Паспорт машмашаси: Халқ сарсон...

Шу кунларда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида биометрик паспортсиз уйларига қайта олмаётган юзлаб ўзбекистонликларнинг турнақатор навбатлари пайдо бўлган.

Бунга сабаб Россия чегарачиларининг ўзбекларни эски паспорт билан мамлакатдан чиқармаётганидир.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати тугагани ҳақида орадан икки ҳафта ўтиб, маълум қилган.

"Ижтимоий минбар" рукнимизда паспорт машмашаси билан боғлиқ навбатдаги мавзу қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

'Бошқалардан кам жойимиз борми?'

Farkhod Abdurakhmonovнинг айтишича, "ҳозирда хориж давлатларида муҳожир сифатида истиқомат қилаётган ва янги биометрик паспорт олмаган фуқароларимизни эски паспортларини ноқонуний деб ҳисоблашдан олдин ушбу қарорнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўғри келиши ёки келмаслигини инобатга олиш керак."

Унинг фикрича, паспорт фақат муайян давлатнинг ички масаласи бўлмасдан, айни чоғда инсон ҳуқуқлари мавзуси ҳамдир.

"Биометрик паспортга ўтишда фуқароларни "вақтида ҳаракат қилмаган" ёки "бепарво" деб айблашларида қисман ҳақиқат бор, аммо ўз вақтида ҳаракат қилганлар ҳам роса оворагарчиликларга, сарсон-саргардонликка учрадилар ва учрамоқдалар. Бунинг сабаби шундаки, қанчалик оғир бўлмасин бир ҳақиқатни тан олишимиз керак, яъни, Ўзбекистон ҳукумати ушбу масалада фуқароларга қулайлик туғдириш ҳақида умуман бош қотирган эмас...Мазкур чора-тадбир пухта, пишиқ режалаштирилмасдан ташкил этилган, чунончи, бир кунда қанча кишидан ариза қабул қила олиш мумкин, расмга тушириш мумкин ва ҳоказо ишларни амалга оширишда қанча вақт сарфланади, иш қуввати ёки салоҳиятининг максимал даражаси қандай, техник салоҳият қандай, яъни инсон ва техник омиллар ҳисобга олинмаган... ваҳоланки уларнинг паспортларида мазкур паспорт эгаси Ўзбекистон ҳимоясида, деб ёзилган. Энди ушбу қарор билан уларни янада азобга қўйишимизни қандай таърифлаш мумкин?

BBCнинг шарҳига жавобан "сизлар унақасизлар, бунақасизлар, тинчлигимизни кўролмайсизлар ва ҳоказо ҳақоратларни ёзишдан аввал нима дейди, бир "дўппимизни ерга қўйиб яхшилаб фикр юритайлик".

Image caption Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нобиометрик паспортлар муддати тугаганидан икки ҳафта ўтиб хабар тарқатган

Нега ҳар қандай масалада фақат фуқаролар айбдор бўлиб чиқадилар? Бошқа давлатларда ҳам бизга ўхшаган инсонлар яшайдилар-ку, нега улар фуқароларини овора қилмасдан, ишларни силлиққина бажара оладилар-у биз қила олмаймиз?

Бизнинг бошқалардан кам жойимиз борми?"..

'Отангиз халқни қийнаб қўйди...'

Tohir Bilolov эса ҳаммасига ўзбекларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилмасликлари сабабчи, деган фикрда.

"Бирор Ўзбек фуқароси "вой-дод" демаслигини жуда яхши билган ҳукумат бу ишни хотиржам қиляпти", - дейди у.

"Афсуски, бу ҳақиқат", - дея унинг фикрини тасдиқлайди Jonibek Xudaybergenov.

Аммо бошқа бир форум қатнашчиси, Шухрат Маматкулов эса Tohir Bilolov ни ношукурликда айблаган.

"Бутун дунё ҳавас қилади Ўзбекистонга ва отамизга", деб ёзади у интернетдаги форумларда урф бўлган "отамиз" ибораси билан Президент Каримовни қасд этаркан.

"Отангиз сизга балки яхшидир, лекин халқни қийнаб қўйди-да!.." дея киноя қилади Мирза Анвар Хамидов.

Рустам Карим эса ҳукуматнинг биометрик паспорт борасида тутаётган сиёсатида бўшаб қолган давлат ғазнасини тўлдириш ҳаракатларини кўради.

"Ўзбекистон иктисоди таназзулда ва бюджет бўм-бўш ва бу бўшлиқни халқни қийнаб,бюджетни тўлдириш харакатида!", деб ёзади у.

'Порахўрлик йўқ' ми?

Oybek Pirov афтидан паспорт олишда омади чопган кам сонли ўзбекистонликлардан.

"Ман биометрик паспортни 2013 йили олдим, ҳеч қанақа кийинчиликсиз. Тўғри, очеред котта, лекин арзон Худога шукур, атиги 40 000 га тушди паспортим. Ҳеч қанақа расмга ҳам тушиш керакмас, ҳеч қанақа банкка ҳам бориб овора бўлишни кераги йўқ! Ҳаммаси бир бинони ичида", дея шарҳ қолдирган у.

Пулат Турон исмли фойдаланувчи паспорт инқирозига қайсидир даражада Ўзбекистондаги ишсизлик боис меҳнат муҳожирлигини ихтиёр этган ўзбекларнинг кўплиги сабаб, деган фикрда.

"Агар Ўзбекистондан ҳеч бўлмаса эллик фоиз одам ўз юртида ишлаганда эди, машмаша булмасди".

Gayrat Yuldosh исмли фойдаланувчи биометрик паспорт олишда порахўрликка йўл қўйилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этади.

"Битта-иккита одам шошилиб, ҳовлиқиб пул бериб, навбатсиз паспорт олган бўлиши мумкин. Аммо паспорт олган 99% фуқаро навбати билан ҳеч қандай порасиз олди-ку!".

Унинг сўзларини Dilafruz Kenjayeva ҳамда Islomxon Nabiev лар ҳам тасдиқлашади.

"Shaxsan men may oyida xech qanday navbatsiz, porasiz 10 kunda oldim, topshirishda na olishda navbat kutmadim",- дейди Dilafruz Kenjayeva.

'Тизимга оид муаммо'

Ali Khan исмли Фэйсбук фойдаланувчисининг ёзишича, ҳозир у яшаб турган ҳудудда паспорт столга мурожат қилганларни келаси йилнинг ноябр-декабр ойларига навбатга ёзишаётган экан.

"Hozir biz tarafda pasportga navbatga yozilishga borganlani keyingi yilni noyabr-dekabr oylariga yozishvotti. Sharmandalikdan boshqa narsamas!".

Аммо Ali Khan ўзининг қаердан эканини ёзмаган.

"Халқ сарсон, халқ қийналгандан азобда. Бу сир эмас, ҳамма билади...",-деб ёзади Nodira Usmoniy.

Айрим ўзбекистонликлар паспорт сиёсатини хавфсизлик чоралари билан тушунтиришган. Айримлар эса, биометрик паспортга ўтиш жараёни мамлакатдаги бошқа барча соҳаларда кузатилаётган тизимга оид муаммоларни юзага чиқарганига ҳам эътибор қаратишган.

Ўқувчиларимиз қолдирган шарҳлар билан батафсил Facebook ва Odnoklassniki даги BBC O'zbek саҳифаларида танишишингиз мумкин.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio