HRW: “АҚШ сиёсий маҳбуслар юзасидан Тошкентга босим ўтказсин”

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ўзбекистон ва АҚШ

Америка Қўшма Штатлари сиёсий маҳкумларни озод этиш учун Ўзбекистонга ошкора босим ўтказиши керак.

Айни талаб билан Ҳюман Райт Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси чиқишган.

19 январ куни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида иккитомонлама масалаҳат кенгаши иш бошлайди.

Бу талаб ана шу учрашувлар олдидан янграмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маслаҳат кенгаши иши доирасида Америка Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли мулозимлари билан учрашади.

Америка Ўзбекистонни ИШИДга қарши глобал коалицияси таркибида фаолроқ бўлиши, Афғонистондаги амалиётлар ва айни масалаларда ҳарбий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишни истайди.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ёйинлаган хабарномага кўра, Ўзбекистондаги таниқли диний фаоллардан бири Акром Йўлдошев 2010 йилда қамоқда вақти сил касалидан вафот этган бўлиши мумкин.

Йўлдошевнинг жазо муддати шу йил феврал ойида якун топиши кутилаётганди.

Аммо бугунга келиб Акром Йўлдошевнинг тақдири борасида ҳеч нарса аён эмас.

Ўзбекистон мулозимлари унинг ҳолати ҳақида 2009 йилдан бери ҳеч кимга ҳеч қандай маълумот беришгани йўқ.

“Акром Йўлдошев келаси ой озодликка чиқиши керак эди, аммо бундан беш йил аввал қамоқда ўлди ва унинг тақдири яқинлари ҳамда бутун дунёдан сир тутилмоқда. Бу даҳшатли воқеилик ҳақида Америка мулозимлари очиқ ва қатъий муносабат билдиришлари керак”, дейди ташкилот вакили Стив Свердлов.

Би-би-си маълумотларига кўра, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Акром Йўлдошев яқинларининг бир неча бор қилган талабларига қарамай, Тошкент ҳозирга қадар сукут сақламоқда.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, қамоқда бўлган шахснинг тақдирига доир маълумот бермаслик, уни мажбуран йўқотиш амалига тенг ва айни амал халқаро қонунчиликда жиноят саналади. Бу жиноят ҳар қандай шароитда ҳам тақиқланади.

Акром Йўлдошев ҳақида:

Image caption Акром Йўлдошев

Акром Йўлдошев 1999 йил 17 февралда терроризмда айбланиб, қўлга олинган ва суд ҳукми билан 17 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда эди.

Кейинчалик расмийлар 2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган исëнни ҳам Акром Йўлдошев қамоқдан туриб бошқарганини даъво қилишган.

Андижон ҳодисалари ортидан бўлиб ўтган маҳкама жараёнида Акром Йўлдошев видео орқали гувоҳлик бериб, айбига "иқрор" ҳам бўлганди.

"Акромия" ёки халқ орасида "Акромийлар" дея танилган ташкилотга тўқсонинчи йиллар ўрталарида математика ўқитувчиси бўлган Акром Йўлдошев асос солган.

Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида оз сонли тарафдорларига эга бўлган ушбу ташкилотнинг фаолияти 2005 йилда Андижонда юз берган қонли воқеалардан кейин буткул тўхтилган.

Ташкилотнинг ўнлаб тарафдорлари узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган, юзлаб тарафдорлари эса хорижда бошпана топганлар.

1992 йилда Акром Йўлдошев "Иймонга Йўл" номли китобча ёзади, унда ахлоқ ва маънавият муҳокама этилади, ҳамда Исломий дунёқарашнинг устиворлиги таъкидланади.

Акром Йўлдошев ўз қарашлари билан бир қатор тарафдорларга эга бўлади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг "Иймонга йўл" китобида Ўзбекистонда куч билан Исломий давлат қуриш чақириғи бор, деган хулосага келишган.

Уларга кўра, "Акромийлар" инсон ҳаётидаги барча муаммоларига - ҳоҳ ижтимоий, ҳоҳ иқтисодий - Қуръон ва Хадисда ечим топиш мумкин деб тарғиб қилади.

Америка Ўзбекистонга қанчалар таъсир ўтказа олади?

Image caption Стив Свердловга кўра, Вашингтон Тошкентга ошкора босим ўтказиши керак

Америка-Ўзбекистон иккитомонлама маслаҳат кенгаши йиғини ҳар йили ўтказилади.

Ҳар йил турфа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Америка мулозимларини Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатдаги абгор инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан босим ўтказишга чақиради.

HRW дохил бошқа қатор халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кўра, Ўзбекистонда 2015 йилда вазият ўзгаргани йўқ.

Ўтган йил ҳам Ўзбекистонда диний-сиёсий айблар билан юзлаб инсонлар маҳкамага тортилгани маълум.

Уларнинг аксариятига ноинсоний муносабат қилингани, қийноққа солингани ҳақида хабарлар бор.

HRW ташкилоти маҳкама тортилган инсон ҳуқуқлари фаоллари қаторида 14 кишини санаган.

Улар орасида Азам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова , Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Нуриддин Жуманиёзов, Матлуба Комилова, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фахриддин Тиллаев ва Аъзам Турғуновлар бор.

Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжонов, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзмуродов ва Дилмурод Саидов каби журналистлар ҳам HRW ташкилотига кўра, зудлик билан озод этилиши керак.

Америка Қўшма Штатлари, HRW ташкилотига кўра, Ўзбекистон мулозимларидан зудлик билан ва шартсиз равишда барча сиёсий маҳбуслар, инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ҳамда мухолифат аъзоларини озод этилишини талаб қилишлари керак.

Ташкилотга кўра, мамлакатда мажбурий тўхтатилиши керак.

Шунингдек, фикр ва сўз эркинлиги таъминланишига кафолат берилиши керак.

Ўзбекистон мулозимлари тинч диний эътиқодга дахл қилмасликлари лозим, дейилади HRW ёйинлаган хабарномада.

Айрим фаолларга кўра, Америка минтақадаги стратегик манфаатлари учун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масалаларига кўз юмиб келмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ