Ислом Каримов - энг камтар Президентми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Юртбоши Орқадоғдан анча камтар

Марказий Осиёнинг бошқа президентларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ўзининг 78 ёшини камтарона нишонлаган.

Одатда давлат матбуоти президентнинг туғилган кунини четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Аммо бу йил 30 январ куни ўзбек оммавий ахборот воситалари президент раҳнамолигида мамлакатда қўлга киритилаётган ютуқларга алоҳида эътибор қаратгани кузатилди.

Хусусан, мустақилликнинг 25 йиллигига тайёргарликлар авжида экани қайд этилган мақола ва лавҳаларда ўтган йилларда президент амалга оширган "оқилона сиёсат" улуғланади.

"Камтар" раҳбар

Марказий Осиёнинг айрим раҳбарларидан фарқли ўлароқ, Президент Ислом Каримов умрбод президентликни қонунийлаштирмаган ва "миллат раҳнамоси"га ўхшаш расмий мақоми йўқ.

Қўшни Қозоғистон ва Туркманистон президентлари - Нурсултон Назарбоев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедовларнинг туғилган кунлари давлат миқёсида ва дабдаба-ю асъасалар билан нишонланаркан, Президент Каримов ҳозирга қадар туғилган кунининг жамоатчилик томонидан нишонланишига йўл бермаган.

2011 йилда "Элбоши" мақомини олган Қозоғистон Президенти Назарбоевнинг туғилган куни 6 июл "Остона куни"га тўғри келади ва расман дам олиш куни ҳисобланади.

2013 йилда туркман Президенти Бердимуҳамедовнинг туғилган кунида Женнифер Лопеc қатнашиб, "Happy Birthday" қўшиғини ижро этган.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон эса давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган санани ўзининг туғилган куни - 5 октябрга ўзгартирган.

'Буважон'га аталган гулдаста

Президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Instagram даги саҳифаси орқали ўз отасига табрик йўллаган.

Каримова-Тиллаева хоним отаси жажжи набирасидан бир даста гулни олаётгани акс этган суратни ҳам чоп этган.

4 мингдан кўп одам "лайк" қўйган ва юзлаб табриклар қолдирилган постида Лола Каримова-Тиллаева "Севимли буважонга бўлган энг эзгу тилаклар ва табриклар" деган сўзларни ёзган.

Унинг бир вақтлар Twitter да фаол бўлган опаси Гулнора Каримованинг ижтимоий тармоқларда отасининг туғилган куни муносабати билан бирон бир шарҳ бергани кузатилмаган.

Гулнора Каримова 2014 йилдан буён уй қамоғида деб ишонилади.

Аммо Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО даги элчиси бўлган Лола Каримова-Тиллаева Instagram да йўллаган табрикни отаси кўрганми, йўқми, маълум эмас.

Аввалроқ президентнинг тўнғич набираси-кичкина Ислом Каримов Би-би-си билан суҳбатда бобоси интернетдан қандай фойдаланишни билмаслигини айтган эди.

"Пластик карточкалар учун раҳмат!"

Айни пайтда Президент Каримовнинг табрик илова қилинган суратлари Ўзбекистондаги мобил телефон ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қўлма-қўл бўлиб кетган.

"Туғилган кунингиз билан, Президентим!" деб ёзилган сурат Facebook да 5600 киши томонидан "лайк" қилинган.

Юзлаб фойдаланувчилар "Ота"ни тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги хизматлари учун олқишлаб, унга "абадий умр" тилашган.

Аммо шарҳлар орасида Ўзбекистондаги иқтисодий муаммолар, меҳнат муҳожирлиги ва маошларнинг камлиги сингари муаммоларга эътибор қаратилган салбий изоҳлар ҳам бор.

Айрим фойдаланувчилар табрикларнинг самимийлигини савол остига олишган ва бошқаларни "маддоҳлик"да айблаганлар.

Жумладан, улардан бири мана бундай деб ёзган: "Албатта, мақтайсан-да, бўлмаса 20 ёки 30 йилга қамаласан..."

Каримовнинг рақс тушаётгани акс этган сурат илова қилинган пост муаллифи мана бундай захарханда қилган:

"Терминаллар, пластик карточкадаги маошлар, конвертация, улкан ВВП (Ялпи ички маҳсулот-таҳр), паст даражадаги инфляция, ишсизликка қарши кураш, озод матбуот ва коррупцияга қарши самарали кураш учун раҳмат!. Туғилган кунингиз билан!".

<span >Расмий матбуот

Ҳукуматнинг етакчи нашри бўлмиш "Халқ сўзи" рўзномаси 30 январ сонидаги "Фаровон ҳаётдан мамнунлик саодати" номли мақоласида "Президент раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсон ва унинг манфаатлари эканини урғулаган.

Рўзноманинг шу кунги сонидан ўрин олган бошқа мақолаларда "Ўзбек модели" бошқа давлатлар учун ўрнак экани ва Ўзбекистонда "ҳеч кимдан кам бўлмаган демократик давлат барпо этилгани" урғуланади.

Давлат телеканаллари шу куни Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга бағишланган лавҳаларни намойиш этган.

Жумладан, "Таҳлил-25" деб номланган махсус кўрсатувда йирик темир йўл лойиҳаларига доир архив материаллари, Испаниянинг тезюрар поездлари ва Президентни улуғлаган фахрийлар билан суҳбатлар намойиш этилган.

Давлат телевидениесининг оқшом дастурида Президентнинг туғилган шаҳри Самарқандда амалга оширилган ўзгаришлар ва Самарқанд аҳли билан Каримовни улуғловчи суҳбатларни эфирга узатган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK
  • (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon