Сўз Сизга:Иқлим ўзгариши Ўзбекистон ва минтақага хавф соладими?

Image caption Марказий Осиё тоғларида музликлар шиддат билан эримоқда...

Ижтимоий тармоқларда бу ҳафта кўтарган асосий мавзуларимиздан бири глобал иқлим ўзгариши ва унинг минтақага таъсири ҳақида эди.

Қолдирилган фикр-мулозаҳалар сони ва сифатидан хулоса чиқариладиган бўлса, бу масалада хабардорлардан кўра, хабарсизлар кўпроқ экан.

“Бу масалани олдинга чиқариш керак, кўп ўзбекистонликлар бехабар. Иқлим ўзгариши нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёга хавф солмоқда”, деб хавотир билдиради Ҳасан Жўраев.

Ўтган ҳафта Парижда Иқлим ўзгаришига бағишланган йирик анжуман жаҳон бўйлаб ҳароратни 2С, яъни икки даражадан пастда ушлаб туриш бўйича келишувни имзолади.

Бу келишув минтақа давлатлари орасида Қозоғистон томонидан ҳам олқишланди.

АҚШ ва Хитой каби сайёрамизни энг кўп ифлослантириб, энг катта миқдорда иссиқхона газларини чиқараётган давлатларнинг иқлим исишини жиловлаш йўлидаги келишувларга қўшилишлари катта қадам бўлгани таъкидланди.

Аммо Марказий Осиё минтақаси бўйича иқлим ўзгариши муаммосига қарайдиган бўлсак, минтақа тоғларидаги музликлар шиддат билан эриб бормоқда.

Минтақа ичимлик сувининг 80 фоизи асоси Памир ва Тяншан музликларидир.

Бу музликларнинг глобал ҳаво илиши туфайли ҳаддан зиёд эриб бораётгани, мутахассисларга кўра, яқин келажакда минтақадаги ичимлик суви тақчиллигига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда эса, олимларга кўра, саҳролар кенгайиши тезлашган.

Ер ости сувлари пахтачиликда ишлатилган кимёвий моддалар билар заҳарланган ва шўрланиш даражаси ҳам юқори экани айтилади.

Иқлим исиши Марказий Осиё каби денгиздан узоқ, сув заҳиралари кам, саҳролашиш кучли минтақада ҳам ҳалокатли кечиши мумкин.

Тожикистон ҳамда Қирғизистон вакиллари баъзи музликлар 20-30% эриганини айтишмоқда.

Бир неча ўн йилликлар ичида эса бу музликларнинг ярмидан кўпи эриб битиши мумкин.

Ўзбекистон каби ўз сув захиралари жуда кам, аҳолиси катта ва аксар саҳродан иборат давлатлар учун иқлим исиши оқибатлари яхшилик келтирмайди.

Қолаверса, бу мамлакатнинг бошқа сув манбаларига чиқадиган йўллари ҳам йўқ.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳамон ўта кўп сув талаб қиладиган пахта экишни давом эттирмоқда.

«Ўзбекистон пахтадан ташқари жуда катта ерости бойликлари эга, демак, пахтани деб бебаҳо бойлик сувдан воз кеча олмаймиз. Сувга келсак, доим исроф қиламиз. Ҳафтада икки мартадан сув берилса, захира қилиб ишлатилса айни муддао. Пахтани деб СССР сувни изҳор қилди, заҳирани қайта тўлдирмади ва Орол қуриди. Табиатдаги ўзгаришларни ҳам сезмоқдамиз. Қору ёмғирли кунлар камайган», деб хавотирларини изҳор қилади Нуриддиншоҳ Аҳмедов.

Рашид Ўразбоев эса, «табиат қиладиганини қилади, унга бас келиб бўлмайди. Мантиқсиз гаплардан фойда йўқ”, деб изоҳ қолдирган.

Ирода Абдуразоқова ҳам сувни тежаш масаласига тўхталган.

“Тарвуз ва қовунларни ярим кунлаб водопровод тагига оқизиб қўямиз. Биз аҳамият беришимиз керак бўлган мисоллар талайгина”, дейди у.

Дилмурод Хўжабоев эса ярим киноя билан “Иссиқ яхши, газ ва электр кам ишлатилади, мева сабзавот кўп бўлади нефтнинг нархи пасаяди. Менимча дунёнинг исиши Узбекистон экономикасига жуда яхши таъсир кўрсатди”, деб ёзади.

Мирза Анвар Ҳамидов эса айни масала ҳар бир инсонни ташвишга солиши кераклиги ёзар экан, “Пахта яккаҳокимлигини давом эттириш ўта мантиқсиз ва зарарлидир! Пахта ҳам кўп сувталаб қиладиган ўсимлик, ҳамда ер структурасини бузадиган кимёвий ўғитларга мослашиб қолган, мослаштириб қўйилган ўсимлик бўлганлиги учун ҳам зарарлидир. Аммо муаммо шундаки, Ўзбекистон аҳолиси инсоният тақдирини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган бундай муаммоларни кўтариб чиқиш имкониятидан маҳрум этиб қўйилган. Котта нима деса, шу бўлади. Атрофидаги лаганбардорлар эса фақат унинг фикрини қўллаб қувватлаш билан оввора! Туяқушга ўхшаб бошини қумга тиқиб олиб юришавершади”, дейди.

Одноклассникидаги BBCUZBEK гуруҳидан С Т Р Е Л E Ц аталмиш мухлисимиз эса бошқалардан фарқли бир фикрни ўртага ташлайди.

“Пахта сув куп талаб килинадиган экин деган суз охирги пайтларда жуда оммалашиб кетди. Аслида эса ундай эмас, пахта усиб хосили пишгунча 3-4 марта сугорилади, солиштириш учун полиз экинлари: ковун 7-8 марта, тарвуз 15 мартагача, бодринг 15-19 марта, сабзавотлар: сабзи 8-10 марта, шолгом,труп хам 8-10 марта, томатдошлар: помидор 12-15 марта, картошка 7-9 марта, дон экинлари, макка 9-11 марта, бугдой, сули, жавдар (сугориладиган ерларда) 6-7 марта. Боглар: олма, урик 4 марта (1 мартаси кишки) узум 4-5 марта, анор 9-12 марта... в.к-зо. Энди уйлаб курсак пахта экмай жойига бошка экинлар экилса хам сув пахтага нисбатан 2-3 баробар сарфлаши керак. Сувни тежаш учун пахтага ёпишавермай кишлок хужалигини ислох килиш керак, янги технологиялар куллаш керак (томчилаб сугориш, суспензия килиш) Биз пахтадан воз кечиб урнига бошка экинлар экишга утганимиз билан кишлок хужалигини ислох килмасак сувни сарфи ошиб кетса ошадики, асло камаймайди».

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ