Эрдўғон: "Россия Сурияни бомбалашни тўхтатсин!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонга кўра, Россия ҳаво ҳужумлари давом этар экан, Суриядаги вазият борасидаги тинчлик музокаралари ўтказишдан маъни йўқ.

"Россия Суриядаги инсонларни ўлдиришда давом этяпти. Тинчлик йиғини ҳақида, тинчлик музокаралари ҳақида гапириш мумкинми?",- деб айтган жаноб Эрдўғон.

Олдинроқ БМТ нинг Сурия инқирози бўйича махсус элчиси Стаффан де Мистура Сурия бўйича музокараларда 25 февралгача танаффус эълон қилиб, қатнашчилар бу масалада яна ишлашлари лозимлигини таклиф қилган эди.

Бироқ, Эрдўғоннинг сўзлари бўйича, томонлар феврал охиригача бир қарорга келишларига ишониш қийин. Музокаралар яна сурилиши эҳтимоли катта.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги Сурия бўйича музокараларнинг тўхтатилишида Сурия мухолифатини масъул деб атаб, Эр-Риёддан келган ҳайъатни музокаралар жараёнини барбод қилишда айблаган.

АҚШ эса ўз навбатида, музокараларнинг кўчирилиши айнан Россия ҳукуматининг Суриядаги ҳаракатлари туфайли деб билади.

Москва Россия ҳаво ҳужумлари Сурия инқирозини чуқурлаштираётгани ҳақидаги айбловларни бир неча бор рад қилган.

Сурия ҳукумати таклифига биноан Россия ўтган йил кузидан бошлаб Исломий давлат жангарилари манзилларини ҳаводан нишонга олишни бошлаган.

Башар Ассад кучларига қарши курашаётган Сурия мухолифати эса Россиянинг ҳаво ҳужумлари ИДга эмас, кўпроқ ўзларига қаратилганини, натижада кўплаб тинч фуқаролар ҳам ҳалок бўлаётганини айтади.

Россия ҳарбий самолёти ноябр ойида Сурия-Туркия чегарасида Туркия қирувчи учоғи томонидан уриб туширилиши ортидан икки мамлакат орасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Туркия Россияни мамлакати ҳаво ҳудудини бузиб кирганликда айблайди. Россия буни инкор қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Президент Путин Су-24нинг уриб туширилишини Туркия томонидан "орқадан пичоқ уриш" деб атаганди.

Россия шундан сўнг Туркияга нисбатан санкциялар жорий этди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кириш тақиқланди.

Шунингдек, Чоршанба куни Туркия россиялик журналистларга виза жорий қилинишини билдирди.

Бундан ташқари, Россия Миллий тадқиқот ядро университетида таҳсил олаётган туркиялик уч талаба "хавфсизлик талабларига жавоб бермагани" учун ФСБ қарори бўйича ўқишдан ҳайдалган. Бу ҳақда инсон ҳақлари бўйича президент кенгаши сайти хабар бермоқда.

Бундан олдин Россия Маориф вазирлиги икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар туркиялик талабаларнинг мамлакатда таълим олишига таъсир қилмаслигини айтганди.

Россия Бош прокуратурасига кўра, яна тўққиз турк талаба "шартнома талабларини бузгани учун" ўқишдан четлатилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEK Twitter -BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK(https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ