилади. Бу қонун мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган, уни Сенат маъқуллаган ва президент имзолаган бўлгандан кейин, шу қонун доирасида иш қилган шахсларга нисбатан очиқ-ойдин таҳдид бўлаяпти. Бу таҳдид ким томонидан? Шу қонунларнинг ижроси ва Конституциянинг кафолати саналган мамлакатнинг энг олий раҳбари томонидан".

Наманганлик отанинг сўзларига кўра, Наманганда қизларни эрта турмушга бериш урф бўлгани рост, аммо бу ўтмишда қолиб кетган.

"Шахсан мен қизларни ўқитишни истамайдиган одамларни доим танқид қилиб келганман. Қизлар ҳам йигитлар сингари билим олишлари, жамият учун фойдали ҳар томонлама етук инсон бўлиб етишишлари лозим. Наманган шаҳрида илгари қизларни эрта бериш урф бўлгани рост. Аммо бу иллат ўтимшда қолиб кетди. Биласизми, илгари вилоят туманларида олий маълумотли қизлар серхаридор эдилар. Ҳозир туманлик танишларимдан "ҳозир ҳам шундайми?" деб сўрасам, "Ҳозир бозорга чиқиб савдо қиладиган қизлар серхаридор бўлиб қолди", -деб жавоб берди. Демак, ҳукуматимиз мамлакатда шундай шароит ва шундай иқтисодий муҳит яратиши керакки, совчилар ўқимишли, билимли қизларни излайдиган бўлишсин. Ҳукумат шунинг йўлини топишга ҳаракат қилса, халқ албатта буни қўллаб-қувватлайди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio