HRW: "Ўзбекистонда инсон ҳақлари вазияти ўзгармаган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption Ҳукумат ўзгача фикрловчи ва ҳукумат сиёсатини танқид қилган фуқароларни узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилган.

2015 йилда ҳам инсон ҳақлари билан боғлиқ хавотирли вазият Ўзбекистонда сақланиб қолмоқда.

Андижонда ҳукумат кучлари томонидан юзлаб одамлар, аксарияти тинч намойишчилар отиб ташланганидан ўн йил ўтиб ҳам, Ўзбекистон ҳукумати жабрланганларга нисбатан адолат қарор топтиришни истамаяпти, дейилади халқаро Human Rights Watch ҳисоботида.

2015 йил март ойида ўтган сайловда 26 йилдан бери қудратда бўлган авторитар президент Ислом Каримов ўз бошқарувини яна беш йилга узайтириб олди, деб келтирилади унда.

Ўзбекистон Конституцияга кўра, бир шахс икки мартадан кўп президент этиб сайланмаслиги лозим. Халқаро кузатувчилар фикрича, конституцияга зид тарзда ўтказилган сайловда ўзбекистонликларга ҳеч қандай жиддий ўзга танлов берилмаган.

Минглаб инсонлар сиёсий айбловлар билан озодликдан маҳрум этилган, қийноқлар кенг қўлланилади ва ҳукумат доимий равишда хуқуқ фаоллари, журналистлар ва мухолифат аъзоларини таъқиб қилиб келади.

Доимий давом этувчи қонунбузарликларга қарамасдан, Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон хуқуқлари вазиятига етарлича таъсир ўтказа олмаяпти.

Авторитар Ўзбекистонда фуқаролар сайловларда ўзларининг фикрларини эркин айтиш, сиёсий партиялар тузиш, мустақил номзодларни кўрсатиш ёки бошқа ҳар қандай йўл билан демократик, шаффоф сайлов жараёни ўтказилиши таъминланишидан маҳрумдирлар.

Жазони ўташ муассасаларида хуқуқ фаоллари Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Нуриддин Жуманиёзов, Матлуба Комилова, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фахриддин Тиллаев, Аъзам Турғунов, шунингдек, журналистлар Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжонов, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзимуродов ва Дилмурод Саидовлар сақланмоқда.

Бундан ташқари панжара ортида узоқ йиллардан бери қолаётган мухолифат фаоллари Самандар Қўқонов, Қудратбек Расулов ва Рустам Усмановлар бор. Диний ва ҳукуматга қарши қарашлари учун Руҳиддин Фахриддинов, Нодирбек Юсупов, Дилором Абдуқодирова, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Эркин Мусаев, Даврон Тожиев ва Равшанбек Вафоевлар узоқ йилларга озодликдан маҳрум бўлиб қолмоқда. Уларга берилган муддатлар тугаб кетса ҳам, қайта қайта қўшиб берилмоқда.

Жумладан, тўққиз йиллик муддати ниҳоясига етган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновга "қамоқхона тартибини бузганлиги" учун яна беш йил қўшиб берилгани маълум бўлди. Фаол айнан қандай тартибни бузганлиги ошкор қилинмаган.

Ҳукумат шу тариқа ўзгача фикрловчи ва ҳукумат сиёсатини танқид қилган фуқароларни озодликдан маҳрум қилиб "овозини ўчирмоқда".

Кўп маҳкумларнинг соғлиги қамоқхонадаги оғир шароитларда ёмонлашган.

Ноябр ойида ҳукумат узоқ танқидлардан сўнг ниҳоят 21 йил қамоқда ўтирган мухолифатчи Мурод Жўраевни озодликка чиқарди.

2015 йилда Хьюман Райтс Вотч мамлакат ташқарисида бўлган ўнлаб ўзбеклар билан суҳбатлашган. Улар Андижон қирғини ҳақидаги ҳақиқатни ўзлари ва Ўзбекистонда қолган яқинлари тақдирини ўйлаб, очиқ гапиришга қўрққанлар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ичкарисида қолган жуда оз сонли ҳуқуқ фаоллари доимий таъқиб остида фаолият олиб боришга мажбурлар. Пахта далаларида мажбурий меҳнатни кузатаётган фаоллар Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқулова милиция ходимлари томонидан ушланиб, мажбурий ҳақоратли тиббий кўрикдан ўтказилганлар.

Шунингдек, фаол Дмитрий Тихонов уйига ўт қўйиб юборилган ва мажбурий меҳнат ҳақида тўплаган маълумотлдар ўғирлаб кетилган. Вазият ёнғин ҳукумат вакиллари томонидан атайлаб уюштирилганини кўрсатади, дейди Human Rights Watch.

Кузатувчиларга кўра, мажбурий меҳнат натижасида 2015 йилда камида олти инсон ҳалок бўлган.

Ўтган йил июн ойида Тошкентга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳақлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирган, уларсиз "тинчлик ва тараққиёт бўлмаслиги"ни таъкидлаган.

2015 йил июлда БМТ Инсон ҳақлари бўйича қўмита мажлисида Ўзбекистонда сиёсий мазмундаги ҳибслар, Андижон қирғини учун масъулиятни бўйнига олмаслик, доимий қийноқларнинг давом этиши ва БМТ нинг инсон ҳақлари бўйича институтлари билан ҳамкорликнинг йўқлиги кескин танқид остига олинди, дейилади Human Rights Watch ҳисоботида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio