БМТ Ўзбекистон ҳақида ёлғон ёзганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Ҳар куз Ўзбекистон дунёнинг иккинчи йирик қулдорига айланади.

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари гуруҳи БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Жаҳон Банкининг "Ўзбекистонга келадиган иккиюзламачи делегациялари" билан ҳар қандай мулоқот ва учрашувлардан воз кечишини айтмоқда.

Ташкилот чиқарган баёнотга кўра, бунга сабаб - айни ташкилотлар Ўзбекистондаги аҳвол борасида нотўғри хабарларни тарқатишган.

"Эзгулик" жамияти Ўзбекистонда болалар меҳнати мавжуд эмас, деган сохта хулосаларни жаҳон ҳамжамиятига ҳавола этган Жаҳон Банки ва БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилотига бойкот эълон қилади" - дейилади Тошкентда чиқарилган жамият баёнотида.

Баёнотга биноан, Ўзбекистондаги аҳволни ўрганишга келган мазкур халқаро ташкилотларнинг вакиллари мамлакатдаги вазиятни яқиндан кузатиб келадиган "Эзгулик" билан учрашмасдан, аксинча, "Ўзбекистон ҳукуматининг ноғорасига ўйнаб, мамлакатда бола меҳнати эксплуатацияси ҳолларига кўз юмди".

"Мамлакатимизнинг Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида болалар меҳнатидан фойдаланиш, уларни пахта йиғим-теримига жалб этиш ҳоллари учради" - дейди "Эзгулик" ўз кузатувларига асосланиб.

Болалар ўрнига катталар

ХМТ (Халқаро Меҳнат Ташкилоти) вакиллари Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатда бола меҳнатидан деярли фойдаланилмаётганини айтиб, ўз ўрнида, "катталарнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганидан" ташвиш билдиришганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ўзбек санъаткорлари ҳам ҳукуматнинг мажбурий меҳнат сиёсатига ҳисса қўшадилар.

БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувларига таянган Жаҳон Банки ҳам жорий йилги пахта териш мавсумида Ўзбекистонда "болалар меҳнатидан фойдаланилганига оид ишончли далиллар" топилмаганини қайд этган.

Ўтган ойда эълон қилинган хулоса, айни дамда, худди 2013 йилдаги каби 2015 йили ҳам Ўзбекистонда бола меҳнатидан мунтазам фойдаланилмаганини урғулайди.

ХМТ ҳисоботи Ўзбекистонда болаларни эксплуатация қилиш ҳоллари "ўта кам ва онда-сонда" учраб туришини таъкидлайди.

Айтиш жоизки, болалар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда узоқ йиллар фаолият юритиб келишган бўлсалар-да, аммо бу мамлакатда болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши бўйичаяқингача бирон жиддий ва кенг қамровли баёнотлар беришмаган.

Маҳаллий ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ўзбекистонлик болалар меҳнати муаммосини тинимсиз кўтариб чиқишлари ортидан айни ҳолатни муаммо сифатида кўра бошладилар, холос.

Ўзбекистонда расман фаолият юритадиган ўта кам сонли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бўлмиш "Эзгулик" эса мунтазам равишда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилиши, порахўрлик ва куч тизимлари зўравонлиги ҳолатларини кузатиб келади.

Ўзбекистон - қулдорми?

Ўзбекистон сўнгги йиллари болалаларни дала меҳнатига мажбурлаш тажрибасидан расман воз кечганини эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мажбурий меҳнатни кузатишга уринган ўзбек фаоллари калтакланади, таҳқирланади ё қамалади. Жиззахлик Ўктам Пардаев ҳибсга олинган.

Ўзбекистон ҳукумати бола меҳнати боис ўз пахтасининг йирик халқаро ташкилотлар тарафидан бойкот қилиниши, дунёда ўз обрўси тушиб кетгани ҳамда халқаро босимлар остидагина шундай қарорга келишга мажбур бўлганди.

Бироқ шундан кейин ҳам қатор маҳаллий ҳуқуқ фаоллари вояга етмаган болалар айрим вилоятларда мажбурий дала ишларига чиқарилаётганини айтишган.

Тўғри, илгари Ўзбекистон ҳукумати 8-9 яшар болакайларни ҳам ўқишдан узиб, ёзда чопиқ, кузда пахта теришга ҳайдаган бўлса, сўнгги пайтларда каттароқ ёшдаги, кўпинча, 14-15 яшар болаларни чиқаргани айтилади.

Бироқ Ўзбекистон ҳамон мажбурий меҳнатдан воз кечмаган. Ҳар йили юз минглаб давлат ташкилотлари ходимлари, хусусан, шифокор ва ўқитувчилар пахта далаларида ишлашга мажбурланади.

Жаҳонда қабул қилинган замонавий меъёрларга кўра, бу ҳолат қулликдир.

Халқаро Қуллик Кўрсаткичига кўра, кузги пахта терими мавсумида Ўзбекистон ҳукумати ўз халқини шу асно қулга айлантириб, дунёнинг иккинчи йирик қулдор тузумига айланади.

Айни масалад Ўзбекистондан олдинда фақат Африканинг Мавританияси туради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ