Ўзбек лайлаги - дунё илмида жумбоқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Ўзбек лайлагининг ўтроқлашиши дунёни ҳайратлантирмоқда.

Халқаро олимлар гуруҳига кўра, инсон ўзгартираётган иқлим ва шароитлар боис кўчманчи қушлар аллақачон ўтроқлашмоқда.

Масалан, Оврўподаги лайлаклар узоққа учишмайди.

Ўзбекистондаги лайлаклар эса, умуман, ҳеч қаерга учмай, қишни Ўзбекистонда ўтказишаяпти.

Ўтроқ қушлар

Дунё олимларидан иборат гуруҳ Германия, Ўзбекистон, Арманистон, Испания, Тунис, Россия ва Юнонистондаги лайлакларни ўрганган.

Тадқиқотларга кўра, очиқ ҳаводаги мавжуд овқат чиқиндилари кўчманчи қушларни "дангаса" қилиб қўйган.

Бунинг устига, шимолий ярим шарда иқлим исиётгани боис қатор ҳудудларда қишлар ҳозир анча мўътадил.

Хусусан, лайлаклар қишда овқат ва иссиқ иқлим излашлари шарт эмас.

Image caption Иссиқ иқлим, тайёр овқат турганда, қишда кўчиш шартми?

Овросиё лайлаклари аввалги кўчиш йўлларини қисқартириб, Қора Африка ва Жанубий Осиёга учишни ўзларига эп билишмаётир.

Махсус сунъий йўлдошли кузатув асбоблари орқали камида 70 дона лайлакни ўрганиш натижасида ана шундай хулосага келинмоқда.

Анча совуқ ўлкалар бўлган Россия ва Польшадаги лайлаклар ҳамон Африка ва Осиёга бориб, қишни ўтказишади.

Лекин Испания, Тунис ва Германиядаги лайлаклар аждодларидан фарқли тарзда Саҳрои Кабирни кесиб ўтишмаяпти.

Марокашдаги улкан чиқиндихоналар Оврўпо лайлаклари учун асосий озиқ-овқат манбаига айланган.

Арманистон лайлаклари эса қиш олдидан жануб тарафга жуда қисқа масофага кўчишмоқда, холос.

Ўзбек лайлаклари - жумбоқ

Олимларни Ўзбекистон лайлаклари энг кўп ҳайратга солмоқда.

Ўзбекистонда иқлим кескин континентал ва иссиққа ўрганган қушлар қиш чилласига дош беролмаслиги мумкин.

Лекин кузатувларга кўра, Ўзбекистон лайлаклари қишда ҳеч қаерга кўчмай, Ўзбекистонда қолишмоқда.

Ўзбекистонда балиқчилик хўжаликлари кўпайган.

Шунингдек, қуриган Орол денгизи ҳисобидан пайдо бўлиб, кенгайган Ҳайдаркўл атрофида ҳам янгича микроиқлим ва ҳайвонот дунёси юзага келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Тошкентдаги масжид яқинида қаноти қирқилган лайлаклар.

Бунинг устига, қиш баъзан мўътадил келиб, кўпинча жуда қисқа давом этаётгани айтилади.

Шу боис Ўзбекистондаги лайлаклар қишда ҳам балиқчилик хўжаликларида озиқ-овқат топиб, Афғонистон осмонини кесиб, Жанубий Осиёга учмай қўйишган.

Лайлаксиз Африка

Овросиё лайлаклари Саҳрои Кабирдан нарига учиб ўтишмаскан, бу ҳолат Қора Африкадаги деҳқончиликка зарар етказиши мумкин.

Лайлаклар Африкадаги экинларга зарар етказувчи ҳашарот, кемирувчи ва чигирткалар билан озиқланарди.

Айни дамда, аҳоли ўсаётган ва деҳқончилик майдонлари кенгайиб бораётган Овросиёда қишлаётган лайлаклар келажаги ҳақида ҳам аниқ башоратлар йўқ.

Улар шу асно янгича шароитларга ўрганиб, ўтроқ қушга айланиб, яшаб қолишадими?

Ёки бирон бошқа иқлим ўзгаришига мослаша олмай, йўқолиб кетишлари мумкинми?

Бу саволлар очиқ.

Аммо бир нарса аниқ: Лайлакларни инсонлар ўтроқ қушга айлантиришмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ