Нега Беҳбудий ўгитлари 100 йилдан кейин ҳам долзарб?

19 январ атоқли жадид маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган куни нишонланади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ватандошларининг кўпроқ маърифатли бўлишларини истаган, шу мақсадда рўзнома ва журналлар нашрини йўлга қўйишда иштирок этган.

Драматург сифатида "Падаркуш" пъесасини ёзган.

Янги усулдаги ўзбек ва тожик тилларидаги мактаблар ташкил этган.

Бу мактаблар учун дарсликлар ёзган.

Беҳбудийнинг 200 дан ортиқ ўзбек ва тожик тилидаги асар ва мақолалари турли рўзнома ва ойномаларда чоп этилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1915 йили "Ойна" журналида нашр қилинган мақоласи "Бизни кемиргувчи иллатлар" деб сарлавҳаланган.

Беҳбудийнинг 100 йил олдин ўз мақоласида кўтарган муаммолар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Жумладан, ўз мақоласида Беҳбудий шундай ёзган:

"Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, сил-ар-ия ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилгон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман."

"...биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз. Йилда икки ой наврузи кофири учун сайр этармиз.

Бир ой муқаддам Самарқандни Панжакент қасабасидаги наврўз сайриға мушак-фишанг отишдан учгина киши ўлуб, ўндан зиёда киши мажруҳ бўлди. Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати малъунонасиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратға кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолур. Уйиға озуқаси йўқ, ҳўкузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмға от олиб ва ҳар куни анга ҳиндидек парастиш этибу ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун? Тўй ва сайрға кўпкари чопмоқ учун. Ўн-йигирма чақиримға тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди-кетди. Экин биргина кун кейин сепилган учун пишмай қолар. Биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзи хирманлар чириб кетар."

"Беш-олти маърака ва худойи, 8—10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқиға палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар. Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва хайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур. Худо учун айтингиз, бу хайротми, бу худойими?"

Нега Беҳбудий чақириқлари бугун ҳам долзарб?

Би-би-си ушбу саволни таниқли ёзувчи, блоггер, Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ва меросининг тарғиботчиси, Беҳбудий ҳайкалини ўрнатиш ташаббускори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳматга берди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас