Ўзбекистон музлатилган пулларни қайтармоқчи

Оврўпо ва АҚШда бошланган Ўзбекистондаги коррупцияга боғлиқ йирик текширувлар ортидан хорижий банкларда қарийб 1 миллиард АҚШ доллари музлатилган. Ўзбекистон молиявий жиноятлар учун жавобгарлар аллақачон жазога тортилганини айтиб ва мамлакат йирик коррупцион схеманинг қурбони бўлганини рўкач қилиб, маблағларни Ўзбекистонга қайтаришга бел боғлаган.

Швейцариядаги L'Hebdo нашри журналисти François Pilet нинг “Дада Каримов ўз маликасининг ўлжасини қайтариб олмоқчи” мақоласида ёзишича, Ўзбек расмийлари музлатилган пуллар учун жадал кампания бошлаганлар.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги АҚШдаги маҳкама раисидан пулларни қайтаришни сўраган.

2015 йил 16 декабрида Ўзбекистон Адлия вазири Музраф Икромов имзоси билан жўнатилган мактубда ёзилишича, “…Р. Мадумаров бошчилигидаги уюшган гуруҳ аъзолари, жумладан, Г. Авакян, Б. Эргашев, Ш. Сабиров ва бошқа шахслар узоқ муддат қамоққа ҳукм этилганлари ва “МТС”, “Вимпелком” телеком компанияларидан Р. Мадумаров ва бошқалар эгалик қилган “Takilant”, “Swisdorn”, “Expoline” ширкатларига корупцион пуллар ўтказилиб, жиноий даромадларни қонунийлаштириш(пул ювиш) мақсадида ташкил этилган “First Global Investment Ltd схемаси юзасидан ўтказилган ҳар томонлама тергов якунланди...”

Шунингдек, хатда ёзилишича, маҳкама қарорига биноан, мазкур “First Global Investment Ltd дохил жиноий уюшган гуруҳнинг барча мол-мулки Ўзбекистон ҳудудида мусодара қилинди.

Сўнг Ўзбекистон Адлия вазири “халқаро сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлар пакти”нинг 7-бандини эслатган, бу бандда жазога тортилган муайян шахснинг содир этган жинояти учун иккинчи марта маҳкамага тортиб жазоланмаслиги лозимлиги урғуланади.

Халқаро келишувларга асосланиб, Адлия вазири Икромов хорижда музлатилган пуллар ва мол-мулкни Ўзбекистонга қайтаришни сўраган.

Image caption Ҳукм этилган Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян Гулнора Каримованинг энг яқинлари бўлган

Хат охирида вазир жаноблари ушбу жиноят ишининг баъзи қисмлари устидан тергов жараёни ниҳоясига етмагани учун ўзининг мактубида келтирилган маълумотларни махфий сақлашни Америка мулозимларидан сўраган.

Ноқулай аҳвол

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва йирик телекоммуникация ширкатлари билан боғлиқ тергов жараёни юзасидан АҚШ, Белгия, Люксембург, Швеция, Швейцария, Норвегия ва яна қатор Оврўпо мамлакатларида бир миллиарддан ортиқ АҚШ доллари музлатилгани айтилмоқда.

François Pilet нинг Би-би-сига айтишича, ҳатто Швейцария андозалари билан қараганда ҳам коррупцион схемалар орасида Ўзбекистон иши жуда йирик саналади. Бунинг миқёсини Филлипиннинг Маркос ва Нигериянинг Абача билан боғлиқ коррупцион можароларига таққослаш мумкин.

Швейцариялик журналистга кўра, АҚШ адлия мулозимлари Ўзбек расмийларидан деярли икки йил жараёнида ҳеч қандай жавоб олмаганлар.

Ва 2016 йил январи бошида “дефолт қарор” қабул қилмоқчи, яъни, пулларни Америкада қолдиришни кўзлаган қарорни имзоламоқчи бўлганлар.

François Pilet назарида, Ўзбек томони зудлик билан нуфузли америкалик юридик ширкатни ёллаб жуда ақлли иш тутган.

Бу Holwell Shuster&Goldberg адвокатлар ширкати бўлган. Holwell Shuster&Goldberg Нью-Йорк дистрикт маҳкамаси ҳакамига мактуб йўллаган ва бу хатда Ўзбекистон ушбу коррупцион машмашада жабрланган томон экани таъкидланган, шунинг учун пулларни Ўзбекистон ҳукуматига қайтариб бериш имконияти берилиши керак дея қонунан исботлаган.

Мазкур ширкатнинг асосчиларидан бири Richard Holwell ўтмишда айнан Нью-Йорк дистрикт маҳкамасида ўн йил ҳакам бўлиб ишлаганди.

Унинг хатини олгач, 7 январ куни Нью-Йорк дистрикт маҳкамаси Ўзбек ҳукуматига маълум муддат берилсин деган қарор чиқарди, деб айтади журналист.

Шу тахлит Ўзбек томонида Америка ҳукумати музлатган пуллар ва мол-мулкни қайтариш имконияти пайдо бўлган.

“Бироқ АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари ҳозир жуда ноқулай аҳволга тушганлар. Чунки агар қарор Ўзбекистон фойдасига чиқарилса, улар пулларни коррупцияга ботган деб саналган мамлакатга қайтариб беришлари лозим бўлади”, дейди журналист François Pilet.

Гулнора Каримованинг алоқаси...

Америка адлия мулозимлари музлатилган пуллар тақдирини ҳал этиш мақсадида АҚШ қонунларига мувофиқ барча тегишли томонларга маҳкамада ҳозир бўлишни сўраб бир неча мактуб юборишган.

Шунингдек, Гулнора Каримова дохил унга алоқадор деб топилган шахсларнинг барча манзилгоҳларига, ҳам Ўзбекистон ва ҳам хорижий мамлакатда қайд этилган адресларига хатлар жўнатилган. Адлия вазири Икромовнинг мактубида Ўзбекистон Бош прокуратураси бу хатларни ҳибсга олгани ҳақида ёзилади.

Яъни, журналист François Pilet нинг айтишича, шу билан Ўзбек томони мазкур шахсларнинг алоқаси йўқ эканини таъкидлаб, музлатилган пулга ягона даъвогар Ўзбекистон давлати деб ифодалашга уринмоқда.

Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган коррупцион тузилмалар ва унга яқин шахсларга нисбатан тергов Оврўподаги коррупция билан боғлиқ йирик текширувлар ортидан 2013 йилда бошланганди.

2014 йил сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова миллионлаб доллар маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ва пул ювиш билан боғлиқ йирик жиноят иши юзасидан терговга жалб этилганини тасдиқлаган, аммо унинг жиноят ишидаги ролига аниқлик киритмаган.

2014 йилнинг 22 сентябрида Бош прокуратура “савол-жавобида" Гулнора Каримова жиноий иш бўйича қай юридик мақомда ўтаётгани борасидаги саволга – “уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига жазо муқаррар”, деган жавобни берган. Жавобнинг охирида прокуратура тергов натижалари борасида жамоатчиликка муфассал маълумот беришга ваъда этган.

Бироқ ушбу баёнотдан сўнг Ўзбек расмийлари ушбу иш борасида сукут сақламоқдалар.

Бир эмас, бир неча йирик коррупция айбловларига алоқаси бор дея таърифланаётган Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда уй қамоғида экани тахмин қилинади.

Вақт ўтган сайин унинг жазога тортилиши борасидаги фикр-мулоҳазалар ҳам сусайиб бораётир.

Швейцарияда истиқомат қилаётган ва воқеалар ривожини яқиндан кузатиб бораётган мустақил иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксановнинг айтишича, Ўзбекистон томони сиёсий ўйин қилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Миллий Хавфсизлик Хизмати билан биргаликда Гулнора Каримовани бу ўйиндан имкон қадар безиён олиб чиқишга жуда қаттиқ ҳаракат қилмоқда.

Унга кўра, “жазога тортилган қўшиқчи, сотувчи ва ҳисобчи каби шахслар давлат активларидан фойдаланиш даражасида имкониятга эга бўлишмаган, бунинг ортида катта қудратга эга бўлган шахс тургани аниқ”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ