Бош вазир Мирзиёев, дарахтларни кесишни тўхтатинг!

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Тошкентдаги чинорларни ваҳшийларча кесилишига қарши ташкил этилган онлайн-петиция ортидан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номига мактуб тақдим этилган.

Бу ҳақда атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган sreda.uz веб-сайтининг асосчиси, ўзбекистонлик кекса журналист Наталья Шулепина хабар қилган.

Шулепина хоним маълум қилишича, дарахтлар кесилишини тўхтатишда Бош вазир Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўралган расмий мактубга 46 инсон имзо чеккан.

Бу мактуб 8 феврал куни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Бош вазир Мирзиёевга йўлланган мактуб матни sreda.uz веб-сайтида эълон қилинган.

Ўзбекистон бош вазиридан чора кўриш сўралган хатда дарахтларнинг гўёки зараркунандалар томонидан шикастлангани, қулаб тушиш хавфи борлиги ҳақидаги расмийлар келтираётган важлари асосга эга эмаслиги айтилган.

2009 йили ҳам Амир Темур хиёбонидаги дарахтларни қуртлар кемиргани сабабли кесиб ташлашга қарор қилингани, аслида бутун хиёбондаги атиги бир-икки дарахт зараркунандалардан жабр кўргани маълум бўлгани айтилган.

Амир Темур хиёбонидаги кесилган дарахтлар тартиб билан юк автомобилларига ортилгани ва мебел ясаш цехларига олиб кетилгани ёзилган мактубда Ўзбекистонда чинор ва бошқа бақувват дарахтлардан мебел ясаш бизнеси ривожланиб кетаётгани хабар қилинган.

Google Интернет қидирув тизими орқали рекламалар қидирилганда ҳам мебел бизнеси кўп йиллик дарахтларнинг кесиб юборилаётганидан "гуркираб кетаётгани" айтилган.

2016 йил бошидан тошкентлик тўраларнинг жамоатчиликка бирор бир тушунтириш бермасдан яна улкан чинорларни кесишга киришганлари тошкентликлар ва хориждагиларнинг норозиликларига сабаб бўлди.

25 январ кунидан чинорларнинг ваҳшийларча кесилишини тўхтатишни талаб қилиб онлайн-петиция бошланди.

8 феврал кунигача петицияга қарийб 3600 киши имзо чеккан.

Онлайн-петиция Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов, Ўзбекистон Экологик ҳаракати раҳбари, парламент қуйи палатасининг Экология ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Борий Алихоновга йўлланган.

"Ҳозир Ўзбекистонда ҳамма жойда чинорларни кесиб ташламоқдалар. Чинор ўрнини бошқа бирор дарахат босолмайди. Осиё чинорининг баландлиги 35-40 метрга етади, кенг танаси соя беради ва жазирама ҳамда қуёш радиациясидан ҳимоя қилади. Юзлаб йил яшайди. Танасига зараркунандаларнинг тиши ўтмайди. Суғориш талаб қилинмайди. Ҳозирга келиб Тошкент яланғоч бўлиб қолди, шаҳар асфальт-бетон саҳрога ўхшаб бораяпти. Чинорлар ўрнига арча ёки импорт ўсимликлаор экишмоқда, улар эса кўп сувни талаб қилади ва соя бермайди. Тошкент чинорларини ваҳшийларча кесишни тўхтатишни талаб қиламиз", дейилади онлайн мурожаатда.

Тошкентликларнинг айтишларича, ободонлаштириш важи билан деярли бутун шаҳарда дарахтлар кесилаётганини кўриш мумкин.

23 январдан эса Мустақиллик проспектининг "Буюк ипак йўли" метросидан Мудофаа вазирлигигача бўлган қисмида чинорларни қўпориш бошланган.

Орол денгизини қуритишга тенг жиноят

Интернетда улкан дарахтлар кесилаётганидан ғазабланган муштарийлар ўзбекистонлик амалдорларга бу амаллари Орол денгизини қуритилишига олиб келган сиёсатга тенг жиноят эканини эслатмоқдалар.

2009 йили Тошкентдаги Амир Темур хиёбонидаги 100 йилдан кекса улкан дарахтларни таг-томири билан қўпориб ташлаганлари жуда кўпчиликни ғазаблантирган, аммо бирор бир мантиқли изоҳ берилмасдан Тошкент маркази яйдоқ саҳрога айлантирилганди.

Дарахтлар фақат янги қурилган Форумлар саройининг ҳайбатини кўз-кўз қилиш учун қўпорилди, деган фикрлар билдирилди.

Интернет муҳокамаларида улкан дарахтларнинг кесилиши Президент Ислом Каримовнинг улар ортида қўлидаги қуроли билан яшириниши мумкин бўлган террорчилардан ҳадиги билан боғлиқ деган тахминлар ҳам айтилди.

Бугун ўзбекистонликлар билан гаплашсангиз, бу амаллар улкан дарахтларни Хитойга ёғоч қилиб сотишдан фойда кўраётган "мафия"нинг иши экани ҳақидаги гапларни ҳам эшитиш мумкин.

Шунингдек, "энг юқори"дагиларни бутун республика бўйлаб дарахтларни кестиришга кўндирган Ўзбекистондаги мебел ширкатларининг "қўл"ини кўраётганлар ҳам йўқ эмас.

Катта дарахтларни кесилишидан четдан қиммат баҳода игнабаргли дарахт олиб келиш билан шуғулланаётган ширкатлар манфаатдор, деган тахминлар билдирилганига ҳам анча бўлди.

Аммо дарахтлар кесилишидан ғазабга келиб мақола ёзган Ўзбекистондаги Uzmetronom веб-сайти муҳаррири Сергей Ежков айтишича, Ўзбекистон шароитида бу даъволардан қайси бири ҳақиқат эканини исботлашнинг имкони йўқ.

"Бу дарахтларни ким мамлакатга олиб кираяпти? Дарахт олиб кираётган фирмалар ортида ким турипти? Бу ҳақдаги ахборот ёпиқ ҳисобланади. Ўзбекистон ёпиқ давлат, бирор бир ташкилотда сизнинг қўлингизга бу ишларга тааллуқли ҳужжатларни беришмайди. Бу ҳужжатлар асосида сиз бу ширкатлар ортида кимлар турганини аниқлашингиз мумкин. Лекин бу ҳужжатлар қўлингизда бўлмагани учун ҳеч нарсани исботлолмайсиз", деди Би-би-си билан суҳбатда Сергей Ежков.

Сергей Ежков айтишича, халқ билан ҳисоблашишни ўзига эп кўрмайдиган амалдорлар бу жиноятлари учун жавобгарликка тортилмасликларига ишонадилар ва шунинг учун ҳам бу ўзбошимчаликларини давом эттирмоқдалар.

Ҳозирги пайтда республиканинг деярли барча шаҳар ва туманлари марказлари "асфальт-бетон саҳро"ларга айлантирилган ва Ўзбекистондаги вазиятни яхши биладиган кузатувчилар фикрича, ободонлаштириш маҳаллий тўралар учун давлат бюджетидан мўмай пулларни талон-тарож қилишнинг энг қулай ва осон йўлидир.

Аҳоли норозилиги расмийларни айрим тушунтиришлар беришга ундаган, бу тушунтиришларда гўё чинор Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслигини исботлашга ҳаракат қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ