'Ўзбекистонда ҳам арз қилса бўларкан'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистон Андижондаги қадимий минорани бузишга ботинолмади.

"Андижон марказидаги қадимий минора бузилмаслиги аниқ бўлиб қолганди, чунки бу мавзу жуда катта баҳс-мунозара келтириб чиқарганди" - дейди минорани сақлаб қолиш учун интернетда саъй-ҳаракат олиб борган андижонлик фаол Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Андижоннинг эски шаҳар қисмини қайта таъмирлаш бўйича расмийлар тасдиқлаган режа бу қадар кескин ўзгаришга учрашини барча ҳам кутмаган.

Негаки Ўзбекистон шароитида ҳокимият вакиллари бошлаган ишни оддий халқ норозилиги ё шикояти боис бекор қилиш ҳоллари деярли учрамайди.

Тарихга ўзбекча ҳурмат

"Демак, Ўзбекистонда ҳам жиддий масалада рисоладагидек арз қилсангиз, уни ҳал қилиш мумкин экан. Бундан хурсандман" - дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Эндиликда қадимий минора ҳам, унга ёндош намозхона ҳам бузилмайди.

Жаноб Зайнобиддинов биринчилардан бўлиб Андижон шаҳрини қайта таъмирлаш баҳонасида қадимий минора ва унда ёндош намозхона бузилиши ҳақида интернетдаги ижтимоий тармоқларда хабар тарқатганди.

Унда тарихий минора бузилиб, ўрнида фаввора қурилиши айтилган эди.

"Минорани бузиш учун машина ва техникаларни келтириб, шай қилиб қўйишганди, шу учун ҳам хабар берганман" - дейди ҳуқуқбон Зайнобиддинов.

Ижтимоий тармоқлардаги айни хабарга муносабат билдирган аксар ўзбекистонликлар минора бузилишини қоралашган.

Ҳатто русийзабон ғайримусулмон ўқувчилар ҳам тарихий обидани бузиш қарорини танқид қилишганди.

Обидалар беҳисобми?

Ўзбекистон - тарихий иншоотлар ва қадимий шаҳарлар бўйича жаҳонда ўз ўрнига эга муҳим мамлакатлардан бири.

Шаҳарлар ёши 2000-3000 йилларга бориб тақалса ҳам, сақланиб қолган обидаларнинг кўпи ўрта асрларнинг сўнгги даврларида барпо этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Янги режага мувофиқ, тарихий минора ўрнида фаввора тикланиши керак эди.

Ўта қадимий ёдгорликлар вайрона ё хароба тарзида сақланиб қолган.

Х-ХIII асрларнинг яхши сақланиб қолган обидалари ўта кўп эмас.

Андижондаги минора эса 700 йиллик тарихга эга бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳондаги энг қадимий меъморчилик обидаларидан саналади.

Жаноб Зайнобиддиновнинг айтишича, бу миноранинг тарихий аҳамиятини тушунган ҳар бир ўзбекистонлик ва андижонлик зиёли, шоир ҳамда тарихчи ўз норозилигини баён этган.

Натижа эса аниқ - ҳокимият XIII асрда тикланган тарихий обидани бузишга ботинолмаган.

Ўзбекистонда тарихий иншоотлар кўп бўлса-да, ўта қадимийлари саноқли.

Самарқанддаги аксар тарихий обидалар Темурийлар даврига тақалади. Хивадаги иншоотлар эса янада янгироқ.

Бухорода Х асрга оид обидалар мавжуд бўлса-да, бу шаҳарда ҳам яхши сақланган қатор иншоотлар ХV-XVIII асрлар орасида тикланган.

Ўта қадимий Варахша қўрғони, Ахсикент, Афросиёб ёки Сурхондарёнинг Термиз шаҳридаги қадимий тарихий обидалар эса у қадар яхши сақланган ҳолда етиб келмаган.

Андижондаги минора эса ҳам қадимий, ҳам яхши сақланган тарихий обидалардан биридир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ