Ўзбекистонда ҳануз иқтисодий эркинлик йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty AFP
Image caption Heritage Foundation ҳисоботи Президент Каримовнинг баҳосидан кескин фарқ қилади

АҚШда жойлашган Heritage Foundation жамғармаси ўзининг йиллик "Иқтисодий эркинлик индекси"да Ўзбекистонни 178 давлат орасида 166-ўринга қўйган.

Heritage Foundation Ўзбекистон иқтисодини "репрессив" деб таърифлаган.

Ўзбекистон бу йилги рўйхатда Марказий Африканинг Чад (164) ва Конго (163) сингари давлатларидан ҳам орқада қолган.

Минтақада Туркманистондан ташқари барча давлатлар Ўзбекистондан ўзиб кетишган ва "репрессив иқтисод"лар рўйхатига киритилмаган.

Heritage Foundation индексида Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари ўтган йилгига нисбатан ёмонлашган.

Бундан олдинги рўйхатда Ўзбекистон 160-ўринни эгаллаганди.

Бу йилги рўйхатда мамлакатнинг умумий баҳоси 47 дан 46 га тушган.

'Президентга бўйсунади'

Ўзбекистон 2015 йилда ҳам иқтисоди "репрессив" бўлган давлатлар қаторига киритилган.

Heritage Foundation ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда коррупция авж олган ва суд ҳокимияти президентга бўйсунади.

Ҳисобот муаллифларининг фикрича, Ўзбекистонда "қудратли шахслар жазосиз фаолият олиб боришади" ва "давлат молия соҳасига фаол аралашади".

Image caption Ҳисобот савдо нисбатан эркинлашганини қайд этган

Айни пайтда ҳисобот Ўзбекистоннинг савдо эркинлиги ва монетар эркинлик каби бандлар бўйича кўрсаткичларни яхшилаганини қайд этган.

Иқтисодий эркинлик рўйхатида бу йил ҳам биринчи ўринни Гонг Конг эгаллаган.

Биринчи учликка шунингдек, Сингапур ва Янги Зеландия ҳам кирган.

Индексда АҚШ 11-ўринни эгаллаган.

Буюк Британия ва шунингдек, собиқ совет давлатлари орасида Эстония биринчи ўнталикка кирган.

Дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди бўлмиш Хитой эса 144-ўринда.

1995 йилдан буён чоп этиб келинадиган ҳисобот дунёнинг 186 давлатидаги иқтисодий шароитлар ва ҳукуматлар сиёсатини таҳлил қилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKTwitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio