Паспорт машмашаси: Айб кимда?

Image caption Ўзбекистонда биометрик паспорт олиш жараёни кўпчилик учун югур-югур, пора тутқазиш, таниш-билишчилик ва текшир-текширга айланган.

Ўзбекистонда эски паспортларни биометрикларига алмаштириш муҳлати тугаб бораётганидан қанчалик хавотирдасиз, деган саволга кўпчилик ўз бошидан ўтган мисоллар билан жавоб берган.

Кўринишича, ҳар кимнинг қаерда яшашига қараб, тажрибаси ҳам ҳар хил.

Ҳасан Абдураззоқов, масалан, паспорт олишга пули йўқлигини ёзади.

"Паспорт алмаштириш учун пул етмаяпти. Бола-чақа, рўзғордан ортмаяпти" - дейди бу ўқувчи.

Айб одамлардами?

"Одамларга ҳайронман, эски паспортлар 2015 йил охиригача амал қилишини била туриб, шунча вақт ичидаям биометрик паспорт алмаштириш ҳаракатини қилмаганлар" - биринчилардан бўлиб фикр қолдиради Диля Матьякубова.

"2011 йил январидан киритила бошланди биометрлик паспортлар. Ҳадемай беш йил бўлади. Лоқайдлик қилиб, энди айбни бошқалардан қидиришнинг кераги йўқ".

Унинг ёзишича, ўзини ортиқча уринтиришга эриниб, айбни ҳукуматга тўнкайдилар бор ва шу жамиятда яшагандан кейин ўрнатилган тартиб-қоидага риоя қилиш шарт.

Зуҳра Қосимова ҳам унинг гапларига қўшилади ва бир ярим йил олдин ўзи ҳам, эри ҳам бир ҳафтага етмасдан паспорт алмаштира олишганини айтади.

Бироқ Гул Башибуюк айни фикрларга эътироз билдирган.

"Мен 2014 йил май ойида навбат олдин ва 20 кун ўтиб расмга тушдим. Кейин роппа-роса 40 кунда паспортимни олдим" - дейди Гул Башибуюк.

"Виза учун бердим ва визам 25 кунда чиқди. Ёзда чет элга чиқиб, дам олиш учун бошлаган ишим ёз охирида, таътил тугаганида битди".

"Бир ҳафтада паспорт олдим, деган ҳикояларга ишонмайман" - хулоса қилади бу ўқувчимиз.

Айб ҳукуматдами?

Тоҳир Билолов эса айни ўринда халқни айбламасдан, балки ҳукумат чиқарган қарорни савол остига олади.

"Бу қонун аҳоли сони, ўсиш суръати ва биометрик паспортларни босиб чиқариш учун мавжуд логистика ҳисобга олинмасдан чиқарилган" - ёзади Тоҳир Билолов.

"Ўзбекистон ҳукуматининг расмий муассаса эмас, балки масхарабозлар тўпланган бир карвонсарой эканлигини кўрсатиб қўймайдими?"

Айни фикрни Малик Аманов ҳам қўллаб-қувватлайди.

"Давлат паспортга керакли қоғозларни сарҳисоб қилмагани учун халқ айбдор эмас" - дейди Малик Аманов - "Биз 3 ой паспорт кутдик. Паспорт келмади".

Абдурашид Юнусов исмли тингловчи эса мамлакат пойтахти мисолида аҳоли сонига қараб ҳисоб-китоб қилишга интилади.

"Тошкентдаги туманларда 4 йил ичида ҳар куни 250тадан одамни қабул қилишса, улгуриш мумкин" - дейди Абдурашид Юнусов - "2016 йил охиригачаям улгуришмайди".

Паспорт ва фуқаролик

Насрулло Сайид исмли ўқувчи эса сиёсий айбловлар билан қамалиш таҳдиди остида 10 йил олдин Ўзбекистонни тарк этиб, Канадага кетганини, аммо энди ҳар сафар паспортини алмаштириш учун Ўзбекистон ваколатхонсига мурожаат қилса, унга янгидан-янги жиноий ишлар очилганини айтади.

"Агар биометрик паспортга ўтиш муддати тугаса, биз нима қиламиз? Фуқаролигимиз нима бўлади? Фуқароликсиз қолдириш халқаро қонунларга мос келадими?" - бир нечта савол қўяди Насрулло Сайид.

"Бу инсон ҳуқуқлари халқаро пакти нормаларига ҳам ахир зид-ку? Менга ўхшаб Ватандаги сиёсий таъқиблардан қочиб, ҳанузгача ўз юртига боролмаётган фуқаролар жуда кўп".

"Мустақил бўлганимизга 25 йил бўляпти" - фикрини давом эттиради Насрулло Сайид - "Каримов ўзи ваъда қилган демократик ислоҳотларни қачон бошлайди?"

"Ўзгача фикрлагани учун ўз фуқароларини таъқиб қилишга чек қўйиш вақти етиб келмадимикин?"

Паспорт муаммоси борми ё йўқми?

Дилмурод Ходжабаев исмли тингловчимизга кўра, ким биометрик паспорт оламан, деб ҳаракат қилса, бу муаммо эмас.

"Икки-уч ой муаммо эмасми?" - унга эътироз билдиради Курбан Назаров.

"Эски паспорт муҳлати тугаганида янги паспортни олинганида эди, паспорт столида аҳоли бунчалик тиқилинчда, 2-3 ойлик навбатларда қолиб кетмасди" - фикр ташлайди Кавказ Асираси лақабли ўқувчимиз.

"Шу йил март ойида паспорт учун ҳужжат топширган онам августда янги паспорт олишга муваффақ бўлди ва шунда ҳам таниш-билиш дегандек, одамлар аралашди".

Стрелец лақаби остида фикр қолдирган ўқувчимиз эса янги йилгача қолган бир неча ҳафта ичида Ўзбекистонда барчанинг паспорт олиб улгуришига ишонмайди.

"Менимча, яна бир йилга узайтирилса керак, чунки бир ой ичида қолган аҳолини янги паспортга ўтказишнинг техник жиҳатдан имкони йўқ" - дейди Стрелец.

"Охирги маълумотларга қараганда, президентга шу ҳақида ҳисобот киритишга тайёргарлик кўриляпти".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ