Ўзбекистондан келаётган ток ҳануз тикланмади

Қўшни афғонистонлик масъулларга кўра, орадан қарийб икки ҳафта ўтиб ҳам, Ўзбекистондан келувчи ва толиблар портлатиб юборган асосий электр тармоғини таъмирлашнинг уддасидан чиқишмаган.

Бунинг натижасида, пойтахт Кобул ва Афғонистоннинг бир қатор вилоятлари деярли электр таъминотисиз қолишмоқда.

Маҳаллий масъулларга кўра, Афғонистоннинг Ўзбекистондан келувчи электр тармоғи ўтадиган шимолий-шарқий Бағлон вилоятидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият бунга имкон бермаган.

Уларнинг айтишларича, электр тармоғи портлатиб юборилган кундан буён юзлаб толибларга қарши вилоятнинг Данди Ғўрий туманида олиб бораётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари, ҳозирча, бирор бир иш бермаган.

Орада камида юз нафар толибни ўлдиришга муваффақ бўлишган эса-да, туманни жангарилардан тозалашга ҳануз имконли бўлишмаган.

Бағлон вилоятилик масъулларга кўра, ҳарбий амалиётларнинг бу каби тус олиши ўзларининг толиблар Ўзбекистондан келувчи электр тармоғини портлатиб юборган Данди Шаҳобиддин минтақасига ўтишларига изн бермаган.

Бунинг натижасида миллионлаб афғонлар, қарийб, икки ҳафтадан буён электр токисиз қолишган.

Электр таъминотининг йўқлиги боис, қатор корхона ва фабрикалар фаолиятдан тўхтаган.

Мавжуд ҳолат маҳаллий савдо-сотиққа ҳам таъсир қилган, бозорларда ёқилғи маҳсулотларининг нархлари ҳам кўтарилиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ночор аҳволда қолган аҳоли туман хавфсизлигини таъминлаб, электр таъминотини қайта йўлга қўя олмагани учун афғон ҳукуматини танқид қилишга ҳам тушишган.

Афғонистонлик давлат масъулларига кўра, шу пайтгача фақат генераторлар ёрдамида пойтахт Кобулнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 30 фоизини қондиришга муваффақ бўлишнинг уддасидан чиқишмоқда, холос.

“Брешна” Афғонистон Давлат Энергия ширкати вакилларининг Би-би-сига маълум қилишларича, тармоқнинг портлатилиши сабаб, Ўзбекистондан келаётган 280 мегаватт электр энергияси кесилиб қолган.

Ҳаммасига сабаб...

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, воқеаларнинг бу каби тус олишига, аслида, афғон ҳукумати томонидан Бағлон вилоятининг толиблар жуда фаол бўлган Данди Ғўрий туманида йўлга қўйган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари сабаб бўлган.

Мухбиримизга кўра, айнан ушбу амалиётлар бошланган бир кунда унга жавобан Толибон жангарилари Ўзбекистондан келаётган электр тармоғини портлатиб юборишган.

Бағлон қўшни Афғонистоннинг энг беқарор ва сўнгги йилларда толиблар ҳамда бошқа хорижий жангарилар жиддий фаоллашишга муваффақ бўлган шимолий-шарқий вилоятларидан бири саналади.

Мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг сўзларидан маълум бўлишича, Данди Ғўрий туманидаги йирик ҳарбий амалиётларга ҳам туманнинг қарийб уч йилдан буён толиблар тасарруфи остида қолаётгани сабаб бўлган.

Орада Афғонистон парламенти аъзоларининг кескин норозиликларига қарамай, маҳаллий қавм оқсоқоллари афғон ҳукуматининг розилиги билан толиблар билан муайян муддат оташкесимга эришишга ҳам муваффақ бўлишган.

Ўтган ой охирида туманда йўлга қўйилган йирик ҳарбий амалиётга эса, Толибон томонидан ана шу оташкесим шартларининг бузилиши сабаб бўлган.

Данди Ғўрийга Афғонистон Қуролли кучларининг юзлаб аъзолари ва ҳаводан ҳам мадад кучлари ташланган.

Имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, Данди Ғўрийдаги толибларнинг сони беш юздан ортади ва уларнинг орасида қўшни покистонлик ва миллати араб бўлган жангарилар ҳам йўқ эмас.

Бағлондан олинган энг сўнгги хабарлардан аён бўлишича эса, сўнгги кунларга келиб, тумандаги ҳарбий амалиётларга Афғонистон Мудофаа вазири муовинининг шахсан ўзи бош-қош бўлишга ўтган.

Аммо, вилоят масъулларининг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишларича, Данди Ғўрий аҳолисининг асосан толибларга анчайин мойил пуштунлардан иборат экани ва туманнинг тўрт томондан тоғлар билан ўралгани ўзларини анчайин мушкул аҳволда қолдирган.

Уларга кўра, устига устак, туманли об-ҳаво ҳам жангариларга қўл келиш баробарида, ўзларига панд бераётган бошқа бир омилга айланган.

Мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, Бағлоннинг Данди Ғўрийдан бошқа ўндан ортиқ туманларида ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазият анчайин издан чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NPP

Олиб борилаётган кенг кўламли ҳарбий амалиётларга қарамасдан, шу кеча-кундузда бир гуруҳ толиблар Бағлон вилояти маркази Пули-Хумрига ҳам кириб боришга муваффақ бўлишган.

Электр таъминоти

Бағлон вилоятидан Ўзбекистондан ташқари, яна қўшни Тожикистондан келувчи электр тармоғи ҳам ўтади.

Маҳаллий масъуллар ўзларининг ҳам тан олишларича, бир томондан толибларнинг фаоллиги, бошқа тарафдан, тоғли ва дала-даштли ҳудудлардан ўтгани боис, Афғонистондаги электр таъминоти учун қанчалик муҳим бўлмасин, бу икки тармоқ хавфсизлигини таъминлашга имконсизлар.

Ўзбекистондан келувчи электр тармоғи эса, шу йилнинг 27 январ куни толиблар томонидан портлатиб юборилганди.

Ушбу хабар Ўзбекистондаги қатор интернет нашрларининг эътиборидан ҳам четда қолмаган, аммо бу каби чиқишларда расмий Тошкентнинг бу борадаги муносабати кўзга ташланмайди.

Имконли бўлган айрим маълумотларга кўра, бир неча ўн йиллик урушлардан энди-энди оёққа тураётган Афғонистон жорий пайтда 1300 мегаваттга яқин электр энергияси истеъмол қилади.

Унинг 80 фоизга яқинини ўзига бевосита чегарадош тўрт минтақа давлати – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан олади.

Шунинг 30 фоиздан ортиқроғи Ўзбекистоннинг ҳиссасига тўғри келиши айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BRISHNA

Айрим хабарларга кўра, четдан харид қилаётган бир киловатт электр энергияси Афғонистон томонига 8 сентга тушади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, жаҳон бозоридаги нарх-наволар билан қиёсланганда, бу анчайин қиммат ҳақ ҳисобланади.

Афғон ҳукумати аввалроқ жорий йилда Ўзбекистондан янада кўпроқ электр энергияси сотиб олиш истагида эканини баён қилганди.

Ўзбекистоннинг қулай жўғрофий жойлашуви ва энергия захиралари бутун дунё диққатини тортиб турган Афғонистон иқтисодини тиклашда муҳим рол ўйнаши мумкинлиги таъкидланади.

Ўз навбатида, бундан Ўзбекистонннинг ўзи ҳам катта манфаатдордир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга ташриф буюрган юқори мартабали АҚШ мулозимлари ҳам буни қайта-қайта такрорлашган.

Улардан бири Афғонистон пойтахти "Кобулда ёниб турган чироқлар учун Ўзбекистондан миннатдормиз" дея таъкидлаганди.

Ўзбекистон орада Марказий Осиё ягона энергия тизимидан чиқиш учун Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятини бошқа ҳудудлар билан туташтирувчи ва Тожикистонни четлаб ўтувчи янги тизимни ишга туширгани хабар берилганди.

Айрим кузатувчилар эса, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси ва қурилиш маҳсулотлари етказиб бериш, товарлар учун қулай транзити йўлини ўташда муҳим ўрин тутса-да, айнан электр токи, нефть ва газ масаласида мамлакатнинг ўзида тақчиллик борлигини алоҳида таъкидлашни унутишмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBCUZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTubeBBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ