Россияда ўзбек муҳожирлари сони 1 миллионга қисқарган

Россия Федерал Миграция хизмати маълумотларига кўра, бу мамлакат ҳудудида яшаб ишлаш ҳуқуқига эга бўлиб турган ўзбекистонликларнинг сони 1 миллион 800 мингдан зиёдни ташкил этган.

Миграция хизмати 2016 йилнинг 12 январигача йиғилган Россия ҳудудида бўлиб туриши қонуний ҳисобланган хорижий мамлакатлар фуқароларининг расмий статистик маълумотини эълон қилган.

Ушбу маълумотга таяниладиган бўлса, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 1 миллионга камайган.

Бундан олдин Россия Федерал Миграция хизмати легал ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сонини 2 миллион 800 минг деб эълон қилганди, демакки, Россия дуч келган иқтисодий инқироз камида бир миллион Ўзбекистон фуқаросини ватанга қайтишга ёки бошқа мамлакатда пул топишга мажбур этган.

12 январгача бўлган маълумотда Россияда қонунан бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросининг сони 1 миллион 802707 ни ташкил этгани кўринади.

Шундан 1 453021 нафари эркак, 349686 нафари аёл.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Нолегал бўлиб Россияда пул топиб юрган ўзбекистонликларнинг сонини ҳеч ким аниқ айтолмайди.

Украинага нисбатан сиёсати, Қримни аннексия қилиб олгани боис Россияга нисбатан санкциялар жорий этилишидан олдин иқтисодий таҳлилчилар бу мамлакатда камида 4-5 миллион ўзбекистонлик ишлаб ватандаги оиласини боқиб юрганини айтишарди.

2014 йил охирларидан Россияда ишлаб топган пули ўзбекистонликлар учун даромадли бўлмай қолди.

Қурилишлар тўхтаб, АҚШ долларининг курси кўтарилгани Ўзбекистонга юбориб туриладиган пул жўнатмалари қарийб 3 баравар камайишига олиб келди.

Ҳозирча 2015 йилнинг 12 ойи бўйича ҳисоб-китоблар якунига етказилгани йўқ, бироқ Россия Марказий банкининг маълумотларига кўра, 2015 йилнинг 9 ойи мобайнида ўзбекистонликлар оиласига 700 миллион доллар юборганлар.

2014 йилнинг уч чорагида эса 2 миллиард доллар жўнатилган эди.

Ўзбекистон Россия етакчилигидаги иттифоқларга рўйхушлик кўрсатмайди, шу боис ўзбекистонликларнинг Россияда ишлаш рухсатномасига эга бўлиш жараёни мушкуллашган.

2015 йил августидан Қирғизистон Овросиё Иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиб кирганидан кейин қирғизистонликлардан Россия ҳудудида ишлаш рухсатномасига эга бўлиш талаб қилинмайдиган бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Шу манзарада Россияга ишлаш учун борган Қирғизистон фуқаролари сони бир ойда 4,1 фоиз ошгани кузатилган.

Федерал Миграция хизмати сўнгги маълумотларига кўра, Россиядаги Қирғизистон фуқароларининг сони 553910 кишини ташкил этган.

Россиядаги тожикистонликларнинг сони эса 862321 кишини этади.

Қирғизистон ва тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг сонини қўшиб ҳисоблаганда ҳам Ўзбекистон фуқароларидан кам чиқади.

Ўзбекистон ҳукумати шунча кўп сондаги фуқаролари четдан ишлаб пул топишга мажбур бўлганини ўзининг иқтисодий сиёсати муваффақиятсизлиги эканини тан олмайди.

Мигрантларни "борига шукр қилишни хоҳламаган" одамлар ёки Президент Каримов таъбирича, "дангаса" деб таърифлаш маъқул кўрилади.

Аммо муҳожирлар Ўзбекистонга юбориб турган пуллар ҳосил қилган кўрсаткичларни иқтисодий ўсишнинг натижалари деб тақдим этиб келинади.

Ҳар йили эълон қилинадиган 1 миллион янги иш ўрни ҳақидаги баёнотлар эса истеҳзо билан қабул қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ