Алишер Усмонов ‘йилнинг меценати’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россиянинг худди шу номдаги ташкилий қўмитаси асли ўзбекистонлик миллиардерни йилнинг маданият ва санъатга ҳомийлик қилувчи бадавлат одами, деб топди.

Хабарларга кўра, мукофот аллақачон Алишер Усмоновга топширилган.

Тақдирлаш маросими эса, IV Халқаро маданият форуми доирасида Санкт-Петербургдаги Россия этнография музейида бўлиб ўтган.

Ўз қарори сабабини изоҳларкан, ташкилий қўмита “Маданият, илм-фан ва спорт” хайрия жамғармаси асосчисининг кўплаб лойиҳаларини алоҳида қайд этиб ўтган.

Уларнинг сирасида улуғ рус шоири Лермонтовнинг болалиги кечган “Тархани” музей-қўриқхонасининг қайта таъмирдан чиқарилиши, таниқли рассомлар ижод намуналарининг қўлга киритилиши ва жамғарма томонидан уюштирилган қатор кўргазмаларни тилга олган.

Бундан ташқари, жамғарманинг айрим машҳур театрлар фаолиятини дастаклаш, Россия Тинчлик жамғармаси билан ҳамкорликда қатор таниқли шахслар хотирасига ҳайкаллар барпо этишда қўшган ҳиссасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.

Россиянинг қатор нашрлари, ўз ўрнида, Алишер Усмоновнинг хайрияпарварликка оид сўзларидан иқтибос келтиришни ҳам унутишмаган.

“Хайрияпарварлик тушунчасини мен каби бутун жамият учун ҳам бир жумлада ўз ифодасини топади, у ҳам бўлса - инсонлар яқинларини худди ўзлари каби севишлари керак”, - деб айтган асли ўзбекистонлик миллиардер.

“Йилнинг меценати” мукофоти Россия Маданият вазирлиги томонидан таъсис этилган ва илк бор ўз соҳибига 2014 йилда топширилган.

Ушбу мукофотни таъсис этишдан мақсад эса, Россиядаги муассаса, корхона, ташкилот, жисмоний шахсларни маданият ва санъат соҳасида кўпроқ хайрияпарварлик ва ҳомийлик қилишга ундаш бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Жаноб Усмонов, йилларки, турли халқаро нуфузли нашрлар таснифида Россия, Британия ва дунёдаги энг бой одамлардан бири саналиб келинади.

Миллиардер мобил алоқа, медиа ва интернет соҳасидан ташқари Англиянинг етакчи футбол жамоаларидан бири – “Арсенал”нинг ҳам анчагина фоиз ҳиссаларига эгалик қилади.

Алишер Усмонов яқинда америкалик биолог олим Жеймс Уотсоннинг Christie's кимошди савдосига қўйилган Нобел мукофоти медалини 4,8 миллион долларга сотиб олиб, катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Россиялик миллиардер медални ўз соҳибига қайтаришга қарор қилганди.

Британиянинг "Independent" газетаси ўшанда америкалик олимнинг медалини бунчалик йирик баҳода харид қилиб, жаноб Усмонов ўзига хос рекорд ўрнатганини алоҳида қайд этиб ўтганди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бу хабар анчагина баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Бир қанча фойдаланувчилар Усмонов Нобел мукофотини сотиб олгунча, ўша пулларни Россияда юрган муҳожирларга сарфласа яхши эмасми, деган фикрни ҳам билдиришганди.

Бошқа бирлари шундай саховатли инсоннинг ўзбек эканлигидан фахрланишлари ҳақида ёзишганди.

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов бундан аввал ҳам кўплаб хомийлик тадбирларига бош қўшган.

Жаноб Усмонов матбуот хизмати маълумотларига қараганда, миллиардернинг ширкатлари Россия ва қисман Ўзбекистондаги спорт, илм-фан, тиббиёт, маданият ишларига 700 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Американинг нуфузли “Форбс” журнали шу йил бошида Алишер Усмоновнинг бойлигини 14.4 миллиард долларга баҳолаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ