Рубл ҳам қулади, ортидан сўм ҳам...

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

11 январ куни Россия Банки 1 АҚШ доллари қийматини 75,95 рубл этиб белгилади. Долларнинг Ўзбекистондаги реал курси деб аталадиган "қора бозор"да яна 6000 сўмдан ошиб кетди.

75 рубл 95 копеек Россияда пул деноминация қилинган 1998 йилдан шу кунгача кузатилган Россия валютасининг энг қадрсизланган нуқтаси бўлган.

Евро ҳам уч рублга қимматлаб, 82,8 рублни ташкил этган.

Россия рубли жаҳон бозорида нефт баҳоси тушиши манзарасида янада қадрсизланган.

11 январ куни Brent нефти 2,2 фоиз арзонлаган.

Brentнинг 1 баррели 32,8 долларга сотилмоқда.

WTI нефтининг 1 баррели баҳоси 32,5 долларга баҳоланмоқда.

Morgan Stanley банки ҳисобот чиқарган, ушбу ҳисобот башоратига кўра, нефт нархи 20 долларгача тушиши мумкин.

Жаҳон бозорида нефт баҳоси тушишидан Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон сингари иқтисоди нефт савдосига боғлиқ мамлакатлар жиддий зарар кўрган.

2014 йилнинг бошидан нефт экспортчиси ҳисобланган мамлакатлар миллий валюталари жиддий қадрсизланиши кузатилган.

Россия рубли 53 фоиздан ортиқ қадрсизланди.

2015 йил ёзига келиб Қозоғистон тенгесининг бир ярим йил мобайнидаги қадрсизланиши қарийб 54 фоизни ташкил этган.

Август охирида Қозоғистон ҳукумати валютанинг "сузиб юрадиган курси"ни жорий этишга қарор қилди.

2015 йил декабри охирида Озарбайжонда 1 АҚШ доллари 1,55 манатга баҳоланган.

2014 йил бошида 1 доллар 0,78 Озарбайжон манатига тенг эди.

Икки йил мобайнида манат қарийб 2 баробар қадрсизланиши ортидан Озарбайжон Марказий банки ҳам сузувчи валюта курсига ўтишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон четга нефт сотмаса-да, иқтисодиёти ҳамон ташқарига пахта, газ ва олтин сотишга ихтисослашганича қолган, хориждан меҳнат муҳожирлари юбориб турган пул жўнатмаларига боғлиқ иқтисодиёт ҳисобланади.

Ҳукумат расман тан олмаса-да, айрим иқтисодий таҳлилчилар Ўзбекистонда мавжуд валютанинг "қора бозори"ни Ўзбек сўмининг ҳақиқий қадрини белгилаб берадиган бозор деб кўрадилар.

2015 йил октябрида Ўзбекистондаги "қора бозор"да 1 АҚШ долларининг баҳоси 6000 сўмга чиқиб кетди.

Бу Россия рублининг қадрсизланиши, жаҳон хомашё бозорида нархлар тушиши ва Россиядан меҳнат муҳожирларига оилаларига юбориб турган пул жўнатмаларининг камайгани таъсири деб кўрилди.

Бунинг ортидан ҳукумат долларнинг "қора бозор"даги нархини сунъий пасайтириш чораларига қўл урди.

Одамлар орасида "Ўзбекистон кейинги йилдан Кореянингми-Хитойнингми пулига ўтармиш" деган овозалар тарқалди.

Бу қанчалар бемаъни овоза бўлмасин, қўлидаги долларларини сотиб, бор жамғармасини сўм қилиб олган одамлар бўлди.

Бу овоза доллар нархини туширишда нақадар самарали восита бўлганини кўрсатади.

11 январ куни "қора бозор"да долларнинг қиймати 6000-6050 сўмга чиққан.

Доллар Самарқанд ва Андижонда 6150-6180 сўмгача ҳам кўтарилган.

Аксар кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги мансабдорлар орасида "қора доллар" мавжудлигидан, Марказий Банк курси билан "қора бозор"даги курс ўртасидаги фарқдан мўмай даромад кўриб келаётган манфаатдор шахслар бор, шунинг учун "қора бозор"ни йўқ қилишга 1996 йилдан буён ҳаракат қилинмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ