Эзгулик: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тугамаган

Қўшма Штатлар Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат соҳасида ўзгаришларни ошириб кўрсатиб, жараённи кузатган фаолларга босим ўтказишга имкон бермоқда, дейди "Эзгулик" жамияти.

Тошкент билан алоқаларини яхшилаш ҳаракатида АҚШ Давлат Департаменти Одам савдоси бўйича 2015 йиллик ҳисоботда Ўзбекистонга талуқли натижаларни юмшатиб кўрсатган.

Ўтган йил июн ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, таҳлилчилар пахта терими мавсумида мажбурий меҳнат доимий тарзда давом этганини айтганлар.

Шу ҳафта маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратленга иқтибосан ёзишича, Ўзбекистонда пахтачилик соҳасида ижобий ўзгаришлар юз берган.

"Эзгулик" жамиятига биноан, бу каби изоҳлар "мажбурий меҳнат жараёнини бевосита бориб кўрган ўзбек фаолларини ёлғончига ва мониторинг натижаларини ёлғонга чиқаради".

"АҚШнинг ижобий тасдиқлаши кам сондаги ўзбек фаолларини расмийлар олдида туҳматчи қилиб қўяди".

АҚШ элчихонасидан бу борада тезда муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, Тошкент давлат томонидан бошқариладиган пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнат борлигини яширади.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда бешинчи давлат ҳисобланади.

Фаоллар кузатувлари давомида ўзларига доимий босимлар, таҳдидлар ва ҳибсга олишлар бўлишини айтишади.

Исломий жангариларнинг тарқалиши, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва Россиянинг минтақадаги таъсирини камайтириш мақсадларини кўзлаган Вашингтон Марказий Осиёда аҳоли энг зич жойлашган Ўзбекистон билан яқинлашишга интилади.

"Сохта хулосалар"

Бундан олдин ҳам "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари гуруҳи БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Жаҳон Банкининг "Ўзбекистонга келадиган иккиюзламачи делегациялари" билан ҳар қандай мулоқот ва учрашувлардан воз кечишини айтган эди.

Айни ташкилотлар Ўзбекистондаги аҳвол борасида нотўғри хабарларни тарқатганлар, дейилган ташкилот чиқарган баёнотларда.

"Эзгулик" жамияти Ўзбекистонда болалар меҳнати мавжуд эмас, деган сохта хулосаларни жаҳон ҳамжамиятига ҳавола этган Жаҳон Банки ва БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилотига бойкот эълон қилади" - дейди жамият ўз баёнотида.

Унга кўра, Ўзбекистондаги аҳволни ўрганишга келган мазкур халқаро ташкилотларнинг вакиллари мамлакатдаги вазиятни яқиндан кузатиб келадиган "Эзгулик" билан учрашмасдан, аксинча, "Ўзбекистон ҳукуматининг ноғорасига ўйнаб, мамлакатда бола меҳнати эксплуатацияси ҳолларига кўз юмди".

"Мамлакатимизнинг Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида болалар меҳнатидан фойдаланиш, уларни пахта йиғим-теримига жалб этиш ҳоллари учради" - дея келтиради т "Эзгулик" ўз кузатувларига асосланиб.

ХМТ (Халқаро Меҳнат Ташкилоти) вакиллари Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатда бола меҳнатидан деярли фойдаланилмаётганини айтиб, ўз ўрнида, "катталарнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганидан" ташвиш билдиришганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon