Президент табригини ўқиган сухандон оламдан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Абдумўмин Ўтбосаров Ўзбекистон Халқ артисти ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонлари билан тақдирланган, олий тоифали сухандон эди

Ўзбекистон Халқ артисти, давлат телевидениесининг таниқли сухандони Абдумўмин Ўтбосаров янги йил кечаси ҳаётдан кўз юмган.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, 55 ёшли сухандоннинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.

31 декабр куни ярим тунда давлат телеканаллари Президент Ислом Каримовнинг Абдумўмин Ўтбосаров ўқиб эшиттирган янги йил табригини намойиш этган.

Аммо ҳамкасбларининг айтишича, давлат раҳбарининг расмий табриги намойиш этилган пайт таниқли сухандон ҳаётда бўлганми, йўқми, маълум эмас.

ЎзТВ даги манбаъларнинг Би-би-сига айтишича, Президентнинг табриги душанба, 28-декабр куни ёзиб олинган, аммо 31 декабр куни табрикнинг баъзи қисмларини қайтадан ўқиш учун сухандон телевидениега чақирилган.

Иш ниҳоясига етказилганда унинг тўсатдан тоби қочган ва шифохонага олиб кетилган.

Ҳамкасблари нохуш ҳодисанинг байрам табригига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, Абдумўмин Ўтбосаров бундан олдин ҳам телевидениеда бир неча бор давлат раҳбарининг табриклари ва мурожаатларини ўқиб эшиттиргани айтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Давлат раҳбарининг расмий табриги намойиш этилган пайт таниқли сухандон ҳаётда бўлганми, йўқми, маълум эмас

Абдумўмин Ўтбосаров 1960 йилнинг 24 апрелида туғилганди.

У Ўзбекистон Халқ артисти ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонлари билан тақдирланган, олий тоифали сухандон эди.

Ҳамкасбларига кўра, марҳум сухандоннинг жанозаси Тошкентнинг "Бодомзор" масжидида ўқилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ