Ўзбекистон коррупция рейтингида яна "етакчилардан"

Дунё мамлакатларидаги коррупция билан боғлиқ вазиятни ўрганадиган Transparency International ташкилоти 2015 йилга бағишланган янги ҳисоботини эълон қилган.

Ушбу ҳисоботда жаҳондаги 168 мамлакатдаги аҳволга баҳо берилган.

Transparency International ҳар бир мамлакат тўплаган баллига қараб ранг берган.

Кўп балл тўплаб яхши натижани қўлга киритган мамлакатлар оч сариқ ранг билан белгиланган, Transparency рейтингида кам балл тўплаганига қараб харитада мамлакат тўқ қизил рангда кўрсатилган.

Дунёда коррупция энг авж олган ва тўқ қизил рангда берилган 16 мамлакат қаторига Ўзбекистон ҳам кирган.

Ўзбекистон имконли 100 баллдан 19 балл тўплаган.

Бу 168 мамлакат рўйхатида 153-ўринга тўғри келган.

Ўзбекистон кўрсаткичи 2014 йилга солиштирганда бир баллга яхшилангани кузатилган.

Бироқ 2014 йили Transparency International 175 мамлакатдан иборат рейтинг тузган эди.

Халқаро ташкилот собиқ Шўро мамлакатлари учун коррупция ҳамон катта муаммолигича қолаётганини айтган.

Transparency International таърифи бўйича бу мамлакатларда "коррупция қатағонлар билан ёнма-ён бормоқда".

"Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон ва бошқаларда ҳукуматлар, агар буткул бўаётган бўлмаса, фуқаролик жамияти ва эркин матбуотни чеклаб бормоқда - иккиси ҳам коррупция олдини олишга хизмат қилмоғи лозим", дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда Швециядаги вазият ҳақида гапириларкан, Ўзбекистон ҳам тилга олинган.

Швециядаги TeliaSonera мобил алоқа ширкати "Ўзбекистонда бизнес юритиш учун пора шаклида миллионлаб доллар берганликда айбланаётгани" айтилган.

Коррупцияга йўл қўйилмаслиги нуқтаи назаридан энг яхши мамлакат сифатида Дания кўрилган.

Дания 100 баллдан 91 балл тўплаган.

Кейинги ўринларни Финландия, Швеция, Янги Зеландия, Голландия, Норвегия, Швейцария, Сингапур, Канада ва Олмония эгаллаган.

Transparency International дунёда энг ёмон вазият Шимолий Корея ва Сомалида деб ҳисоблайди.

Шунингдек, рўйхатнинг энг паст қаторларидан Афғонистон, Судан, Жанубий Судан, Ангола, Ливия, Ироқ, Венесуэла, Гвинея-Бисау жой олган.

Собиқ Шўро республикалари орасида энг кўп баллни Эстония тўплаган ва рейтингда 23-ўринни эгаллаган.

61 балл билан Литва 32-ўринда, Латвия 40-, Гуржистон 48-, Арманистон 95-, Молдова 103-, Беларус 107-, Озарбайжон 119-, Россия ҳам 119-, Қозоғистон ва Қирғизистон 123-, Украина 130-, Тожикистон 136-, Туркманистон Ўзбекистондан ҳам паст - 154-ўринни эгаллаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBCUZBEKTwitter - BBCUZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook- BBCUZBEKGoogle+ BBCUZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ