"Паспортини алмаштирмаган жаримага тортилмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан тушунтиришларича, 2015 йилнинг 31 декабригача паспортини янги биометрик паспортга алмаштиришга улгурмаган фуқаролар жаримага тортилмайдилар.

Бу ҳақда Ўзбекистонда рўйхатга олинган gazeta.uz веб-сайти хабар қилган.

"Газета.уз" биометрик паспорт билан боғлиқ вазият борасида изоҳ сўраб Ички ишлар вазирлигининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни рўйхатга олиш бошқармасига мурожаат қилган.

Бу мурожаатга бошқарма бошлиғи Бадриддин Шорихсиев шундай жавоб қайтарган:

"2015 йил 31 декабридан кейин биометрик бўлмаган паспортни янги биометрик паспортга алмаштираётганда, агар нобиометрик паспортнинг амал қилиш муҳлати ўтиб кетмаган бўлса, жаримага тортилмайди", дейилади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Кириш, чиқиш ва фуқароликни рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғи жавобида.

"Газета.уз" биометрик бўлмаган Ўзбекистон фуқароси паспортини биометригига алмаштиришга доир қонун, қарор ёки президент фармони шу пайтгача жамоатчиликка маълум эмаслиги ҳақида ёзган.

Шу пайтгача Ўзбекистонда паспортни алмаштиришни тартибга солиб келаётган ҳужжат Ўзбекистон президентининг 2009 йил 23 июнда имзолаган фармонидир.

"Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган фармонга кўра, ўзбекистонликларга биометрик паспортларни тарқатиш 2011 йил 5 январидан бошланган.

Президент фармонида биометрик бўлмаган Ўзбекистон фуқароси паспортининг энг охирги амал қилиш муддати 2015 йилнинг 31 декабри этиб белгиланган.

Биометрик паспортга ўтиш жараёни бутун республика ҳудудида мушкулликлар билан кечди.

Биометрик паспорт олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни йиғиш, биометрик маълумотларини топшириш учун одамлар кўп вақт сарфлашларига, сўнг эса паспорти тайёр бўлишини кутиб бир ойча вақт ўтказишларига тўғри келди.

Айрим вилоятларда биометрик паспортни қўлга киритиш учун икки ойгача кутган одамлар бўлди.

2015 йил тугаганидан кейин паспортсиз қолишдан чўчиган инсонлар охирги ойларда яна ўзи яшайдиган туман ёки шаҳар милициясининг паспорт бўлимларига шошилдилар, бу эса навбатлар сонини янада кўпайтирди.

Бир неча кун олдин эса биометрик паспортни олиш учун муддат 2018 йилнинг 1 июлигача этиб узайтирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ