‘Сизлар худо эмассизлар!..’

Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube
Image caption Ҳуқуқ-тартибот идорасининг тепоғони

Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда TELEGRAM орқали тарқалган видео қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Ушбу қисқа видеода трансвестит ёшлар хонадонига милиция ходимлари бостириб киргани тасвирланган.

Тинтув пайтида милиция ходимлари трансвестит йигитни ҳақоратлаб, юзига уриши ва тепганлиги кўрилади.

Видео сўнггида бу йигитни ва бошқа икки ёш эркакни олиб кетишади.

Жинсий озчиликлар билан боғлиқ мавзулар Ўзбекистон ахборот воситаларида ёритилмайди ва ёпиқ мавзу саналади.

Мазкур видео ижтимоий тармоқларда тарқалар экан, қизғин баҳсу мунозараларга туртки берди.

Facebookдаги гуруҳлардан бирида айни видеога юзлаб шарҳлар қолдирилган.

Аксар шарҳларда милиция ҳаракатлари қораланган.

Умида исмли фойдаланувчи : ‘Шафқатсизликдан фақат шафқатсизлик келиб чиқади. Инсонларнинг тақдирига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу учун суд бор’, - деб ёзади.

Верониканинг шарҳида, “Мени, мисол учун, милициянинг ҳаракатлари кўпроқ ғазаблантирди. Уларни юзларига урибдилар. Буни видеодан кўриш мумкин. Афсуски, бизда милиция нафақат трансвеститларга нисбатан ўзини бундай тутади. Улар ҳаммаёқда ўзларини хондек тутадилар. Бу видео тегишли жойга бориб етишига умид қиламан,» деган фикрлар янграйди.

Инесса эса гомосексуаллар ҳуқуқларини эслатиб, қўйидаги шарҳ қолдирган: “Даҳшат… милиция бўла туриб шундай шафқатсизликка қўл уришди. Ҳар ҳолда улар ҳам инсон. Уларнинг хуқуқлари бор. Агар қонунни бузган бўлсалар, уларни хибсга олиш керак, лекин ҳимоясиз бўлган одамларни уришнинг нима кераги бор?!”

Бироқ айримлар жинсий озчиликлар вакиллари билан айнан шу орқали курашиш керак деган, баъзилари уларни хаттоки жисмонан йўқ қилиш керак деган фикрда.

Рустам исмли Facebook фойдаланувчисининг шарҳида: ‘Прокси сайтлар орқали очдим, кўрдим, кам калтаклашибди, яна қаттиқроқ уриш керак эди, бутун аҳмоқчиликни улардан чиқариш учун’… ёзилган.

Иброҳим исмли киши милиция ходимларини ҳимоялашга уринади: ‘Бу ****ни милиция умуман ургани йўқ, хаттоки тегмаган ҳам. Уларни калтаклашган деб ўйламанглар’.

Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube
Image caption Изоҳсиз

Тиркеш исмли фойдаланувчи жинсий озчилик вакилларини ҳимоялашга уринганларга жавобан : ‘Улар одамми? ...агар улар ўз қарашларига шунчалик берилган бўлишса, ўзининг гейропасига йўқолсин, уларни у ерда ҳурмат қилишади, биз эса улар билан фақат бундай сўзлашамиз, холос’, - деб ёзади.

Баъзилар, Музаффар Шоҳ каби, бу одамларни жамиятдан иҳоталаш керак деб ёзади. Унинг таклиф қилишича, «шаҳар чеккасида фоҳишахоналар очиб бериш керак, у ерда улар расман ишлашсин».

Бироқ бу каби фикрларга қарши Facebook гуруҳининг баъзи аъзолари трансвестит ва бошқа жинсий озчилик вакилларини тушунишга чақиришган.

Заринанинг ёзишича, «Бундай одамларнинг аксари сира гап кўтаролмайдиган, кўнгли нозик одамлардир. Бундай одамлар биз учун хавф туғдирмайди. Уларни қабул қилолмасангиз, тушунишга ҳаракат қилинглар».

Фарида эса бундай одамларнинг ҳаётларини таҳлил қилишга уринади. Унинг ёзишича, уларни сўкиш, калтаклаш, ёки лаънатлашдан кўра қандай ҳаёт кечирганлари ҳақида ўйлаб кўриш керак. “Кўп ҳолатларда, бундай одамларнинг беғубор болалиги бўлмаган, уларни ҳаёт синдирган”, деб шарҳ қолдирган.

Facebook гуруҳи Жули исмли аъзосининг ёзишича, “Ҳаммаларингиз баджаҳл одамсизлар. Ҳеч кимни уларни қарғашга ҳаққи йўқ. Биз бундай одамларга эътибор бермасликка ўрганишимиз керак. Бу уларнинг танлови. Сизлар худо эмассизлар, кимни ўлдириш ёки ўлдирмаслик ҳақида қарор беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шафқатсизлик - энг катта гуноҳ.”

Ўзбекистон жиноят кодексида "Бесоқолбозлик" учун уч йилгача қамоқ жазоси белгилаган. Оврўпонинг етакчи мамлакатларида жинсий озчиликлар вакиллари ҳуқуқлари барча фуқаролар билан тенг ҳимояланади ва уларга нисбатан ҳар қандай таҳқирли ҳаракат қонунан жазоланади.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг зўравонлиги ва қийноқлардан кенг фойдаланиши халқаро ҳамжамият томонидан бир неча марта танқид қилинган.

Ҳукумат мулозимлари бу каби танқидларни халқаро йиғинларда рад этишади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда эса милиция ва хавфсизлик хизмати ходимларининг зўравонлиги ҳеч ким учун сир эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ