Каримов: 'Қонунлар ишламаяпти'

Фото муаллифлик ҳуқуқи varlamov.ru
Image caption Президент Каримов биринчи марта милиция ҳақида махсус қонуннинг йўқлигига эътибор қаратган

Конституция куни муносабати билан қилган чиқишида Президент Ислом Каримов қонунни ҳимоя қилувчи идораларни қонунбузарликлар содир этаётгани учун танқид қилган.

Президентга кўра, мамлакатда қонун устуворлиги таъминланмаётир.

Фуқароларнинг шикоят ва аризаларига эътибор қаратган президент "ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ноқонуний қарорлар қабул қилаётганидан, бу идораларнинг мансабдор шахслари қўпол муомалада бўлаётганидан, аҳоли мурожаатлари улар томонидан тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилмаётгани"ни таъкидлаган.

Президент Олий Мажлис Сенатини қисқа муддатда прокуратура фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва унинг фаолияти қонунийлиги масаласини кўриб чиқишга чақирган.

Жаноб Каримов "одамларнинг у ёки бу давлат органлари қарорларидан норози бўлишга тўла ҳақли" эканликларини айтган.

Президентга кўра, "қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса", одамларнинг Конституцияга ишончи йўқолади.

Каримовнинг мухолифлари унинг ўзини Конституциянинг 90-моддасини қайта ва қайта бузишда айблайдилар.

Унга мувофиқ, бир шахс икки марта кетма-кет президентликка сайланиши ман этилади.

Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари шу йил мартида қайта сайланган Каримовнинг навбатдаги, расман тўртинчи муддатининг қонунийлигини савол остига олишган.

'Нормал эмас'

Жаноб Каримов ҳозирга қадар милиция ва прокуратура фаолиятини тартибга солувчи махсус қонуннинг йўқлигини "нормал ҳолат эмас", деб таърифлаган.

"Бугунги кунгача ички ишлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг йўқлигини ҳам нормал ҳолат, деб бўлмайди. Шунинг учун мазкур органларнинг, биринчи навбатда, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш ҳамда уларга тузатишлар киритиш зарур", - деб айтган президент.

Унинг сўзларига кўра, "халқ ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди".

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption "Халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди"

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг энг кўп ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан поймол этилишини қайд этиб келадилар.

Маҳаллий фаоллар мамлакат парламентини милиция ҳақидаги махсус қонунни қабул қилишга чақирганлар.

Уларга кўра, бу каби қонуннинг йўқлиги кўпинча инсон ҳуқуқларини поймол этган милиция, прокуратура ва махсус хизматлар ходимларининг жазосиз қолишига йўл очмоқда.

Механизм йўқ

Президент Каримов шунингдек, бошқа соҳаларда ҳам қабул қилинаётган қонунларни амалга тадбиқ этиш бўйича механизм йўқлигини тан олган.

"Афсуски, кўп ҳолатларда бу қонунларга мувофиқ белгиланган нормаларни қандай вазиятда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берадиган ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини аниқлаб берадиган ҳужжатларни қабул қилишни кейинга сурамиз", -деб айтган президент

У Олий Мажлисни қонунлар билан бирга "уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш"га чақирган.

"Токи бу қонун ва механизмлар ҳаётдаги аниқ муносабатларни кенг миқёсда амалда тартибга солиб борсин", -деган Ислом Каримов.

'Барқарор ўсиш'

Жаноб Каримов мустақиллик йилларидаги анъанага мувофиқ, 2016 йилга ҳам расмий ном берган.

Янги йил Ўзбекистонда "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилинган.

Президентга кўра, "Кексаларни эъзолаш йили" деб эълон қилинган 2015 йилда давлат дастури доирасида "2 триллион 246 миллиард сўм ва 225 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланган".

Президент жумладан, пенсияларнинг "ўз вақтида ва узлуксиз етказиб берилгани"ни алоҳида таъкидлаган.

Аммо жойларда нафақахўрлар пенсияларнинг кечикиши ва мажбуран пластик карточкаларга ўтказилаётганидан шикоят этишади.

Жаноб Каримов "Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида асосан пахта хомашёси етказиб берадиган қолоқ республикалардан бири бўлганини таъкидлаб, тарихан қисқа даврда мамлакат барқарор суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий давлатга айлангани барча-барча кузатувчиларни ҳайратда қолдириши"ни айтган.

Пайшанба куни Сенат 2016 учун давлат бюджетини қабул қилган, унда охирги йилларда биринчи марта иқтисодий ўсишнинг 8 фоиздан кам бўлиши кўзда тутилганди.

Расмий рақамларга кўра, янги йилда ялпи маҳсулот ҳажмининг ўсиши 7.8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Бу мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатининг ўтган йилгидан 0.3 фоизга пасайишини англатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio