Муносабат:"Бағрикенг бўлайлик!"

Image caption "Қоралаш лозим бўлса, шуни овоза қилганларни, мириқиб томоша қилаётганларни қоралаш лозим".

Бир дўстим Тамилла деган хонанда қизнинг бир сабаб билан нохуш аҳволга тушиб қолгани ва шу сабабли уни лицензиядан маҳрум этишгани, бировлар хонандани ёқлаётгани, бировлар беадаблик қилди деб қоралаётганини айтиб, мендан муносабат сўради.

Муносабатим шундай. Биз бўламизми, сиз бўласизми, Тамилла бўладими, ҳаммамиз бу дунёда ожиз бандамиз. Ҳаёт инсонни шундай кўйларга соладики, у гоҳо истамаган, кутмаган ҳолда ножўя гапни гапириб, ножўя бир иш қилиб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолади. Буни тушиниш керак. Шафқат-мурувват мақомида иш тутиш керак. Чақириб, панд-насиҳат қилиш даркор. Унинг бошига дарҳол қилич кўтариш инсофдан эмас. Қоралаш лозим бўлса, шуни овоза қилганларни, мириқиб томоша қилаётганларни қоралаш лозим. Бу – қабиҳлик, пасткашлик! Нормал жамиятда бу каби ғийбат-ифтиролардан ҳазар қилишади.

Истеъдод – милиондан биттаси демак. Истеъдод – халқ бойлиги. Асраб-авайлаш лозим. Қаранг, кеча Дилнура бор эди, бугун йўқ. Ўрни бўм-бўш... Озода Нурсаидованинг қўшиқларини роҳат қилиб эшитганман. Ажойиб овози бор. Ҳақиқий санъаткор. Шу қизни ҳам бир нохуш ҳолат туфайли лицензиядан маҳрум этишганини эшитиб, жуда ачиндим... Ахир, ўша мутасаддий идораларда кенг бағирли, назари баланд, санъаткорни тушунадиган, санъаткорни аяш керак, деган қарашга эга бўлган раҳбарлар наҳотки топилмаса? Хонандани чақириб, жоним қизим, шу ишингиз яхши бўлмабти, бундан кейин эҳтиёт бўлинг, халқ назаридасиз, қабилида танбиҳ бериб, насиҳат айтиб, тўғри йўлга солинса, яхши эмасмиди? Бундан халққа ҳам, хонандага ҳам, ўша идорада ўтирганларга ҳам фойда эди-ку!

Мен ҳайрон қоламан, Шерали Жўраев кимнинг арпасини хом ўрибти-ки, шунча йиллардан бери уни саҳнага чиқаришмайди? Бу дунёда санъаткорни саҳнадан, ёзувчини китобдан маҳрум этиш гуноҳи азим эканлигини қачон ўйлаб кўришаркин?

Кейинги йилларда маданий савиямиз жуда тушиб кетди. Бойиш-бойиқиш ҳирси, балойи нафс юраклардан андиша, раҳму шафқат, инсоний маърифатни қувиб чиқарди. Бир-биримизни аямайдиган, бир-биримиздан айб излайдиган ва дарҳол ҳукм чиқаришга ҳам ҳозиру нозир бўлиб қолдик.

Менингча, ҳамма иллат ана шунда.

Жамол Камол,

Ўзбекистон халқ шоири

04.02.2016

Тошкент

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ