'Мурод Жўраевнинг паспорт олишига тўсқинлик қилинмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мурод Жўраев озодликка чиққан кун

Ўзбекистонда энг узоқ қамоқ муддатини ўтаган сиёсий маҳкумларидан бири Мурод Жўраевнинг паспорт сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилган.

Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, Мурод Жўраев озодликка чиққанига бир ой бўлганига қарамай, паспорт олиш учун навбатга ҳам тура олгани йўқ.

"Мана бир ойдирки, унга паспорт берилмаяпти. Қамоқдан чиққан ва озод қилингани ҳақидаги маълумотномаси бўлган одамларга навбатдан ташқари равишда паспорт берилиши керак. Аммо, турфа тўсиқлар ва баҳоналар билан бунга йўл қўйишмаяпти", дейди "Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Атаева.

Маълумки, 21 йиллик маҳкум Мурод Жўраев жорий йилнинг 12 ноябрида озодликка чиққанди.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси аъзоси бўлган 63 ёшли Мурод Жўраев 1995 йилда давлат ҳокимиятини ағдаришга уринишда айбланиб, 12 йилга маҳкум этилган.

Унинг қамоқ муддати уч марта узайтирилган. Қамоқ йиллари унинг саломатлигига жиддий путур етгани айтиб келинади.

"Паспорт ололмаслик унинг учун жиддий оқибатларни келтириб чиқаради. У бу ҳужжатсиз бир ҳеч қаерга бора олмайди, ҳатто бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кетолмайди. Ҳозир ҳуқуқ-тартибот органлари барча шубҳали шахсларни ушлаш ҳуқуқига эга бўлган. Агар кишида шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, у одам шахсини аниқлаштириш учун қўлга олиниши муқаррар. Мурод Жўраев Тошкентга бориб, касалхонада даволашни истаётганди. Паспортсиз у на поезд ва на самолётга чипта ола олади. Ҳатто, автомобилда ҳам Тошкентга кета олмайди, чунки йўл-траспорти назоратчилари текширишлари ва паспорт тақдим қила олмагани тақдирида у ниҳоясиз суриштирувларга рўбарў бўлиши мумкин".

Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш жараёни ҳали ниҳоя топмаган.

Ўзбекистонлик фаоллар янги паспорт олиш учун навбатлар келаси йилнинг июл ойларига қадар ҳам чўзилганини айтишади.

Президент қарорига кўра, эски паспортларнинг амал қилиш муддати 2015 йил декабригача белгиланган.

Аммо, Надежда Атаевга кўра, расмийлар Мурод Жўраевнинг паспорт олиш учун ариза топширишига тўсқинлик қилишмоқда.

"Худди унга паспорт бермаслик тўғрисида оғзаки буйруқ берилгандек тасаввур ҳосил бўлади. Биласиз, Мурод Жўраевнинг соғлиғи жуда ёмон. Қамоқда у сил билан оғриди. Совуқда ушлаб қийноққа солиниши ортидан сурункали буйрак шамоллашини орттирган. Қулоқлари оғрийди, кўзи хиралашган, тишлари тўкилган. Унинг ҳам асабий ва ҳам жисмоний жиҳатдан аҳволи ёмон. унга зудлик билан тиббий муолажа зарур. Паспортсиз эса, бунинг ҳеч иложи йўқ", дейди

1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, бу йилларда Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган.

Мурод Жўраев ҳали Борис Елциндан ҳам илгари коммунистик партиянинг Муборакдаги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган.

У 1990 йилда сайланган Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ