Ўзбекистон паспорти қанчалик қудратли?

Энг қудратлилари АҚШ ва Буюк Британия, энг кучсизи Жанубий Суданники бўлиб чиққан янги рўйхатда Ўзбекистон 199 давлат ичидан 64-ўринни эгаллаган.

Бу каби хулосага Халқаро Ҳаво Нақлиёти агентлиги маълумотлари асосида Американинг “Arton Capital” консалтинг ширкати келган.

Паспортларнинг қудратини эса, у амалда бўлган давлатдаги виза чекловларининг даражаси белгилаган.

Дейлик, қудратлилик бобида қолган барчани ортда қолдириб кетган АҚШ ва Буюк Британия фуқаролари дунёнинг 147 давлатига визасиз, эмин-эркин саёҳат қилишлари мумкин.

Янги рўйхатда иккинчи ўринни бирваракайига бўлишган Франция, Жанубий Корея ва олмонияликлар учун эса, жаҳоннинг 145 мамлакати эшиклари очиқ экан.

Агар, шу ўринда қиёсан олинадиган бўлса, ўзбекистонликлар визасиз бемалол бора олишлари мумкин бўлган давлатлар сони (53) бу икки рақамнинг ярмига ҳам етмаган.

Паспорти фуқароларига мазза қилиб дунёнинг исталган бурчагига сафар қилиш имконини берувчи мамлакатлар юқори тўртлигига яна Италия, Швеция, Сингапур, Япония, Финландия, Дания, Люксембург ва Голландиялар киришга муваффақ бўлишган.

Янги рўйхатда фуқароларининг четга чиқиши жуда қийин бўлган давлатлар сафидан эса, Жанубий Судандан ташқари Мянмар, Соломон ороллари, Фаластин ҳудудлари, Сао Томе ва Принсипи демократик республикаси жой олишган.

Икки юзга яқин давлат орасидан паспорти энг кучсизи бўлиб чиққан Жанубий Суданнинг паспорти билан сиз бор-йўғи жаҳоннинг 28 мамлакатига визасиз боришга имконли экансиз.

Агар, бу рақамлар дунёда паспорти энг қудратли бўлган давлатлар фуқаролари эга бўлган имкониятлар билан таққосланса, орадаги фарқнинг “осмон билан ерча” эканини кўриш мумкин.

МДҲ бўйлаб...
Фото муаллифлик ҳуқуқи Vitaliy Modlo

Аммо бирор бир МДҲ давлати паспортининг қанчалик қудратлилиги бобида юқори ўнталикка киролмаслик баробарида қуйи ўнликка ҳам тушишмаган.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан биргаликда 13-ўринни бўлишган Эстония ва Латвия энг яхши натижа қайд этишган.

Уларнинг паспорти фуқароларига дунёнинг 134 давлатига визасиз бориш ҳуқуқини берган.

Россия 36-ўринда келган бўлса, Марказий Осиё давлатлари орасидан Қозоғистоннинг паспорти энг қудратли(53-ўрин)си экани маълум бўлган.

Қозоғистон паспорти сизга жаҳоннинг 65 давлатига эмин-эркин сафар қилиш имкониятини бераркан.

Қирғизистон янги рўйхатда Ўзбекистон ва Тожикистондан бир поғона юқори ўрин билан Қозоғистондан кейин минтақада энг яхши натижа кўрсатган иккинчи давлат бўлиб чиққан.

64-ўринни Ўзбекистон ва Тожикистон билан бўлишган етти иштирокчи давлат орасидан Роберт Мугабенинг Зимбабвеси ҳам жой олган.

Қўшни Туркманистоннинг паспорти эса, Марказий Осиёда энг кучсизи (70-ўрин) экани аён бўлган.

Ўзбекистон каби чиқиш визаси амалда бўлган дунёнинг бор-йўғи иккита давлатидан биттаси бўлган Шимолий Корея эса, Туркманистондан уч поғона қуйи ўринда келган.

Шимолий Кореянинг паспорти билан сиз дунёнинг 44 давлатига визасиз сафар қила олишингиз мумкин экан, холос.

Аммо бу хусусда йиллик асосда тадқиқот олиб борувчи турли халқаро тадқиқот марказларининг ўз хулосаларига таянилса, “ҳозирга келиб, дунёнинг деярли барча давлатлари ўз ҳудудларига саёҳат қилиш истагида бўлган ўзга мамлакат фуқароларидан виза талаб қилишга ўтишган”.

Улар бунинг сабабини виза чекловлари глобаллашиб бораётган дунёда хорижий фуқароларининг чегараоша ҳаракатланишини назорат этишда муҳим ўрин тутиши билан изоҳлашган.

Чиқиш визаси
Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан ҳам чиқиш визаси тартибини амалда сақлаб қолган ягона мамлакатдир.

Маҳаллий кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, мавжуд вазият сабабини расмий Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини қатъий назорат остида тутиб туриш истаги билан изоҳлашади.

Уларга кўра, четга бориб, эркин жамият тажрибасини кўриб, фикрлаши ўзгариб қайтиши эҳтимоли бўлган фуқароларини амалдаги тузум ўзи учун таҳдид сифатида ҳам кўриши мумкин.

Фаолларнинг наздларида, ҳар икки йилда янгиланиши шарт бўлган чиқиш визаси оддий ўзбекистонликларни давлат идораларига боғлаб қўяди.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият, рисоладагидек иш топиш имкониятларининг ҳаминқадарлиги ва глобализация жараёни сабаб, сўнгги йилларда ўзга юртларни ихтиёр этаётган инсонлар сони кескин ортаркан, чиқиш визаси тартиби фуқаролар орасида энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган.

Фаоллар, ўз ўрнида, агар Ўзбекистонда чиқиш визаси тартиби бекор қилинса, инсонлар бемалолроқ ҳаракат қилиш ҳуқуқини қўлга киритишлари, бунинг ҳам давлат ва ҳам инсонларга фойдаси бўлишини таъкидлашади.

Улар амалдаги чиқиш визаси тартиби мамлакат конституциясига зид бир амал эканини ҳам урғулашади.

Ҳозир Ўзбекистон билан, ҳаттоки, аксарият минтақа давлатлари орасида ҳам қатъий виза тартиби амал қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • BBCUZBEKInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBC UZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ