Ўктам Пардаевга Жиззахдан чиқиш тақиқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўктам Пардаев ҳуқуқ тартибот идораларининг чекловлари унинг ҳуқуқбонлик фаолиятини олиб боришга йўл қўймаслик мақсадида қилинаётганини айтади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлган Ўктам Пардаев ўзи яшаб турган жойдан бошқа ерга бориши Жиззах шаҳар ИИБ томонидан тақиқланган.

Бу ҳақда Азия Терра веб сайти хабар тарқатмоқда.

Айтилишича, биринчи февралда Ўктам Пардаев Жиззах шаҳар ИИБга чақирилган ва профилактика инспектори Тўлқин Дўсмуродов томонидан шаҳардан ташқарига чиқиши тақиқланган ҳамда кечки соат 10 дан кейин уйида бўлиши лозимлиги уқтирилган. Инспектор тартиб бузилган шароитда Пардаев ҳибсга олиниши ҳақида уни оғзаки огоҳлантирган. Ўктам Пардаев ўзидан "шартларга амал қилиш" тўғрисида тилхат ёзиб олинганини айтган.

Бироқ Ички Ишлар бошқармаси ходими Пардаевга ҳеч бир қонуний ҳужжат ёки ҳаракатланиш чеклангани тўғрисидаги суд қарорини тақдим этмаган.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани жиноий ишлар бўйича маҳкама қарорида ҳуқуқ фаоли ойда бир марта участка нозирига келиб учрашиши айтилган, бироқ ҳаракатланиши чегараланиши ҳақида билдирилмаган.

Ўктам Пардаевга кўра, энди қариндошларини кўргани боришга ҳам ИИБ раисинининг ёзма рухсатномасини олиши талаб қилиниши мумкин.

Ўз ўрнида тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов Ўзбекистон Бош Прокурори номига ариза ёзиб, ҳамкасби Ўктам Пардаевга нисбатан қўзғатилган жиноий ишга талуқли ҳужжатлар бекор қилинишини ва ушбу жиноий ишни очган ҳамда фаолни ноқонуний ҳибсда сақлашга масъул Дўстлик туман ИИБ раиси, туман ҳокими, прокурори ва терговчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини сўраган.

2015 йил ноябр ойида Ўктам Пардаев товламачилик, пора олиш ва ҳақорат қилганлик моддалари бўйича айбланиб, ҳибсга олинган. Ҳуқуқ фаоли ўзига қўйилган айбловларни касбий фаолияти туфайли эканини айтган, айбловларни бўйнига олмаган.

Ўктам Пардаев ҳибсдалигида бир қанча инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматидан фаолни озод қилишга чақиришган. Бундан ташқари Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган жуда оз сонли бошқа фаолларни таъқиб қилинишига чек қўйишни сўрашган.

Январ ойида ўтган маҳкамада Пардаев уч йиллик шартли қамоқ жазоси билан суд залидан озодликка чиқарилганди.

Айни пайтда Ўктам Пардаев ҳуқуқ тартибот идораларининг чекловлари унинг ҳуқуқбонлик фаолиятини олиб боришга йўл қўймаслик мақсадида қилинаётганини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ