Пропискасиз ўқитувчилар ҳам бўшатилмоқда

Би-би-сига маълум бўлишича, Тошкент давлат аграр университетининг бир неча ўқитувчиси доимий пропискаси бўлмагани учун ишдан бўшатилган.

Тошкентда участка нозирлари ҳузурида вақтинчалик пропискага туриш ва шу ҳужжат асосида давлат муассасаларига ишга кириш мумкин эди.

Вақтинчалик прописканинг муддати ҳар олти ойда узайтирилиб келинган.

Аммо, ўтган йил октябрь ойидан бери вақтинчалик рўйхатга туриш тўхтатиб қўйилган.

Би-би-си билан суҳбатда Тошкент давлат аграр университетининг кадрлар бўлими ходими вақтинчалик пропискаси муддати тугаган ўқитувчилар бўшатилаётганини тасдиқлади, аммо уларнинг сонини айтмади.

"Бу ҳамма университетларда бўляпти. Агар пропискасининг муддати тугаса, бўшатилади. Агар муддати узайтирилгани бўйича ҳужжат олиб келса, ишлайверади", - деди ходим.

Ўзбекистон ҳукумати ёки Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахтда яшаш учун вақтинча рўйхатдан ўтиш тизимини нега тўхтатиб қўйгани борасида бирон изоҳ бермаган.

Вақтинчалик прописка мавзуси ҳозирда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланган.

Интернетдан фойдаланувчилар прописка тизимининг нега ёпилиши ва қачон очилиши борасида саволлар сўрашмоқда.

Баъзи тошкентликлар мазкур ҳолатни умумий хавфсизлик чоралари, хусусан ИШИДга қарши кураш доирасидаги уйма-уй текширувлар билан боғлашмоқда.

Ўтган ой охирида тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов пойтахтда вақтинча пропискаси бўлган малакали шифокорлар ишдан бўшатилаётгани борасида хабар берганди.

Ўзбекистон вилоятларидан келиб Тошкент касалхоналарида ишлаган ва шу кунларда ишдан бўшатилган тажрибали шифокорларнинг ўрнига бошқа ёш кадрларни ёллаш жараёни бошланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio