Ўзбекларни Туркиядан қайтишга ундашмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Ўзбекистон ўзининг Туркиядаги фуқароларини ватанга қайтишга ундамоқда. Бу ҳақида Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлари хабар тарқатди.

Мақолаларга кўра, бу жараён Ўзбекистондаги аксилтеррор ҳаракатларнинг бир қисмидир. Хабар қилинишича, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва маҳалла қўмиталари фаоллари Туркияда кўп йиллардан бери ишлаб ва яшаб келаётган фуқароларнинг Ўзбекистондаги қариндошлари билан гаплашмоқда ва ўз яқинларини Туркиядан қайтаришга чақиришмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллиги ходими бу каби хабарлар асоссиз эканини айтди. "Туркияда қолиб ўқиш ва ишлаш рухсатномангиз бўлса, ҳеч қандай хавотирга асос йўқ", - деди консулликнинг турк ходими.

Шунингдек, ходим ўзбекистонликларнинг ватанга қайтиш суратларида ҳеч қандай ўзгариш сезилмаётганини билдирди.

Халқаро радикаллашув ва сиёсий зўравонликларни ўрганиш марказининг тадқиқотларига кўра, ҳозирда 500 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари Сурия ва Ироқдаги жангариларга қўшилишган.

Жангарилар энг кўп ҳолларда Туркиянинг назорат суст бўлган жанубий чегаралари орқали Сурияга ўтганлар. Аммо, охирги ойларда бу чегараларда назорат кучайтирилган ва ИШИД сафларига ёлланма хорижий жангарилар қўшилиши сусайган.

«Восточный Экспресс» нашри билан суҳбатлашган бир маҳалла фаоли Ўзбекистондаги яқинлари билан мунтазам алоқада бўлмаётган ватандошлар хавотирга сабаб эканини айтган.

"ИШИД сафларига қўшилаётган ўзбекларнинг кўпчилиги Туркияда яшаган, кейин эса Сурияга ўтган ўзбеклар. Шунинг учун, биз уларнинг оилалари билан батафсил суҳбатлашиб уларнинг яқинлари Туркияда алданиб қолиб, террор ташкилотлари таъсири остига тушиб қолмасликларидан огоҳлантираяпмиз. Агар бизнинг Туркиядаги фуқаромиз Ўзбекистондаги яқинлари билан тез-тез суҳбатлашса, хавотирга асос йўқ. Лекин, аён бўлдики, баъзилари ярим йил ё бир йил уйларига телефон қилмаганлар. Бу одамлар қаерда эканлари ё нима иш қилаётганларини ҳеч ким билмайди", - дея иқтибос келтиради нашр бир фаолдан.

Туркияда яшаётган ва ўқиётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот йиғилиши янгилик эмас. Би-би-си билан суҳбатда бўлган бир талабанинг айтишича, у Ўзбекистонга таътилга борганида уч марта суҳбатга чақирилган.

Аёл суҳбатдошнинг айтишича, Миллий хавфсизлик хизмати ва милиция ходимлари ундан Туркияда нима иш қилиши, кимларни билиши, нега ҳижоб ўраши ҳақида саволлар сўрашган. Улар, шунингдек, талаба қизга фақат диний идоралар ходималари ҳижоб ўрашга ҳақли эканларини таъкидлаб, Туркиядан Ўзбекистонга бутунлай қайтиб келишни тавсия қилишган.

Ўзбекистон фуқаролари Туркияга визасиз сафар қилишлари ва уч ойгача қолишлари мумкин. Минглаб ўзбекистонликлар Туркиянинг катта шаҳарларида савдо, туризм соҳасида нон топиб келадилар, кўплаб ўзбек аёллар эса қарияларга қараб, оқсочлик қиладилар.

Яна бир суҳбатдошнинг Би-би-сига айтишича, Туркиядан қайтган ўзбекистонликларнинг босимга олиниши ошгани сабаб, Туркияда ишлаб келган баъзи ўзбекистонликлар Бирлашган Араб Амирликларига иш қидириб кета бошлаганлар. "Туркияда ойлик кам, уй хизматкори кўпи билан ойига 700 доллар олади. Дубайда эса 1500 долларгача топиши мумкин", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio