Президентликка номзод учун имзолар камайиши нимани ўзгартиради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ислом Каримов охирги президентлик сайловларида 90,39% овоз билан навбатдаги беш йиллик муддатга сайланди

Ўзбекистон фуқароси учун президентликка ўз номзодини илгари суриши йўлида зарур бўлган имзолар сони 1 миллиондан 200 мингга туширилади. Шунингдек, Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тавсияси билан, сайловдан олдинги бир кун давомида сайловолди тарғибот ишлари олиб борилмайди.

Бу ҳақида Ўзбекистонда нашр этилувчи Спутник ва Подробно сайтлари хабар тарқатишган.

Имзолар сонини сайловчиларнинг 5 фоизидан 1 фоизига туширилиши борасидаги қонун лойиҳаси келгуси йил бошида Ўзбекистон парламенти депутатлари томонидан муҳокама қилиниши мўлжалланган.

Парламент матбуот котибининг Спутник сайтига айтишича, 1 миллион имзо йиғиш талаби номзодлар учун катта маъмурий қийинчиликлар туғдириб келган.

Янги қонунга биноан, сайловлардан бир кун аввал "сокин кун", яъни сайловолди тарғибот ишларининг тўхтатилиши ҳам кўзда тутилади.

Ҳозирда "сокин кун" қоидасига фақат парламент сайловларидан бир кун олдин амал қилинади.

"Яхши ўзгариш"

Сиёсий таҳдилчи Фарҳод Ҳазратқуловнинг Би-би-сига айтишича, бу Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳотлар доирасида қўйилган ижобий қадамдир.

"Бу яхши хабар, менимча. Яхши бир ўзгариш. Бу Ўзбекистонда президентликка номзодлар олдида бўладиган бюрократик тўсиқлардан бирининг реал ҳаётга мослашган ҳолда олиб ташланишини англатади. Авваллари 1 миллион имзо тўплаш учун у номзодда ҳам маъмурий, ҳам молиявий заҳиралар жуда юқори бўлган бўлиши керак эди. Энди эса имзоларнинг 200 мингга тушиши ҳар бир лидер эришиши мумкин бўлган реал кўрсаткич бўлаяпти", - дейди таҳлилчи.

Жорий йилнинг 29 мартида давлат раҳбари Ислом Каримов президентлик сайловларида 90,39% овоз билан навбатдаги беш йиллик муддатга сайланди.

Унга қарши ўз номзодларини илгари сурган Акмал Саидов, Хотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровлар, мухолифат ва халқаро таҳлилчиларга кўра, мамлакатдаги ҳақиқий ҳурфикрлиликни акс эттирмаганлар.

2008 йилги президентлик сайловларига ўз номзодини илгари суришини айтган тошкентлик иқтисодчи ва мустақил номзод Жаҳонгир Шосалимов ўз оиласи босимга учраганини даъво қилган ва сайловлар рақобатсиз ўтишини айтганди.

Фарҳод Ҳазратқуловнинг айтишича, Ўзбекистон сайлов қонунларида ҳали ислоҳ қилиниши зарур бўлган муаммолар кўп.

"Масалан, сайловларнинг ҳаққоний ва ҳурфикрлилик, демократик андозаларга мос равишда ўтиши учун ҳали жамиятда жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилиши керак. Жамиятда сиёсий ҳаракатларнинг том маънода чуқур илдиз отиб, партияларнинг пайдо бўлиши, рақобатбардошлик муҳитининг пайдо бўлиши - сайловларнинг янада ҳаққоний ва демократик ўтишини ўлчаб турадиган мезон. Ана шундагина, сайловларимизни Оврўпо ёки жаҳон стандартларидаги эркин сайловлар дея ҳисобласак бўлади. Лекин, бугунги ўзгариш барибир ижобий, чунки у жамиятдаги сиёсий фаоллашувга олиб келади", - дейди таҳлилчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio