Дарахтлар кесилишига қарши петиция 2000 дан ортиқ имзо тўплади

Тошкент амалдорларининг жамоатчиликка бирор бир тушунтириш бермасдан яна улкан чинорларни кесишга киришганлари тошкентликлар ва хориждагиларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

25 январ куни чинорларнинг ваҳшийларча кесилишини тўхтатишни талаб қилиб онлайн-петиция бошланган, 26 январ тушгача 2000 дан ортиқ киши петицияга имзо чеккан.

Онлайн-петицияТошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов, Ўзбекистон Экологик ҳаракати раҳбари, парламент қуйи палатасининг Экология ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Борий Алихоновга йўлланган.

"Ҳозир Ўзбекистонда ҳамма жойда чинорларни кесиб ташламоқдалар. Чинор ўрнини бошқа бирор дарахат босолмайди. Осиё чинорининг баландлиги 35-40 метрга етади, кенг танаси соя беради ва жазирама ҳамда қуёш радиациясидан ҳимоя қилади. Юзлаб йил яшайди. Танасига зараркунандаларнинг тиши ўтмайди. Суғориш талаб қилинмайди. Ҳозирга келиб Тошкент яланғоч бўлиб қолди, шаҳар асфальт-бетон саҳрога ўхшаб бораяпти. Чинорлар ўрнига арча ёки импорт ўсимликлаор экишмоқда, улар эса кўп сувни талаб қилади ва соя бермайди. Тошкент чинорларини ваҳшийларча кесишни тўхтатишни талаб қиламиз", дейилади онлайн мурожаатда.

Тошкентликларнинг айтишларича, ободонлаштириш важи билан деярли бутун шаҳарда дарахтлар кесилаётганини кўриш мумкин.

23 январдан эса Мустақиллик проспектининг "Буюк ипак йўли" метросидан Мудофаа вазирлигигача бўлган қисмида чинорларни қўпориш бошланган.

Норозилик петицияси учун имзо йиғиш бошлангунча на Тошкент шаҳар ҳокимлиги, на Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва на Экологик ҳаракат дарахтлар нега кесилаётгани ҳақида тушунтириш бермаганлар.

Бироқ онлайн петиция бошлангани ҳақидаги хабар тарқалганидан кўп ўтмай Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси петиция ташаббускори Фарида Шарифуллинага қўйидаги мазмунда жавоб беришган: "ҳозирги пайтда Мирзо Улуғбек туманида ободонлаштириш ва қатор кўчаларни кенгайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Ишларни амалга ошириш мобайнида айрим дарахатларни кесиш зарур, келажакда уларнинг ўрни келажакда баҳорги экин даврида дарахатларнинг қимматли турлари билан тўлдирилади".

Нега ўзбекистонлик тўралар мутлақ жиноят ҳисобланадиган ушбу амалларга жамоатчилик норозиликларига қарамасдан қўл урмоқдалар?

2009 йили Тошкентдаги Амир Темур хиёбонидаги 100 йилдан кекса улкан дарахтларни таг-томири билан қўпориб ташлаганлари жуда кўпчиликни ғазаблантирган, аммо бирор бир мантиқли изоҳ берилмасдан Тошкент маркази яйдоқ саҳрога айлантирилганди.

Дарахтлар фақат янги қурилган Форумлар саройининг ҳайбатини кўз-кўз қилиш учун қўпорилди, деган фикрлар билдирилди.

Интернет муҳокамаларида улкан дарахтларнинг кесилиши Президент Ислом Каримовнинг улар ортида қўлидаги қуроли билан яшириниши мумкин бўлган террорчилардан ҳадиги билан боғлиқ деган тахминлар ҳам айтилди.

Бугун ўзбекистонликлар билан гаплашсангиз, бу амаллар улкан дарахтларни Хитойга ёғоч қилиб сотишдан фойда кўраётган "мафия"нинг иши экани ҳақидаги гапларни ҳам эшитиш мумкин.

Шунингдек, "энг юқори"дагиларни бутун республика бўйлаб дарахтларни кестиришга кўндирган Ўзбекистондаги мебел ширкатларининг "қўл"ини кўраётганлар ҳам йўқ эмас.

Катта дарахтларни кесилишидан четдан қиммат баҳода игнабаргли дарахт олиб келиш билан шуғулланаётган ширкатлар манфаатдор, деган тахминлар билдирилганига ҳам анча бўлди.

Аммо дарахтлар кесилишидан ғазабга келиб мақола ёзган Ўзбекистондаги Uzmetronom веб-сайти муҳаррири Сергей Ежков айтишича, Ўзбекистон шароитида бу даъволардан қайси бири ҳақиқат эканини исботлашнинг имкони йўқ.

"Бу дарахтларни ким мамлакатга олиб кираяпти? Дарахт олиб кираётган фирмалар ортида ким турипти? Бу ҳақдаги ахборот ёпиқ ҳисобланади. Ўзбекистон ёпиқ давлат, бирор бир ташкилотда сизнинг қўлингизга бу ишларга тааллуқли ҳужжатларни беришмайди. Бу ҳужжатлар асосида сиз бу ширкатлар ортида кимлар турганини аниқлашингиз мумкин. Лекин бу ҳужжатлар қўлингизда бўлмагани учун ҳеч нарсани исботлолмайсиз", деди Би-би-си билан суҳбатда Сергей Ежков.

Сергей Ежков айтишича, халқ билан ҳисоблашишни ўзига эп кўрмайдиган амалдорлар бу жиноятлари учун жавобгарликка тортилмасликларига ишонадилар ва шунинг учун ҳам бу ўзбошимчаликларини давом эттирмоқдалар.

Ҳозирги пайтда республиканинг деярли барча шаҳар ва туманлари марказлари "асфальт-бетон саҳрола"рга айлантирилган ва Ўзбекистондаги вазиятни яхши биладиган кутазувчилар фикрича, ободонлаштириш маҳаллий тўралар учун давлат бюджетидан мўмай пулларни ўзлаштиришнинг энг қулай ва осон йўлидир.

Аҳоли норозилиги расмийларни айрим тушунтириш беришга ундаган, бу тушунтиришларда гўё чинор Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслигини исботлашга ҳаракат қилинган.

Лекин бундай тушунтиришлар кескин танқидлар билан қарши олинган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас