Биометрик паспорт: Муҳожирлар аро йўлда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бугун Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни. Москвадаги "Фуқаровий кўмак" нодавлат ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина меҳнат муҳожирларининг инсон ҳуқуқлари қандай бажарилишини мониторинг қилади.

Ўзбекистон ва мамлакат ташқарисида биометрик паспорт машмашаси давом этар экан, Россиядаги миллионлаб меҳнат муҳожирларини бу масала мушкул вазиятда қолган.

Светлана Ганнушкинага кўра, 2016 йил январигача ўз жорий ҳужжатларини биометрик паспортга алмаштириш кераклиги борасидаги хабарларни эшитиб, унинг ташкилотига мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг сони сўнгги пайтда кўпайган.

С. Ганнушкина: Ташкилотимизга Ўзбекистонга қайта ололмаётган одамлар мурожаат қилишган, уларни бу жуда қаттиқ ташвишлантиради. Айни масалада Россия мулозимларининг муносабати ҳанузгача аниқ эмас. Назаримда, бошпана мақомини қўлга киритганларга жорий паспорт ўрнига эҳтимол бошқа ҳужжат берилади. Лекин қай муддатга берилиши аниқ эмас. Дейлик, вақтинчалик бошпана мақомининг муддати тугаганида, уни узайтириш учун паспорт керак бўлади. Бошқа томондан, вақтинчалик қочқин мақоми берилган шахслардан сафар қилмасликлари талаб қилинади. Улар Россияни тарк этмасликлари керак. Шунинг учун жуда кўп мушкулотлар пайдо бўлмоқда. Ўзбекистонга сафар қилишдан хавфсираётган муҳожирлар учун айниқса вазият жуда қийин...

Би-би-си: Бу халқаро инсон ҳақлари андозаларини ҳимояловчи қонунларга қандай мос келади?

С. Ганнушкина: Ҳалқаро қонунчилик нуқтаи назаридан гапирсак, бу масалада аниқ бир қоида ифодаланмаган. Лекин, масалан, Россияда мен ҳатто совет даврида олинган паспортим билан узоқ муддат давомида бемалол юрганман. Қоидага кўра, маълум бир муддатга берилган паспорт ўша муддат давомида ҳақиқий деб саналади яъни амал қилиши керак ва унинг муддати ўтгани билан алмаштириш кераклиги талаб қилинади. Ўзбекистон фуқароларига мисол учун 2012 йилда берилган оддий паспортнинг муддати ҳали ўтгани йўқ, бироқ улардан биометрик ҳужжатга алмаштириш учун қисқа вақт қуйилгани нотўғри деб ўйлайман . Менимча, бу ҳаракатларни қийноқлар билан солиштириш мумкин. Чунки агар инсон Ўзбекистонга қайтишдан қўрқса, у бошқа МДҲ мамлактларида ҳам қонуний мақомини йўқотиши мумкин ва бошпана олишга мурожаат қилишни ўзи учун ягона йўл деб ҳисоблаши мумкин. Бу каби одамлар учун айни вазият фожиа деб атасак бўлади.

Би-би-си: Лекин бундай ҳолатга тушган Ўзбекистон фуқаролари нима қилишлари керак? Ёки ўзбек расмийлари қандай қўшимча чора-тадбир кўришлари мумкин?

С. Ганнушкина: Расмийларнинг ҳаракатлари мантиққа тўғри келмайдиган талаб. Элчихона қошида катта бир идорани очиб, паспортларни Россиянинг ўзида беришлари лозим, агар шунчалик зарурият бўлса! Назаримда, ушбу ҳаракатлар орқали ўзбек расмийлари мамлакатдан ташқари бўлган диаспорани, яъни ўз фуқароларини назорат остига олишмоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com

Би-би-си: Сиз бошида бошпана сўровчиларни тилга олдингиз. Бундай шахсларнинг сони сўнгги паспорт талаблари юзасидан бошпана олиш учун мурожаат қилишлари кўпаяди, деб ўйлайсизми?

С. Ганнушкина: Сўзсиз, бундай одамларнинг сони кўпаяди. Ўзбекистон фуқаролари Россия ва Қозоғистон ҳудудларида меҳнат қиладилар. Кўпларнинг оилалари бор. Улар жорий ҳолатга кўникиб, яшаб келишмоқда. Вақт-вақти билан улар ўз ватанига бориб қайтиб келишарди, кўплар иш патентини қўлга киритишга муваффақ бўлган. Аксар меҳнат муҳожирлари учун Россияда қулай шароитлар яратилди, деб айтсам бўлади. Улар Россия ҳудудида бемалол ишлашади. Энди эса ҳовлиқмалик ва ортиқча ҳаражат бошланиб кетади. Шунинг учун ноиложликдан кўплаб ўзбекистонликлар бошпана олишга қарор қилишлари турган гап ва бундай одамларнинг сони минглаб бўлиши мумкин.

Би-би-си: Январдан кейин Россия расмий идораларининг муносабати қандай бўлиши ҳақида нима дея оласиз?

С. Ганнушкина: Гап шундаки, бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот идораларимиз муҳожирлар борасида, ёки хусусан, уларни депортация қилиш борасида қарорларни жуда енгиллик билан қабул қилишади. Ва судларимиз мазкур қарорларни ҳамиша тасдиқдан ўтказишади. Мисол учун, маҳкама жараёнида бир судланувчи унинг хотини олиб келган ҳужжатларни олиш учун бинодан чиқиб кетганида, уни ҳибсга олиб, ҳибсхонага жойлаштириш ҳоллари жуда кўп. Бу меҳнат муҳожири ҳибсхонада ўтирганида на ишлай олади, на оиласини боқа олади. Ва Москва шахар судининг “Текширув вақтида хорижий фуқаро тегишли ҳужжатларни кўрсатиши керак” деган қарори, менимча, шафқатсиз қарорлардан бири. Бу ваҳший бир бемаънилик. Биз ҳозирда Москва судларининг муҳожирларга оид ишлари устидан кузатув олиб бораяпмиз. Муҳожирларга янги йилдан бошлаб “облава” ёки ов қилишларни уюштиришни кўзлаётган Россия полицияси ва судлар депортация ҳақида енгил, осонгина қарор чиқаришларини инобатга олиб, бу келажакда жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, деб айтсам бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio