#BoburDay ҳаштеги трендга олиб чиқилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

14 февралда буюк Ўзбек шоири ва давлат арбоби, бобурийлар салтанатининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллиги нишонланди.

Ўзбекистонлик Твиттер фойдаланувчилари шу муносабат билан ўтган ҳафта #Navoiy575 ва #Boburday ҳештегларини трендга чиқариш ҳаракатини бошлаган эдилар.

9 феврал куни улуғ Ўзбек шоири, мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Ҳазрат Алишер Навоийнинг таваллудига 575 йил тўлди.

14 февралда Twitter ижтимоий тармоғида ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг #BoburDay ҳештегини жаҳон трендига олиб чиқиш ҳаракати санъаткорлар томонидан ҳам қувватланган.

Ижтимоий тармоқларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур суратини ва ижодидан намуналар ёзилган қоғозларни кўтариб турган қўшиқчи ва актёрларнинг суратлари чоп этилган. Бобур суратлари акс эттирилган юрак кўринишидаги откриткалар ҳам пайдо бўлган.

Интернет фойдаланувчилар #BoburDay ёзуви (ҳештеги)ни ишлатган ҳолда пост қолдириб, ушбу ҳаракатда иштирок этишлари ва буюк шоирга ўз ҳурматлари бажо келтиришлари мумкин.

Шунингдек, бу каби акциялар ёшларни миллийликка, мумтоз ўзбек шоир-ёзувчиларнинг ижодига эътибор ва муҳаббатни пайдо қилиши айтилиб, ҳаракатни олқишлаган ўнлаб изоҳлар ёзиб қолдирилган.

Айни вақтда, танқидий изоҳлар ҳам йўқ эмас. Эстрада қўшиқчилари ва таниқли актёрларнинг Бобур суратини кўтариб туришларига муносабат билдирганлар: "шоирнинг фақат суратини эмас, ижодини ҳам билсалар яхши бўларди", деган фикрларни айтишган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан хонанда Лола Тошкент кўчаларида #BoburDay ҳештегини реклама қилган.

Бир неча йил олдин хонанда Райҳоннинг 14 февралда бошланиши урфга кирган "Истиқлол" саройидаги концертлари "Севишганлар куни" ёки "Авлиё Валентин"га атаб келинган.

Сўнгра Ўзбекистонда Авлиё Валентин куни эмас, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг туғилган куни байрам қилиниши кераклиги ҳақидаги баҳслар 14 февралда Истиқлол санъат саройида Бобурийхонлик ғазал ва мақом кечалари ташкил қилинишига сабаб бўлганди.

Бугун Фейсбук саҳифаларида ҳам фойдаланувчилар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодидан намуналар чоп қилиб, фикрларини билдириб, байрамни ўзига хос нишонлашмоқда.

Ўзбекистондаги Kun.uz веб-сайти ёзишича, ўзбекистонликлар бунгача 3 марта – 2012 йили Ўзбекистон мустақиллигининг 21 йиллиги арафасида #uzb21, 2013 йили мустақилликнинг 22 йиллиги арафасида #uzb22, 2015 йили эса ФИФА футбол ҳаками Равшан Эрматовга бағишланган #IrmatovBest ҳештегларини жаҳон тренди даражасига кўтаришга муваффақ бўлганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon