"Ўзбекнаво" лицензияни олиб тўғри қилади"

Image caption Хабарларга кўра, лицензияси олиниши ва ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг, хонанда Тамила Қозоғистонга кўчиб ўтишга қарор қилган.

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда "ўзбекона одоб-ахлоққа тўғри келмайдиган" видеоси тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган қўшиқчи Тамиланинг лицензияси тугатилган.

"Лицензиатлар Эсмеральда Рахматова (Тамила), Асқаржон Маликов (Замир) томонидан Лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар мунтазам равишда бузилганлиги сабабли, ушбу хонандалар номига берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорига асосан 2016 йил 1 февралдан тугатилганлиги, хонандалар Жасур Умиров, Дилфуза Исмоилова, Абдували Раджабов, Ойбек Алимов, Нигора Исмаилова ва Умида Ходжаевалар огоҳлантирилганлигини билдирамиз" дейилади,-"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси матбуот хизмати хабарида.

Шоу-бизнес янгиликларини ёритадиган Shov-shuv.uz сайти муҳаррири Жасур Ҳамроевнинг айтишича, "Ўзбекнаво" бу билан жуда тўғри йўл тутган. Шу орқали "босар-тусарини билмай қолган баъзи санъаткорларни" оз вақт бўлсада жиловлаш мумкин бўлади. "Улардан лицензияларини бутунлай олиб қўйиш билан ҳам ҳеч ким ҳеч нарса йўқотмайди", дейди журналист.

Айни пайтда Instagram, Facebook каби ижтимоий тармоқ саҳифаларида ўзбек шинавандалар санъаткорларнинг ахлоқ-одобини қизғин муҳокама қилишган.

Олдинроқ "миллий менталитетга мос келмаган" кийимлар кийгани учун лицензиясидан маҳрум қилинган хонанда Лола Тамилани ёқлаб фикр колдиргани баҳсларни кучайтирган.

Бундан ташқари "Даракчи" сайтида "Ўзбекнаво" томонидан огоҳлантириш олган Дилфуза Исмоилова интернетга чиқиб кетган ўғлининг тўйида қудаларига қилган изҳорлари видеоси ҳақида тушунтириш берган.

Жасур Ҳамроевнинг айтишича, турли мазмундаги сурат ва видеолари тарқалган баъзи санъаткорлар ўз вақтида "ақлларини йиғиб олиб" ундай ҳаракатларни бошқа қайтаришмаса, ижодларини қилиб юришибди.

Лекин унинг айтишича, "баъзи санъаткорларга "Ўзбекнаво" ҳам бас" келолмаяпти.

Лицензияси олиб қўйилган баъзи санъаткорлар ахлоқини тузатиш ўрнига, акс ҳаракатлар қилишда давом этаяпти, деб айтади Ҳамроев.

Лицензиясидан айрилган, муҳокамаларга сабаб бўлган қўшиқчилар ўз ҳуқуқларини ёқлаб, "Ўзбекнаво" устидан шикоят қилишлари мумкинми? Ёки "Ўзбекнаво" санъаткорлар устидан назорат қилувчи асосий цензор вазифасини ўтайдими?

Жасур Ҳамроевга кўра, бундай ҳолатлар, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган санъаткорлар учрамайди. "Чунки айб уларнинг ўзида. "Ўзбекнаво" қанча ҳаракат қилгани билан, санъаткорлар орасида олиб борилаётган ишлар етарли бўлмай қоляпти. Баъзи қўшиқчилар ўзини хон-кўланкасини майдон сезади. Кўпинча раҳбарларнинг ўзгариши ҳам олиб борилаётган ишлар сифатига таъсир қилмай қўймайди".

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEK Twitter -BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK(https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon