Тошкентда дарахтлар қирғини давом этмоқда

Image caption Тошкентда дарахтлар қирғини бир неча йилдан бери давом этмоқда

Тошкент марказида яна кўп йиллик чинорларни кесмоқдалар.

2009 йили Амир Темур хиёбонидаги ёши бир асрдан зиёд бўлган улкан дарахтларнинг таг-томири билан қўпорилгани Ўзбекистон ичкариси ва хорижда кўпчиликни ғазаблантирганди.

Шу кунлар навбат Мудофаа вазирлиги ва Буюк Ипак йўли метроси атрофида чинорларга келган кўринади.

Дарахтлар қирғини ижтимоий тармоқларда норозилик изҳор этилган муносабатларга сабаб бўлмоқда.

Бироқ Тошкентдаги Узметроном веб-сайти муҳаррири Сергей Ежков ёзишича, расмийлар аҳолининг норозилигига парво ҳам қилмаяпти.

«Бу ваҳший амалга қўл ураётганлар чинорларни кесиб ўрнига хориждан игнабаргли дарахтлар олиб келишдан манфаатдорлар, бу игнабаргли дарахтлар Ўзбекистон жазирамасига чидолмасдан қуриб қолишлари билан ҳам ишлари йўқ”, деб ёзган Сергей Ежков.

Ўзининг ғазабнок чиқишини Би-би-си билан суҳбатда Сергей Ежков шундай изоҳлаган:

Сергей Ежков: Чунки Ўзбекистонда инсонлар ҳокимият қабул қилаётган қарорлардан узиб қўйилганларига анча бўлди. Одамлар билан маслаҳатлашмайдилар, уларнинг фикрини сўрамайдилар. Ўзбекистонда жамият ҳар қандай нормал мамлакатда ўйнаши талаб қилинадиган ролни ўйнамай қўйган. Бугун ҳокимият нима иш қилаётган бўлса, уларга ўз номидан иш кўриш ваколатини бериб қўйган халқ билан ҳисоблашмасдан, ўзбошимчалик билан, амал курсисида ўтирган одамларнинг фойдасини кўзлаб қилмоқда. Мустақиллик эълон қилинганда халқ ҳокимият манбаи деб конституцияда белгилаб қўйилган эди. Мустақиллик эълон қилинган 1991 йилдан узоқлашганимиз сайин оддий одамларнинг ҳуқуқи шунча камайиб, эркинликлари озайиб бормоқда, ҳокимиятдагиларнинг ўзбошимчаликлари тобора ортиб бормоқда. Албатта, бу нарса қониқиш эмас, ғаазаб туйғусини қўзғайди.

Би-би-си: Тошкентнинг кўчасидаги бир дарахтни кесиш қарори кимнинг ваколатига киради?

Сергей Ежков: Ҳокимият органи ҳар бир дарахтни кесиш учун Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Тошкент бўлимидан рухсат олиши лозим. Агар сиз кўчадаги бир дарахтни чопиб ташласангиз, сизнинг устингиздан камида маъмурий жавобгарлик банди бўйича иш қўзғашади ва улкан жаримага тортишади. Лекин бу ишни ҳокимият органи қилаётган бўлса, табиат қўмитасидан рухсат ҳам олиб ўтирмайдилар ва ҳатто бу ҳақда ўша дарахтларни муҳофаза қилиш учун, Ўзбекистон набототи ҳақида қайғуриши лозим бўлган қўмитадан талаб қилинадиган расмиятчиликни ҳам бажармайдилар. Ўша амалдорлар билишади: бу ўзбошимчалик учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмайди. Чунки дарахт кесиш қарори учун Тошкент шаҳри ижроия маъмурияти раҳбари жаноб Усмонов розилигини олиб бўлганлар. Уни ҳам ҳеч ким жавобгарликка тортолмайди. Назарий жиҳатдан мумкин, аммо Ўзбекистон шароитида бу ишнинг амалий жиҳатдан ҳеч имкони йўқ. Бунинг устига бу ерда Ўзбекистонга четдан дарахт олиб келаётган тизимларнинг тужжорий манфаати ҳам ётипти. Улар олиб келган дарахтлари бу ерда униб-ўсиб кетмаслигини жуда яхши биладилар. Бу тужжорий тизимларнинг эса ижроия ҳокимиятидагилар билан алоқаси борлиги ҳам мустасно эмас.

Би-би-си: Ўзбекистондаги кўп йиллик дарахтларни кесиш ортида хориждан игнабаргли дарахтларни нархини қиммат қилиб кўрсатиб олиб киришдан манфаатдор гуруҳлар турипти, деган гап-сўзлар тарқалганига ҳам 10 йиллар бўлиб қолди. Булар қанчалар асосли?

Сергей Ежков: Ўзбекистон шароитида буни исботлаш жуда қийин, чунки бу дарахтларни ким мамлакатга олиб кираяпти? Дарахт олиб кираётган фирмалар ортида ким турипти? Бу ҳақдаги ахборот ёпиқ ҳисобланади. Ўзбекистон ёпиқ давлат, бирор бир ташкилотда сизнинг қўлингизга бу ишларга тааллуқли ҳужжатларни беришмайди. Бу ҳужжатлар асосида сиз бу ширкатлар ортида кимлар турганини аниқлашингиз мумкин. Лекин бу ҳужжатлар қўлингизда бўлмагани учун ҳеч нарсани исботлолмайсиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ