АҚШ: Ўзбекистонлик узоқ йилга ҳукм этилди

Айдахо штати маҳкамаси 33 ёшли Фазлиддин Қурбоновни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги ўзининг расмий веб саҳифасида хабар берган.

Маҳкама ўтган йил август ойида бўлиб ўтган 20 кунлик жараён ортидан, Фазлиддин Қурбоновни “Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига моддий дастак беришга тил бириктириш ва бу ишга уринишда айбдор”, деб топганди.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик судланувчи Америка тупроғида террорчилик ҳужумини амалга ошириш мақсадида портловчи модда ясовчи аёшларни қўлга киритган”, деган хулосага ҳам келганди.

Фазлиддин Қурбоновга қарши якуний ҳукм кеча пайшанба куни бўлиб ўтган маҳкама жараёни ортидан янграган.

Ҳакамнинг сўзларидан аён бўлишича, судланувчи қамоқ муддатидан ташқари, $250.000 доллар миқдорида жаримага ҳам тортилади.

Қамоқ жазосини ўтаб бўлгач эса, Фазлиддин Қурбонов ортга, Ўзбекистонга депортация этилади.

Фазлиддин Қурбоновнинг маҳкама ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқиш-чиқмаслиги, ҳозирча, маълум эмас.

Ҳукм янграб бўлиши ортидан сўзларкан, Миллий Хавфсизлик бўйича Бош прокурор муовини Жон П. Карлин, “Яхшиямки, Фазлиддин Қурбонов солган таҳдид ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва улар ҳамкорларининг тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли чиппакка чиқарилди”, деб айтган.

Фазлиддин Қурбонов эса, шу пайтгача ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келган.

Ўтган йил август ойида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида унинг адвокати ўз ҳимоясидаги ўзбекистонлик "ҳеч қачон ЎИҲ ёки террорчиларга салмоқли ёрдам беришга рози бўлмагани, бунга ҳаракат ҳам қилмагани... ва қайддан ўтмаган портловчи модда сақламаган"ини баён қилганди.

Адвокат Петерсоннинг ўшанда ҳакамлар ҳайъатига айтишича, мижози конкрет бирор нарса қилмаган, қуруқ сафсата билан чегараланган, холос.

Аммо пайшанба кунги маҳкама тафсилотларидан аён бўлишича, Фазлиддин Қурбонов бомба ясаш учун лозим бўлган ашёларни 2012 йилда қўлга киритган ва Бойзидаги уйида сақлаган.

Маҳкама жараёнига таклиф этилган мутахассиснинг гувоҳлик беришича эса, Қурбонов ихтиёридаги портловчи ашёлар жиддий зиён етказиш даражасида бўлган.

ФҚБ ахборотчилари эса, бу орада Қурбоновнинг "гапларига ишонмаслик керак, чунки у кўрсатмаларини бир неча марта ўзгартирди", ҳам дейишган.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи thinkstock

Август ойида ўзининг Фазлиддин Қурбонов маҳкамасидаги кириш сўзида прокурор Лукофф судланувчининг ЎИҲ аъзолари билан электрон ёзишмаларидан парчалардан иқтибослар келтирган.

Масалан, Қурбонов ўзининг АҚШда бўлиб тургани унга америкаликларга ичидан зарба бериш имкониятини бериши ҳақида ёзган.

"Биз ҳаммадан ҳам кўра кофирларга яқинроқмиз, - деб ёзилган электрон мактубда. - Бизда нимаики зарур бўлса, ҳаммаси бор. Оллоҳнинг ёрдами билан биз шаҳидлик амалиётини содир этсак, нима дейсиз?"

"Ҳозир мен исломнинг ашаддий душмани қоқ марказидаман, - деб ёзган бошқа бир мактубида. - Бу ерда нишонлар кўп: улкан бинолар, кофирларнинг офислари, ҳарбий штаблар ва ҳоказо. Сиз бизни машина билан амалиёт ўтказишга ўргатасизми? Қолгани ҳаммаси бизда бор".

Лукофф сўзларига кўра, судланувчи бир неча соат давомида Интернетда бомба тайёрлаш бўйича йўриқнома қидирганидан кейин маслаҳат сўраб ЎИҲга мурожаат қилган.

Қурбоновнинг Интернетдаги баёнотларига кўра, у Ўзбек режимини ағдариб ўрнига исломий халифатни барпо этиш мақсадини кўзлаган ЎИҲ қарашларига ҳаммаслак, деб айтган прокурор.

АҚШ жосуслик хизматлари маълумотларига кўра, ЎИҲ жангарилари Афғонистонда Толиблар тарафида америкаликларга қарши жангларда қатнашганлар.

Фазлиддин Қурбонов

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қурбоновнинг оиласи БМТнинг қочқинларга мўлжалланган дастури доирасида 2009 йил 25 августида Америкага борган.

Оила 2012 йили апрелида Бойзига кўчиб ўтган.

Қурбоновга нисбатан беш айблов илгари сурилган, улар орасида террорчилик ташкилотига ёрдамлашиш, оммавий қирғин қуролини ясаш ва сақлаш айбловлари ҳам бор.

Айблов томонига кўра, Фазлиддин Қурбонов 2000 йилда АҚШ Давлат департаменти ўзининг халқаро террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган Ўзбекистон Исломий ҳаракати(ЎИҲ)ни маблағ ва аксилвирус дастурлари билан таъминлашга келишган бўлган.

Ҳибсга олинган пайти узун соқол ўстирган, бироқ ҳозирга келиб соқолини қириб ташлаган.

Қурбонов Юта штатида ҳам маҳкамага тортилган, уни портловчи моддалар, портлаш ускуналари ва оммавий қирғин қуролига тааллуқли ахборотни тарқатишда айблашган.

Ушбу айбловларга кўра, Фазлиддин Қурбонов террор ҳаракатларини амалга ошириш бўйича бошқаларга сабоқ берган.

Хусусан, қандай қилиб портловчи модда яратиш, керакли ашёларни қаердан сотиб олиш бобида йўл-йўриқ кўрсатган, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этган.

Фазлиддин Қурбонов 2013 йилнинг май ойида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолиятига алоқадорлик гумони билан Бойзи шаҳридаги уйида ҳибсга олинганди.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик Қурбоновни АҚШ махфий хизматлари анча пайтдан бери яқиндан кузатиб келишган.

Ундан хавф-хатар етиши мумкин, деган қарорга келишгач, қўлга олишган.

Айтилишича, Қурбонов яшаган жойда тинтув ўтказилганда, у ердан бомба ясашга мўлжалланган моддалар топилган.

Сўнгги йиллари бир неча нафар ўзбекистонлик АҚШда террор ҳаракатларига оид айблар билан ҳибсга олинган.

2011 йил ёзида 22 яшар Улуғбек Қодиров президент Обамани ўлдиришга қасд қилиш айби билан қўлга олинган ва кейинчалик узоқ йилга ҳукм этилганди.

2012 йил бошида эса, жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак кўрсатишга оид айблар билан ҳибсга олинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ