DJ Piligrim: "Индуизмни қабул қилганим йўқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи ilkhomyulchiev

DJ Piligrim тахаллуси билан ижод қилувчи ўзбекистонлик санъаткор Илҳом Йўлчиевнинг охирги вақтларда индуизм дини ва йогага кўнгил қўйгани баъзи мухлисларида унинг эътиқоди борасида саволларни уйғотди.

Ўтган ой Илҳом Йўлчиев бир неча кун Ҳиндистонда бўлиб қайтди.

Индуизм Ҳиндистондаги энг кенг тарқалган диндир.

Йога - индуизм фалсафасининг олти анъанавий таълимотидан бири бўлиб, у шахсни олий руҳий ҳолатга олиб чиқишни мақсад қилади. Ҳиндистоннинг ўзида йога дин билан чамбарчас боғлиқ кўрилса, хорижда кўп йогилар жисмоний машқлар билан чекланадилар.

Ибрат Сафо Илҳом Йўлчиев билан унинг Ҳиндистондаги сафари ва эътиқоди борасида суҳбатлашди.

Йўлчиев: Ҳиндистонда мен ашрам (донишманд ва зоҳидлар яшайдиган эҳром)да бўлиб қайтдим ва ўз йога маҳоратимни мукаммаллаштирдим. Гап шундаки, менинг белим кўп оғрийди. Йога эса менга шифокорларсиз ва дори-дармонсиз белимни даволашга ёрдам беради.

Би-би-си: Йоганинг руҳий аҳамияти борми сиз учун?

Йўлчиев: Ҳа, мен учун бор. Лекин, бу ҳақида гапириш қийин. Буни фақат юрак билан ҳис қилиш керак. Мен бутун тирик инсонларга ўз танаси ва ўз руҳи билан яхшилаб танишишни тавсия қиламан. Бунинг учун йогани ўрганиш ва уни тушиниш керак. Бу инсон онгги кенгайиши учун зарур. Агар инсон руҳида, яъни нозик танасида муаммо бўлмаса, унда унинг жисмоний танасида ҳам муаммо бўлмайди ва у касал бўлмайди.

Би-би-си: У сизга қандай таъсир қилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ilkhomyulchiev

Йўлчиев: Мен йога билан шуғуллана бошлаганимдан бери, анча тинчроқ одамга айландим. Ҳеч қаерга шошилмайдиган бўлиб қолдим. Васвасага тушмайман, асабийлашмайман, ғазабланмайман.

Би-би-си: Инсон мусулмон ё насроний ёки яна бошқа диндан бўла туриб, йогани ёки индуизмни қўллаши мумкинми?

Йўлчиев: Мен учун индуизм ўзининг ведалари, яъни таълимотлари билан қизиқ. Мен индуизмни жуда яхши кўраман, ведаларни ва Ҳиндистондек буюк мамлакатнинг қадимий таълимотларини жуда севаман. Кимдир "Нима мумкин?" ёки "Нима мумкин эмас?" дея савол сўраса, мен бундай мунозарага киришни истамайман. Мен учун мумкин. Мен шу билан қизиққанман ва бажонидил ўрганаман. Мен учун бу дин эмас, балки ўзимни англаб етиш усулидир.

Би-би-си: Сиз индуизмни қабул қилдингизми?

Йўлчиев: Йўқ, мен индуизмни қабул қилганим йўқ. Мен уни бир маданият сифатида ўрганаяпман.

Би-би-си: Йога билан шуғуллана бошлаганингиздан кейин, унинг ватани бўлмиш Ҳиндистонда бўлиб қайтдингиз. У ердаги эътиқод ва одамлар ҳақида сизда қандай таассурот қолди?

Йўлчиев: Гап шундаки, мен қулай яшаш шароитларига ўрганиб қолган эрка одамман. Ҳиндистонда эса турмуш шароитлари жуда оғир, ифлос жойлар кўп. Таассуротларимни икки сўз билан айтиб бериш қийин, чунки кўп вилоятларида бўлдим. Асосан Ашрамда яшадим. У ерда йога билан энди шуғулланишни бошлаган одамлар учун машғулотлар ўтказилди. 14 кун яланг оёқ бўлиб юрдим. 19 кун иссиқ сувни кўрмадим. Беш кунни денгизда балиқчилар билан кемада ўтказдим. Яъни, мен ўзим учун кучли аскезани яратдим, бу билан ўзимни ва ўз ички дунёимни сеза бошладим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio